Олий суднинг фуқаролар қабули масаласи юзасидан расмий баёнот

0

Олий суд ахборот хизмати хабарига кўра, мамлакатимиз ҳудудида карантин чоралари кучайтирилган кезларда Олий суд Раёсатининг 2020 йил 20 мартдаги РС-13-20-сонли “Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида”ги Қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси судларида фуқароларнинг шахсий қабули, шу жумладан, Олий суд раиси ва раис ўринбосарлари қабули махсус буйруқ чиққунга қадар тўхтатиб турилган. Айнан карантин чоралари кучайтирилган кезларда шикоят ҳамда аризалар судларга фақат электрон шаклда info@supcourt.uz почта манзили орқали қабул қилинди ва уларнинг амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилиши таъминланди.

Ўз навбатида, судларга электрон мурожаатлар, шунингдек, Олий суд раҳбарияти қабулига электрон рўйхатдан ўтиш Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлари портали my.sud.uz орқали ҳам амалга оширилганини қайд этиш жоиз.

Бинобарин, Олий суд раҳбарияти томонидан фуқароларнинг қабули мутлақо амалга оширилмади, деган иддаолар асоссиз эканини қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди.

2020 йил мобайнида Олий суд раҳбарияти томонидан жами 5 896 нафар фуқаро қабул қилинган. Уларнинг 1 876 нафари бевосита Олий судда, 3846 нафари сайёр қабулларда, 174 нафари видеоконференцалоқа тизими ёрдамида қабул қилинган.

Шунингдек, 2020 йил мобайнида Олий суд раиси томонидан 341 нафар (бевосита Олий судда 254 нафар, видеоконференцалоқа тизими орқали эса 87 нафар) фуқаро қабул қилинган.

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Р. Маҳмудова томонидан 2020 йил мобайнида 428 нафар (бевосита Олий судда 28, сайёр қабулларда 392 нафар, видеоконференцалоқа тизими орқали 8 нафар) фуқаро қабул қилинган.

Олий суд раисининг ўринбосари И. Муслимов томонидан 1 472 нафар (бевосита Олий судда 685, сайёр қабулларда 775 нафар, видеоконференцалоқа тизими орқали 12 нафар) фуқаро қабул қилинганини айтиб ўтишимиз муҳимдир.

Олий суд раисининг ўринбосари Б. Исаков томонидан эса 2 416 нафар (бевосита Олий судда 113, сайёр қабулларда 2 303 нафар) фуқаро қабул қилинган.

Шунингдек, 2020 йил 4-чорагида Олий суд қабулхонасига ташриф буюрган 631 нафар фуқаронинг ариза ва шикоятлари қабул қилиб олинган ва ушбу мурожаатларнинг қонуний ҳал этилиши таъминланган.

Кези келганда Олий суд раҳбарияти қабулига кириш тартиби хусусида ҳам алоҳида тўхталмоқчимиз. Мазкур тартибга асосан, шунингдек, ҳар бир судья мустақил эканлиги нуқтаи назаридан холисликни таъминлаш мақсадида Олий суд раисининг қабулига раис ўринбосарининг қабулидан кейин (раис ўринбосарининг жавоб хатидан норози бўлган тақдирда) ўринбосарлар қабулига тегишли судлов хайъатлари томонидан чиқарилган қарордан норози бўлган фуқароларнинг киришлари белгиланган. Ушбу тартибдан бехабар айрим фуқаролар ўртасида баъзан тушунмовчиликлар юзага келиши табиий, албатта. Бундай норозиликларни ижтимоий тармоқларда зудлик билан тарқатиб юбориш орқали кенг жамоатчилик ўртасида судларга нисбатан салбий фикрлар юзага келаётганидан ҳам кўз юмолмаймиз.

Пандемия муносабати билан Олий суд раҳбарияти томонидан фуқаролар қабулини тўлақонли амалга ошириш имконияти бўлмаганлиги, ўз навбатида, айни шу мураккаб вазият сабабли баъзи фуқароларга судга мурожаат қилиши учун ноқулай вазият юзага келганлигини инкор эта олмаймиз.

Бугунги кунда Олий суд раҳбарияти, умуман айтганда, судларда фуқароларнинг қабули белгиланган тартибда ва карантин қоидаларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда.