Оловга улоқтирилган авлод

0

Бугун Афғонистондан совет қўшинлари олиб чиқилганига 31 йил бўлди. Хўп, қўшин олиб чиқилди, шу билан дарё ортида уруш тугадими, ўқ овози тиндими? Бу бошқа, оғриқли масала. Бу ҳақда алоҳида гаплашганимиз маъқул. Ҳозир эса урушнинг аянчли қиёфасига бир лаҳзагина назар ташламоқчиман.
Қишлоғимизда бир чол бор эди: Юлдош бобо. У киши: “Бир оёғим Берлинда қолиб кетди. Ўша оёғим ҳозир Берлинга оғирлик килмаяптимикин?” — деб қўярди.
Мен уруш кўрган бовомизнинг гапларини унчалик тушунмаганман, табиийки, чунки бола эдим, пионер бола. Бово ҳақида ўқувчилар газетасига мақолалар ёзардим, лекин урушнинг моҳиятини тушунмасканман.
Мен кейинчалик билдим: Афғон урушига бориб келганимдан сўнг сездим, урушнинг даҳшат эканлигини. Урушда бўлган одам урушни ўзи билан бирга олиб юришини, урушда бўлган одам уруш ичида қолиб кетишини, уруш ичида яшашини англадим. Шундан сўнг Афғон уруши ҳақида “Биз жангдан қайтмадик” деган қисса ёздим.
Нега биз жангдан қайтмадик? Чунки ҳамон уруш хотираси ва оғриғи билан яшамоқдамиз. 18-20 ёшида ўзга юрт тупроғига, бировнинг ерига қурол ўқталиб кирган авлод учун кўп оғриқли саволларнинг зарбасини кўтариш осонмас. Америка ёзувчиси Эрнест Хемингуэй қаҳрамонлари ҳақида адиба Гертруда Стайн “Йўқолган авлод” деб атайди. Машҳур адибнинг уруш ҳақидаги асарлари (унинг ўзи ҳам урушда бўлган) киши қалбини ларзага солади. Ва, “йўқолган авлод” қайта акс этади уларда.
Афғон уруши иштирокчиларини мен “Улоқтирилган авлод” деб атайман. Чунки сиёсатнинг палаҳмонига солиниб, уруш гирдобига улоқтирилган, алданган бу гўдаклар нима учун ўз ҳаётини қурбон қилаётганини билишмас эди. Ёлғон мафкура, сиёсат ўйинининг қурбонлари бировнинг ерига нима учун бостириб кирганини тўлиқ тушуниб етишмаган эди. “Интернационал бурч, социализм ҳимояси” деган даъват ва ҳайқириқ остида “Ватан амри”ни бажараяпмиз, қаҳрамонлик кўрсатаяпмиз деб ўйлаган, қўлига қурол олиб ўзлари ҳам қуролга айланиб қолган бу болалар Афғон тупроғида бир-икки бор жангга киргач, “Нима учун? Нега?” деган, саволлар олдида ўз ич-этини ея бошлагани ҳам ҳақиқат.
Одам боласи тош эмас-ку. Сиёсат палахмонига солиб отилгани билан, ўзга элда қон тўкиш, беҳуда қон тўкаётганини англаш учун озгина фаросат ҳам етади. Биз ана шу нарса, беҳудага урушаётганимизни англаб қолган эдик, кўп эмас, икки-уч ойда бу ерга беҳудага бостириб кирганимизни тушуниб етган эдик. Бу жуда-жуда оғриқли ҳол эди. Бу оғриқни ҳеч нарса билан тўхтатиб бўлмасди, алданганингни ҳис қилиш ёмон, олдинга ҳам, орқага ҳам йўл йўқ.
Иккинчидан, ҳар биримизнинг кўнглимизни бир хавотир ер эди: “Бугун мен тирик қоламанми, бугунги жангда ўққа учмайманми?”, деган.
Учинчидан, “Ўлигим бу ерларда қолиб кетмасмикин?”, деган хаёл ҳам ич-этимизни кемириб борарди.
Ҳар куни шундай ўйлар бизни еб-адо қиларди. Энди тасаввур қилинг; шундай оғриқ билан кечган кунларнинг ҳар лаҳзаси йилларга тенг бўлмайдими? 18-20 ёшида кексайиб бўлган авлод эдик биз.
Мен урушдаги энг оғир кунни — ўша 1987 йилнинг 12 майида қуршовда қолган кунимиз деб атайман. Ўша кунни мен иккинчи туғилган куним деб биламан. БМП-2 да отувчи-оператор эдим. Машина қуршовда қолди. Машинани гранатамёт билан уриб ташлашди. Мен ичкарида эдим. Ёнимдаги автоматим мили (стволи) ҳам ёрилиб кетган экан. Ўша бош бармоқдайгина ствол менинг жонимни асраб қолган. Бизни танкчилар қутқаришди. Уч киши тирик қолдик, мен, механик, взвод командири. Ўшанда қисқа сонияларда хаёлимда нималар ўтгани ўзим ва биргина Оллоҳимга аён.
Афғон уруши мустабид тузумнинг шармандали сиёсати, ёлғон-яшиқ билан тўлиб тошган даъватнинг ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайдиган фожеасидир. Бу урушда иштирок этганлар сиёсатнинг қўлидаги қуролга айланишди. Лекин бу “қуроллар”нинг қалби, ўз Ватани, ота-онаси, оиласи, яқинлари ва орзу-ҳаваслари бор эди-ку. Улар одам боласи эди-ку. Биз билан тош-метин сиёсат ҳисоблашмади, уларни урушга юбориб шўро тузуми яна бир бор қўлини қонга ботирди. Бу болаларнинг, уруш кўрган болаларнинг айби ҳам, гуноҳи ҳам йўқ эди, улар айтдим-ку, оловга улоқтирилган авлод эди. Бу кўргулик энди ҳеч кимнинг бошига тушмасин.
Мен бугун баъзида айрим ноҳақлик ва қитмирликларга дуч келсам ёки баъзи бир кимсаларнинг елкамдан пичоқ санчишга уринганини пайқаб қолсам, кулгим келади. Оллоҳим, Сен мени шундай майда-чуйда ўйинларни ҳам кўриб қўй, деб ўша кунлардан омон сақлаб қолган бўлсанг керак, деб  ўйлайман. Ҳар қандай ташвиш ёки муаммо тириклигим, ҳаёт эканлигим олдида бир чақа бўлиб туюлади. Унча-мунча нарсаларга эътибор бермайман. Эрталаб туриб тонгни қарши олганим, тўрт мучам соғ, қуёшни кўриб турганимнинг ўзи  бахт эмасми, бошимдаги осмоннинг тинчлиги саодат эмасми? Менинг назаримда тинчлик ва осойишталик инсониятнинг энг олий бахтидир.

Афғон уруши қатнашчиси