ЯнгиликларМаҳаллийОлий таълим муассасаларининг академик мустақиллиги кенгайтирилди

Олий таълим муассасаларининг академик мустақиллиги кенгайтирилди

Бугунги кунда олий таълимни модернизация қилиш, сифатли таълимни ташкил этиш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ–5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясининг қабул қилиниши ушбу соҳадаги ислоҳотлар учун дебоча вазифасини бажариб бермоқда.

Ушбу Концепцияда ҳам олий таълим муассасаларининг академик ва молиявий мустақиллигини таъминлаш олий таълимдаги асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

Маълумот учун: академик мустақиллик деганда, маъмурий-бошқарув сиёсатини белгилаш, таълим жараёнини ташкил этиш, таълим сифатини назорат қилиш, илмий ва бошқа йўналишларда таълим муассасасининг тўлиқ мустақиллиги тушунилади.

Юқоридаги Концепцияда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижро қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 24 декабрдаги ПҚ–60-сон қарори қабул қилинди.

Ушбу Қарорга мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларининг академик ва молиявий мустақиллиги янада кенгайтирилмоқда.

Маълумот учун: бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 декабрдаги ПҚ–61-сон қарорига асосан молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларининг сони 35 тани (олдин 10 та) ташкил этмоқда.

Эндиликда молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларига қуйидагиларни мустақил равишда амалга ошириш ваколати берилмоқда:

биринчидан, ўқув режалари ҳамда ўқув дастурларини, малака талабларини касбий стандартлар асосида тасдиқлаш.

Ўқув режалари ва ўқув дастурларининг мустақил белгиланиши талабаларни креатив фикрлашга, уларда амалий кўникмаларни шакллантиришга, кадрлар буюртмачилари эҳтиёжларини қондиришга ҳамда сифатли таълимни таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасалари таълим олиш шаклини (кундузги, сиртқи, масофавий ва кечки) мустақил равишда белгилайди.

иккинчидан, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун ўқиш давомийлиги муддатларини белгилаш ваколати берилмоқда.

Маълумот учун: кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига 329 та таълим йўналиши, 582 та магистратура мутахассислиги киритилди.

Шу билан бирга, магистратура босқичида таълимнинг масофавий, сиртқи ва кечки шаклларини жорий этиш, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича амалий малакалар бериш тизимини жорий қилиш ваколати берилмоқда.

учинчидан, олий таълим муассасаси ва унинг тузилмасидаги таълим муассасалари учун ўз грифи асосида ўқув ва илмий адабиётларни нашр этиш ҳуқуқи берилмоқда.

Бугунги кунга қадар ўқув ва илмий адабиётларни нашр этиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тегишли рухсатномасини (грифи) олиш талаб этилар эди. Эндиликда, молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасалари ўқув адабиётларини мустақил равишда нашр этишлари мумкин.

тўртинчидан, докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш ваколати берилмоқда.

Бугунги кунда докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик ёки илмий маслаҳатчилик қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълимдан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарори билан тартибга солинади.

Қисқа қилиб айтганда, академик ва молиявий мустақилликка эга бўлган олий таълим муассасалари мустақил бошқарув кенгаши тузиш, ўқув жараёнини ташкил этиш, қабул квоталари сони ва тўлов контракт миқдорини мустақил белгилаш имкониятига эга бўладилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, олий таълим муассасаларининг академик ва молиявий мустақиллигининг кенгайтирилиши таълим сифатининг яхшиланишига ва таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Б.Хидоятов,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедраси профессори, 

С. Махмудов,
Кафедра ўқитувчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img