МуҳимОналик ва болалик муҳофазаси: Титроқли саволлар гирдоби...

Оналик ва болалик муҳофазаси: Титроқли саволлар гирдоби…

Ёхуд қадриятларимиз қонунларимизда қачон акс этади?

ҲАЁТ биз ўйлагандан кўра мураккаб ва шафқатсиз, биз кутгандан кўра ташвишли, серзарда ва озорли, сирли, синовли. Бу мақолада тақдир зарбалари бошига тушган “бахтиёр” болалик ва давлат “муҳофазасидаги” оналик ҳақидаги айрим лаҳзалар акс этган.

Фарзандингиз учун энг катта совға нима?!

Таниқли кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов билан Фейсбукда дўстмиз. Яқинда унинг саҳифасида фавқулодда саволларга берган жавобларини ўқиб, тўғрисини айтсам, юрагим бир қалқиб тушди. Савол-жавобнинг айрим нуқталарини айнан кўчираяпман:

— Кимларга ҳавас қиласиз?

— Онаси ҳаётларга.

— Бахт нима?

— Бахтингни онанг кўриши.

— Фарзандларингиз учун энг катта совғангиз?

— Уларнинг оналарини асраш.

Одамнинг юрагига илиқ бир ҳарорат бағишлайдиган жавобга эътибор беринг: — Фарзандларингиз учун энг катта совғангиз?

— Уларнинг оналарини асраш… Шу оддийгина, беҳашам сўзлардан хоҳлаганча маъно топасиз…

Бундан таъсирланиб, худди шу савол билан кўпчиликка муро­жаат қилганимизда, кимдир энг зўр машина, кимдир данғиллама ҳовли, кимдир қимматбаҳо тақинчоқлар, яна кимдир чет элда ўқишига имкон яратиш, кимдир ўғли ёки қизига катта ишлаб чиқариш компанияси очиб беришни фарзанди учун энг катта совға деб ўйлашини билдирди. Афсуски, ҳеч кимдан кинорежиссёрнинг жавобини эшитмадим. Бола учун онасидан қимматлироқ совға йўқлигига кўпчилик унчалик эътибор бермаслиги, бу ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганлиги билиниб қолди.

Бу жавобни ўқиб, минг хил ўйлар, минг хил оғриқли манзаралар, минг хил ҳолатлар ҳам кўз ўнгимиздан ўтгани рост. Нимагадир шу оддий туйғуни кўпчилик ҳис этмаётганлиги энг катта йўқотиш­ларимиздан бири эканлиги аниқ. Қўлида мурғак гўдаги билан уйидан кўчага ҳайдалган онани кўз олдингизга келтиринг. Бу билан тошбағир кимсалар боласига энг катта бахтсизликни совға қилаётганини тушунармикан? Ахир, дунёни бузиш учун биттагина митти кўнгилни вайрон қилиш кифоя эканлигини билмайсизми?

Бугунги кунда эса қанча-қанча оналар боласи билан бошпанасиз, умидсиз аҳволда умр кечирмоқда. Оилавий ажримлар ҳақидаги рақамларни атайлаб келтирмадик. Чунки бу жонсиз рақамларга оддий статис­тик маълумот деб қаралиб, қоғозлар қатига сингдириб юборилаяпти. Бу рақамлар ҳеч кимни безовта ва беҳузур қилаётгани йўқ. Ҳар бир бузилган никоҳ ортидаги рақамларда нечта норасида ўғил-қизнинг оҳу ноласи, армони, кўз ёши борлигини тасаввур қилишдан йироқлашаяпмиз. Ушбу жонсиз рақамлар ортида фарзандлар тақдири, қисмати, фожиаси борлигини ҳис этмаяпмиз.

Ота-онасидан ажралиш бола учун фожиа

Ажралиш кимлар учундир балким фожиа эмасдир, аммо ҳали ота-онасининг қўлларидан ушлаб, эркаланиб ухлайдиган, ҳали отасининг машинасида болалар боғчасига боришдан буюк бахтни билмайдиган, мактабда олган аъло баҳоларини биринчи бўлиб отасига айтиб ғурурланадиган ўз уйи, ўз оддийгина ошиёнида энг бахтиёр бола бўлиб улғаяётган ҳар қандай ўғил-қиз учун бу ажралиш катта фожиа эканлигини қандай тушунтирсам экан Сизга. Болалар гоҳида бозор ёки дўконларда, жамоат жойларида бир неча дақиқаларга бўлса ҳам адашиб ёки ота-онасини йўқотиб қўйса, қандай даҳшатга тушиб йиғлашини барчамиз кўрганмиз. Ҳаётда ҳам ота-онадан айро яшаш уларни ана шундай даҳшатга солади…

Яна бир нарсага эътибор берганмисиз, оила ажримида ҳар доим аёллар ва болалар жабр кўради. Ҳалигача никоҳи бузилган эркак кўчада қолганини эшитмадик. Аксинча, ҳамиша пешонаси шўр аёл болалари билан ҳам бахтсиз, ҳам бошпанасиз, ҳам ночор қолади. Чунки эркакларнинг ўз уйи бор дейсизми? Аёл-чи? Аёлнинг уйи қаерда? Болалигида отасиникида, вояга етгандан сўнг турмуш ўртоғиникида, кексайганда ўғлиникида… Аёлнинг уйи борми? Ўнта уйи бўлса ҳам биттасини ўз боласига раво кўрмайдиган, қошу кўзлари худди ўзига ўхшайдиган болалари сарсон бўлиб, гоҳо хаста бўлиб, муҳтож бўлиб юрганини кўрса ҳам юраги қилт этмайдиган, бу ҳам етмаганидек, алиментни камайтириш учун судларга чопиб юрган оталарга Яратганнинг ўзи инсоф берсин!

