Ҳокимнинг эътиборсизлиги учун Рейимбоев нега жарима тўлаши керак?

0

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ Тахиатош туман, “Кенегес” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Б.Рейимбоевнинг яшаб турган уйи учун 2 та қарор чиқарилганидан норози бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигига йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, тумандаги “Кенегес” овул фуқаролар йиғини томонидан 2001 йилда “Фуқароларнинг қуриб битказган тураржойларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича тузилган АКТларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилиниб, унга асосан, Б.Рейимбоевнинг тураржойи фойдаланишга қабул қилинган.

Шунингдек, 2001 йил Хўжайли тумани ҳокимининг “Хўжайли тумани ҳудудидаги фуқароларнинг ўз кучи билан қуриб битказган тураржойларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича “Кенегес” ОФЙ оқсоқолининг қарорини ва ҳудудидаги қурилиши якунланган тураржойларнинг АКТ­ларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, лекин мазкур қарорлар Б.Реймбоевга берилмаган.

Шу сабабли, Б.Рейимбоев Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сон қарорига асосан тураржойи­га нисбатан ўз мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 2019 йилда Тахиатош туман Давлат хизматлари маркази орқали туман ҳокими номига мурожаат қилган.

Унинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал қилиниб, тураржойга мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича 2019 йил 13 мартда “Фуқаро Б.Рейимбоевнинг ўзбошимчалик билан қурган тураржойига нисбатан мулк ҳуқуқини белгилаш ва ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисида” Тахиатош туман ҳокими қарори қабул қилинган.

Аммо ҳокимнинг мазкур қарорни қабул қилишида Б.Рейим­боевнинг тураржойи ўзбошимчалик билан ёки рухсатномасиз қурилмаганлигига эътибор қаратилмаган.

Шунга асосан, вазирлик томонидан Тахиатош туман ҳокимининг ушбу қарорини ноқонуний, деб топиш тўғрисида Хўжайли туман маъмурий судига шикоят аризаси киритилди ва суд томонидан туман ҳокимининг мазкур қарори ноқонуний, деб топилиб, фуқаро Б.Рейимбоев томонидан тўланган энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдордаги бир марталик йиғим пули қайтариб берилди.