ЯнгиликларМаҳаллийОнлайн харидда алданмаслик учун 5 та муҳим қоида!

Онлайн харидда алданмаслик учун 5 та муҳим қоида!

Ҳозирда онлайн дўконлар орқали харидлар сони сезиларли даражада ортиб бормоқда. Онлайн харидлар дўкон ёки бозорда юриб, маҳсулот харид қилишдан кўра анча қулай, тезкор ва осон ҳисобланади.

Бироқ интернет орқали маҳсулот сотиб олишда харидор маҳсулотнинг ўзи ёки унинг намунаси билан бевосита танишиш имконига эга бўлмасдан, фақат сайтда жойлаштирилган маълумотларга таянади. Шу сабабли қуйида интернет орқали онлайн харидларни амалга ошириш вақтида билишимиз лозим бўлган энг муҳим қоидалар билан таништириб ўтамиз:

 Сотувчининг шахсини текширинг!

Интернет орқали харид қилишда ҳар доим веб-сайтдаги боғланиш учун берилган маълумотларни текшириб кўринг. Сотувчининг ҳақиқатан ҳам мавжудлигига ишонч ҳосил қилинг. Сайтда компания номи, манзили, электрон почта манзили, алоқа шакли ва телефон рақами аниқ кўрсатилган бўлиши керак.

Сиз онлайн дўкон веб-сайт манзилини https://www.whois.com/ ҳаволаси орқали текширишингиз мумкин. Ҳавола орқали сайтга ўтгач, ўзингизга зарур бўлган манзилни ким рўйхатдан ўтказганлигини билиб олиш имкониятига эга бўласиз. Aгар ушбу маълумотлар веб-сайтда кўрсатилган алоқа маълумотларига мос келса, сизнинг харидингиз хавфсиз бўлиш эҳтимоли юқори ҳисобланади.

Ишлаб чиқарувчи ўз корхонасининг номи ва жойлашган (юридик) манзили ҳақида истеъмолчини хабардор қилиши шарт. Бундай маълумот ишлаб чиқариш маркаси ёки товар белгисида кўрсатилган бўлиши ёхуд бошқа усулда тақдим этилиши лозим.

Ҳуқуқий асос: Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, 5-модда.

  1. Фақат хавфсиз сайтлардан харидни амалга оширинг!

Хавфсиз веб-сайтдан харидни амалга ошираётганингизда браузерда ҳар доим https: кўринишидаги ҳаволани кўрасиз. Бундаги қулф белгиси сайтнинг интернетдаги фойдаланувчилари ўртасида маълумотларнинг хавфсиз узатилишини таъминлайдиган Secure Socket Layer (SSL) криптографик протоколларидан фойдаланилганлигини билдиради. Шунингдек, “https” даги “S” ҳарфи веб-сайт ва сизнинг компьютерингиз ёки уяли телефонингиз ўртасидаги алоқа хавфсиз ва шифрланганлигини англатади. Сиз маҳсулотларни фақат тўлов саҳифасида “https” иловаси бўлган сайтлардан сотиб олишингиз керак.

Aгар тарафларнинг келишувида ва (ёки) қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, электрон тижоратда шахсга доир маълумотлардан шартнома мақсадидан ўзга мақсадларда фойдаланиш ҳамда уларни учинчи шахсларга бериш тақиқланади.

Ҳуқуқий асос: Ўзбекистон Республикаси “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонун, 18-модда.

  1. Сайтнинг умумий кўринишини кўздан кечиришни унутманг!

Сотувчининг веб-саҳифасини диққат билан кўздан кечиринг. Унинг профессионал тарзда расмийлаштирилганлигига ишонч ҳосил қилинг. Аксарият шубҳали сайтларда имло хатолари ёки маҳсулотнинг сифатсиз тасвирларига дуч келасиз.

“Aрзон” ёки “арзонлаштирилган” каби сўзларнинг ҳаддан ташқари кўп ишлатилишига эътибор беринг, одатда профессионал сотувчилар бундай товарларни “ажойиб таклиф” деб аташади. Бироқ сиз “ҳақиқатдан йироқ бўлган таклифларни қабул қилиш” ёки бундай маҳсулотларни харид қилишдан сақланинг. Шубҳали номга эга онлайн савдо дўконлари товарга ҳаддан зиёд паст нархни таклиф қилиб, кейин эса бу маҳсулот ҳозирда мавжуд эмаслигини айтиб, унинг ўрнига бошқа маҳсулотни сотишга ҳаракат қилиш харидорларни жалб этишнинг энг оммабоп усулларидан бири ҳисобланади.

Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек,  кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

Ҳуқуқий асос: Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, 21-модда.

 Маҳсулотни диққат билан ўрганинг!

Онлайн харидларда сотувчининг маҳсулот ҳақида истеъмолчига маълумот бериши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Харид қилишдан олдин истеъмолчи маҳсулот ҳақида ишончли маълумот олиши керак.

 Сотувчи маҳсулот тўғрисида қуйидагиларни кўрсатиши шарт:

  • асосий хусусиятлари;
  • жойлашган жойи ва товар ишлаб чиқарилган жой;
  • компаниянинг тўлиқ номи;
  • маҳсулот нархи;
  • товарларни сотиб олиш ва етказиб бериш шартлари;
  • тўлов тартиби;
  • хизмат муддати, сақлаш муддати ва кафолат муддатлари.

Ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт.

Ҳуқуқий асос: Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, 6-модда.

  1. Маҳсулотни қайтариб бериш

Маҳсулотнинг кўриниши, истеъмол хусусиятлари ва сотиб олиш фактини тасдиқловчи ҳужжат сақланиб қолган бўлса, сиз маҳсулотни қайтариб беришингиз мумкин. Бундай ҳужжатларнинг йўқлиги сизнинг сотувчидан товар сотиб олганингизни исботловчи бошқа далилларга мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.

Нуқсонли маҳсулот сотилган тақдирда харидор ўз танловига асосан қуйидагиларни талаб қилиши мумкин:

  • камчиликларни бепул бартараф этиш ёки уларни тузатиш учун харидорнинг харажатларини қоплаш;
  • товарлар нархини мутаносиб равишда пасайтириш.

Истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.

 Ҳуқуқий асос: Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, 18-модда.

Шуни унутмангки, Сиз интернет орқали онлайн маҳсулот харид қилганингизда ҳам Қонун билан ҳимоялангансиз!

Мақсуд МУСТАФОЕВ,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img