Баъзи алимент можароларини эшитиб, миллатимизнинг бу қадар пастлашиб кетаётганидан афсусланасан киши. Ҳаёт учрашиш, айрилишлардан иборат. Бу табиий. Аммо ўз боласига алиментни камайтириб тўлаш учун иш жойини яшириб, қандайдир арзон фирмаларда ишлайди, деган сохта маълумотномалар билан миннатли алимент тўлаётган оталарнинг найранглари инсофдан эмас. Ўзи тўлайдиган алимент миқдори боланинг бир томчи кўз ёшига ҳам арзимайди-ю… Эҳҳ! Энг ёмони алимент “сирлар”и ҳақида ҳуқуқ-тартибот идорасидагиларнинг ўзлари алиментчиларга маслаҳат бериши, ўргатишига нима дейсиз?

Конституциямизнинг 65-моддасида “Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади” дейилгани шуми?

Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида балки жуда кўп ижобий ишлар амалга оширилаётгандир, турли қарорлар қабул қилинаётгандир. Буни инкор қилмоқчи эмасмиз. Аммо улар фақат юксак минбарлардан мақтаниш ва бошқа давлатларга Ўзбекистон имиджини кўз-кўз қилиш учундек. Чунки оналар ва болалар кўчада қолар экан, меҳрга, мурувватга муҳтож бўлар экан, ҳар бир никоҳи бузилган аёл бу бахтсизликдан азият чекар экан, токи қонунларимизга ўзгартишлар киритилмас экан, демак, оналик ва болалик давлат ҳимоясида эканлиги гўёки бир ишончсиз эртакдек давом этаверади.

Очиғи, ҳалигача бирорта парламент аъзосининг ҳимояга муҳтож она ва бола муҳофазаси учун тош босадиган ҳужжат ҳақида қарор қилиш у ёқда турсин, баҳслашганларини кўрмадик. Ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб, катта идораларга боласини етаклаб борган ночор аёлга ёрдам бериш ўрнига, унга сабр ҳақида чўпчак айтиб, ақл ўргатишдан нарига ўтмаймиз.

Қалдирғоч бу уйга қайтиб келмади

Оила бузилди. Начора, катталар ўз йўлини топади, ўз кунини кўради. Афсуски, болаларнинг тақдири ҳамон аросатда. Уларнинг қалби яраланади. Ҳатто тилсиз қушлар, жонзотлар ҳам ўз боласига гоҳида биздан кўра меҳрибон ва садоқатлироқлигини кўрамиз.

Эътибор берганмисиз, қалдирғочлар айвонларимизга болалари учун лойдан, хас-хашаклардан ин қуриб, токи полапонлари мустақил учиб кетгунича улардан бохабар бўлиб, оғзида овқат ташийди. Болаларини ҳар қандай хавфдан ҳимоя қилади. Моҳираларнинг уйида ҳам қалдирғоч ини у келин бўлиб тушгандан бери бор эди. Ҳар йили бола очиб, полапонларини учирма қилиши, қишда кетиб, баҳорда яна чарх уриб шу хонадонда пайдо бўлиши ўзига хос бахт рамзи ҳисобланарди.

…Моҳира шаҳардан қишлоққа келин бўлиб тушди. Ҳали коллежни ҳам тугатмаган қизга “харидор” бўлганлар ўзимиз ўқитамиз, хоҳласа институтда ҳам ўқийди, ўзимиз барча шароитни яратиб берамиз, деб тўйга розилик олишди. Тўйдан кейин шаҳарлик келин қишлоқдаги қайнонасига сигир соғиш, тандирда нон ёпиш, пишириқлару ширинлик­лар, мазали таомлар пишириш қанақа бўлишини кўрсатиб, барчанинг оғзини очириб қўйди. Камига битта ташкилотда раҳбарлик даврида қайнота бўлмишнинг “топганлари” катта чорва фермасига айлантирилган экан. Фермадаги сигирларни соғиш ҳам янги келинга қолди. “Сут соғувчига пул тўлашдан ҳам қутилдик,” — деб роса қувонишди.

