Онлайн ўғри

0

Ахборот асридамиз. Ўтмишда қолган эски рақам териладиган телефонлару, станцияларга бориб узоқдаги яқинлар билан телефонда гаплашиш учун соатлаб, керак бўлса, кунлаб кутишлар, телефон ишламай қолса на хат, на хабарсиз гоҳ хавотирда, гоҳида бемалол яшашларни кўпчилик унутиб ҳам юборди.

Ҳозир яшин тезлигидаги интернет билан дунёнинг нариги чеккасига “бориб­келгандек” бўласиз, хоҳласангиз интернетда дийдор ҳам кўришишингиз мумкин. Ахборот коммуникация технологияларини етти яшардан етмиш яшаргача эмас, ҳатто ҳали тили чиқмаган болакайлар ҳам беш қўлдай билиб олганини айтмайсизми? Бу тараққиётнинг яхши тарафлари. Аммо унинг ҳалокатга етакловчи жиҳатлари борлигини ҳам инкор эта олмаймиз.

Инсониятнинг ақлини, маънавияти ва маърифатини, одобу ахлоқини, тарбиясини, меҳр­оқибатини ўз исканжасига олишга “қодир” бўлган бу “юксалиш” туфайли жарга қулаган ўн тўққиз ёшли каттақўрғонлик йигитнинг мана бу “ихтиро”си бошқаларга балким сабоқ бўлар.

Жиноят тафсилоти оддий. Якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланиб юрган Алибек Аброров 2020 йил 4 март куни телеграм мессенжерига кириб “8 март акцияси” гуруҳига аъзо бўлиб, ушбу гуруҳнинг аъзоларидан бири бўлган Моҳира Солиевага ўзини мазкур гуруҳнинг админи сифатида таништиради. Гуруҳга бошқа иштирокчиларни қўшганлиги учун унга 100 000 сўм миқдорида ютуқ чиққанлигини, банк пластик картаси рақамини берса, унга шу пул ютуғини ўтказиб беришини айтади. Моҳира Солиева ҳам унга лаққа ишониб, дарров онаси Дилбар Олимова номида бўлган “Асака банк” томонидан очилган банк пластик картаси рақамини нотаниш пулкесарга ташлаб беради. Ёш бўлса ҳам текинтомоқликнинг ҳадисини олган йигитча Д.Олимованинг банк пластик картасидан 1.089.790 сўм пулини яширин равишда ўзининг ҳисобига осонгина ўтказиб олади.

Лекин унинг ўзича бахтиёрлиги, “мана сенга олам­олам пул”, деган хурсандчилиги узоққа бормади. Дўконга харид учун кирган “8 март акцияси” ғолиблари она­бола М.Солиева ва Д.Олимоваларни кимдир чув туширгани аён бўлди, улар пластик картани банкка бориб текширтиришганда, картадан пул ўғирланганлиги аниқ бўлди. Калаванинг учи дарров топилди. Гарчи онлайн ўғрилик операцияси тугаганидан сўнг тармоқдан ғойиб бўлган бўлсада, устасифаранг пулкесар А.Аброровни ички ишлар идоралари ходимлари топиб олди.

Судланувчи А.Аброров ўзига эълон қилинган айбга тўлиқ иқрорлик билдириб, 2020 йилнинг бошида телефонига “1хbet” дастурини юклаб, ушбу дастур орқали футбол ўйинларига пул тикканлигини, “1хbet” дастуридаги ўзига тегишли бўлган саҳифа га пулни ўзининг номида бўлган пластик картасидан “Ikassa” халқаро пул тўлов тизими орқали ўтказганлигини, 2020 йил март ойининг бошида телеграммессенжерида “8 март акцияси” каналига аъзо бўлганлиги ҳамда обуначиларнинг бирига каналга одам қўшганлиги учун пул ютуғи ютиб олганлигини айтганлиги, унинг кимлигини билмаслиги, у телефон рақамига пулни ўтказишни айтганда, фақат пластик карта орқали ўтказиш мумкинлигини, шунда нотаниш қиз унга пластик картанинг суратини юборганлигини ва ҳатто картасида қанча пули борлигини сўраганида, 3.089.000 сўм маблағ борлигини ҳам айтганлигини, у “1хbet” дастури орқали ушбу обуначига тегишли пластик картадан пул ечиб олиш ниятини амалга ошириб, 1.089.000 сўм пулларни ечиб олганлигини ва телеграм ижтимоий тармоғидаги саҳифасини ўчириб, обуначи билан қайтиб боғланмаганлигини, орадан кўп вақт ўтмасдан ички ишлар бўлими ходимлари қўлига тушганлигини тан олди.

Суд судланувчи А.Аброровга нисбатан жазо тайинлашда унинг муқаддам судланмаганлигини, ёшини, жабрланувчига етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлигини, унинг судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 169­моддаси, 3­қисми, “б” банди билан Жиноят кодексининг 57­моддасини қўллаб, уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинлашни лозим топди. “8 март акцияси”га “қўшилган” ёш йигитнинг бу “ишбилармонлиги” ўз оёғига болта урди…

 

Завқий ҚУРБОНОВ,
жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди судьяси,
Нозим ЖЎРАЕВ,
жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди раиси