Олмалиқда рақамли геология маркази иш бошлади

0

Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС»нинг Олмалиқ шаҳридаги филиалида Россиянинг «Гипросветмет» акциядорлик жамиятининг илмий-ўқув ва лойиҳалаштириш марказининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Унда Россиянинг тоғ-кон муҳандислиги ва рақамли геология соҳасида фаолият юритувчи бир қатор компаниялари вакиллари, мамлакатимиз кон-металлургия корхоналарининг етакчи мутахассислари, профсессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Меҳмонлар «ГГИС ГEОМИКС» рақамли дастурига ихтисослаштирилган махсус ўқув-тренинг хоналарида яратилган шароитлар билан танишди. Мазкур лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири мамлакатимизнинг рақамли иқтисодиётга ўтишини жадал ривожлантириш, миллий иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш ва кончилик соҳасида рақамли технологияларни кенг татбиқ қилишдир. Бунинг натижасида соҳада замонавий билимларни эгаллаган малакали мутахассислар базаси ҳам яратилади.

Тадбир доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида мутахассислар томонидан марказ фаолияти, соҳага оид янгиликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, эндиликда бу ерда филиал профессор-ўқитувчилари ва талабалар россиялик мутахассислар томонидан «ГГИС ГEОМИКС» дастурида ишлаб, кон-металлургия, геология соҳасида тажрибасини оширади. Ушбу дастури ҳозирги кунда рақамли геология йўналишидаги энг сўнгги тажрибаларни ўзида жамлаган бўлиб, мамлакатимизнинг кон захиралари, белгиланган ер майдон ва карьерларнинг 3D моделларини яратади. Натижада кончилик ишларини режалаштиришда катта самарадорликка эришиш имконияти яратилади. Шу орқали соҳага оид илмий-тадқиқотларга оид маълумотларни тезкор равишда таҳлил қилишга эришилади.

— Ушбу марказда таълим муассасаси талабаларини билимини ошириш билан бирга, етакчи корхоналарнинг тоғ инженерлари малакасини ошириш ҳам режалаштирилган, — дейди Миллий технологик тадқиқотлар университети «МИСиС»нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали директори ўринбосари Ўткир Халиқулов. — Бундан ташқари, соҳада фаолият юритаётган хориждаги кўплаб компаниялар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Келгусида кончилик-геология соҳаларидаги тадқиқотларни олиб бориш учун янги лабораторияларни ташкил қилишни режалаштирганмиз. Бу бўйича ҳамкорларимиз билан ўзаро меморандумлар имзоланган.

Тадбир давомида меҳмонлар филиал фаолияти билан танишди.

 

Аввалги мақолаБузилишга тушган уйимизни сотмоқчимиз, лекин уй марҳума онамиз номида. Уйни қандай сотамиз?
Кейинги мақолаЎзбек киноси ривожида янги босқич бошланди