Келин ҳамма ишга улгурди, коллежни ҳам тугатиб, диплом олди. Бирин-кетин икки фарзандли бўлишди. Болалар билан бирга репетиторга қатнаб, институтга грантга ўқишга кирди. Ҳаш-паш дегунча олийгоҳни ҳам тамомлаб, мактабда ишлай бошлади. Йигит ҳам олий маълумотли. Катта корхона ходими. Қишлоқ деса қишлоқда, шаҳар деса шаҳарда ҳамма шароити бор уйларга эга бўлган, бу оилада ҳамма нарса бор, аммо хотиржамлик йўқ эди. Тирноқ ичидан кир топилмаса ҳам, “нега тирноқ ичида кир йўқ?”, деб иддао қиладиган куёв тараф охири ношукурлик қилди, айниди. Хуллас, ёш оила сабабсиз бузилди. Суд никоҳни бекор қилгач, ҳувиллаган кеч кузак кунларининг бирида Моҳира бири мактабга, бири боғчага борадиган болаларини олиб уйдан кетди. Йигит ажримни қўлига олгани ҳамоно уйланди. Орадан йиллар ўтди. Бу уйга қалдирғоч ҳам, бахт ҳам қайтиб келмади. Қалдирғочнинг бир неча йил аввал айвон тўрида қурган ини ҳамон бўм-бўш, худди бу хонадоннинг боласиз қолган бешиги каби бўм-бўш…

Айтишларича, қалдирғоч осмонда чарх уриб парвоз қилганлигининг сабаби инсонларнинг бир-бирларига ситам кўрсатганликлари учун ғам чекаркан. Ва бу гўзал мавжудот тўхтовсиз ибодатда бўлганлиги учун у овоз чиқарган пайт­да “Валаз зооллийн” деган жумла эшитилар экан, деган ибратли ҳикоя инсонийликдан йироқлашган кимсалар хонадонига қалдирғоч қайтиб келмаслиги ҳақидаги ҳақиқатнинг исботи эди.

Оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак!

Кейинги мулоҳазалар эса, онаси бор онасизлар, отаси бор отасизлар ҳақида. Авваллари ота-онаси ташлаб кетган болалар тарбияланаётган маскан “Болалар уйи” дейиларди. Юракка озор берадиган оҳанг бор эди. Кейинчалик “Меҳрибонлик уйи” дейиладиган бўлди. “Меҳрибонлик уйи”даман дейиш болаларнинг кўнглига оғир ботмайди, бу масканнинг номланишиёқ мискин бир меҳрдан дарак беради. Аммо “Меҳрибонлик уйи” бизга ота-боболаримиздан мерос эмас.

Аммо “Меҳрибонлик уй”лари камайиш ўрнига кўпаяяпти. Оила бузилгач, оналари билан қолган болалар кўп вақт ўтмасдан меҳрибонлик уйларига топширилаяпти. Бу тарбия масканида ҳамма шароит, ҳамма нарса етарли. Аммо болаларнинг кўнглини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Улар ташлаб кетган бўлса ҳам оналарини соғинади, бирор марта йўқлаб келмаса ҳам, отасининг йўлига интизор.

Оиласи бузилгач, боласини меҳрибонлик уйига топшириб қў­йиб, ўзидан сохта жабрдийда ясаб олган тошбағир оналар кўпаймоқда. Боламни боқишга қурбим етмаяпти, бошпанам йўқ, болам билан отамникига сиғмаяпман деб, маҳалладан ҳужжат тўғрилаб, якка-ю ёлғиз боласини “Меҳрибонлик уйи”га топшираётган оналарни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак, деган бўлардим.

Чунки Конституциямизнинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар” деб кўрсатилган. Ота-оналар бу мажбуриятни бажармасликка ўрганса, келажакнинг аҳволи нима кечади?

Омбудсманнинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова тилга олган республикамиздаги интернатларга ташлаб кетилган болалар ҳақидаги рақамларга эътибор беринг. Бугунги кунда болалар интернатларида 26 минг 532 нафар бола бор. Уларнинг аксарияти ногирон. Бу рақам ЮНИСЭФ Халқаро ташкилоти нормасидан 2 баробар кўп эканлиги кишини хавотирга солади.

Авваллари момоларимиз камида ўнтадан фарзанд кўрган. На газ, на сув бўлган, бугунги имкониятларнинг юздан бири ҳам бўлмаган, аммо лекин, боламни боқишга қийналаяпман, у етмаяпти, бу етмаяпти деб остона ҳатлаб кўчага чиқиб, достон қилмаган, болалар уйига топширишни-ку, хаёлига ҳам келтирмаган, бу ҳақда ўйлашнинг ўзи ор ҳисобланган. Қайтанга уруш йилларида бошпанасиз, ота-онасиз қолган бошқа болаларни ҳам ўз бағрига олиб, бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган.

Ҳақли саволлар туғилади! Оила институти бизда нега такомиллаша олмаяпти? Нега оила илмидан жуда нўноқмиз? Нега оила, болаларнинг тақдири баъзиларнинг шахсий ишига айланиб бормоқда? Нега оила мустаҳкам бўлса, барча ютуқларимизга, юксалишларимизга, тинчлигимиз, хотиржамлигимиз, фароғатимизга кафолат бўлиши мумкинлигини амалда кўрсатиб бера олмаяпмиз? Нега?! Бу мавзуга яна қайтамиз…

Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img