ЯнгиликларМаҳаллийЎқувчиларни бошқа мактабга ўтказиш тартибини биласизми?

Ўқувчиларни бошқа мактабга ўтказиш тартибини биласизми?

Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан, синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.
Мазкур Низом жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ўқувчиларни синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Мактаб ўқувчиларини синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш масалалари умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи шахсларнинг таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш бепул амалга оширилади.
Ота-оналар ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида ёки у тугаганидан сўнг фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш ҳуқуқига эга. Ота-оналар фарзандини бир мактабдан бошқасига ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда ўқувчи таълим олаётган мактаб директори номига ариза билан мурожаат қилади.
Ариза мактаб директори томонидан бир иш куни ичида кўриб чиқилади ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга тақдим этиш мактабдан кетиш талони берилади.
Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори ариза ва мактабдан кетиш талонини қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ота-оналарга ўқувчи таълим олаётган мактабга тақдим этиш учун мактабга келиш талонини беради.
Ўқувчи таълим олаётган мактаб директори мактабга келиш талонини қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафидан чиқариш тўғрисида буйруқ қабул қилади. Мактаб директори мазкур буйруқ билан ота-оналарни таништирганлиги тўғрисида имзо қўйдириб, уларга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади ва ҳужжатлар берилганлиги тўғрисида тилхат олади:
ўқувчининг мактаб ўқувчилари сафидан чиқарилганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма;
ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели;
ўқувчининг тиббий картаси.
Ота-оналарнинг ҳужжатларни олганлиги ҳақидаги тилхати, келиш талони ва ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директорининг ўқувчининг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруғидан кўчирма ўқувчининг мактабда сақланадиган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.
Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори бошқа мактабдан ўтказилаётган ўқувчининг ўқув жараёнларидан четда қолиб кетмаслигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши шарт.
Ўқишни давом эттириш учун танланган мактаб директори белгиланган ҳужжатларни қабул қилиб олгач, шу куннинг ўзида ўқувчини мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.
Мактаб директори мазкур буйруқдан кўчирмани бир иш куни ичида ўқувчи илгари таълим олган мактабга маълумот учун юборади.
Ўқувчини ўқувчилар сафидан чиқариш тўғрисида ёки мактаб ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилгач, уч кун муддатда синф журнали ва ўқувчилар ҳаракати дафтарига тегишли ёзув киритилади.
Ўқишни давом эттириш учун танланган мактабга ўтказилган ўқувчи ўн кун ичида сабабсиз ёки мактаб раҳбарияти ва синф раҳбарини хабардор қилмасдан дарс машғулотларига келмаса, мактаб директори бу ҳақда ота-оналарни, ўқувчининг яшаш жойидаги Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясини ҳамда ўқувчи илгари таълим олган мактаб директорини ёзма равишда огоҳлантиради ва бир вақтнинг ўзида ўқувчининг дарсларга келмаганлиги сабабларини аниқлаш ва уни дарс машғулотларига жалб этиш чораларини кўради.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img