Осмоннинг эгаси бор (ҳикоя)

0

Қўчқор НОРҚОБИЛ

Осмон оташ, — ер олов. Борлиқ тер ташлайди. Жавзонинг жизғанаги деганлари шу бўлса керак — кун ёнаяпти, ўпкангни иссиқ ҳаво тешади.

Шаҳарда довруғи донг кетган “Корзинка” дўконларининг бирига тиркаш уловжой четида тарвақайлаган ўриси дарахт соясида машинадан тушдим. “Уҳ куйдиради-я, куйдиради… (Кунни айтаяпман…)”. Ёнимга оқ “Нексия” келиб тўхтади. Ҳайдовчи томондаги орқа ўриндиқ эшиги очилиб, бошдаги дўпписи қийшайган, косовдеккина қорайган, озғин, қилтаноққина, майдаияк бир нусха тушди. Қирқ кило чиқиб чиқмайдиган бу жимжиддеккина одамча, дорихона томон беданаюриш қилган ҳам эдики, ёнимиздаги “Спарк”дан бир барзанги отилиб чиқиб унинг ёқасидан олиб даст кўтарди. Одамчанинг ердан узилган оёқчалари пилдир-пилдир қилди. Девсифат лўлонкўз, хумкалла ўғлон билагидаги мушакларини сувда оққан олмадай ўйнатиб одамчани бир қўллаб кўтарган кўйи “Спарк”нинг орқа эшиги олдига олиб келди:

— Ты чё? Нима қип қўйдинг. Ну-ка, смотри. Что за… Кўзингга қарасанг ўласанми?

— Мен… Мен дорихонага, дори олиш учун тушувдим, — тутиларди одамча.

“Спарк”нинг орқа эшигига ҳеч нарса қилмаган. Бор йўғи қуртнинг юқидеккина майда оқ доғни кўрдим. Шунга шунча тўполон денг. Еҳ, одамнинг қадри-я, одамнинг қадри… Барзангининг билагига ёпишдим. Девсифат жунбосган башарасини бужмайтириб менга лаҳза термулиб турди, афт-ангорим, уст-бошим, ўзимни тутишим таъсир этди чоғи, гурзидай қўлини бўшатди. Бургут чангалидан тушган товушқондай типирчилаган одамча дағ-дағ титраб менинг ортимдан паноҳ топди. Бу воқеа шунчалар тез бўлиб ўтдики, оқ “Нексия”нинг олд эшиги очилиб, машинадан виқор билан тушган бош-оёқ оппоқ кийинган, нуроний, кўксига тушган оппоқ соқоли ёниқ чеҳрасига янада зиёбахшлик берган отахон биз томонга бироз ҳайратомуз нигоҳ ташлади. Пишнаб ҳансираётган барзанги чолга ижирғаниб қараб қўйди ва яна одамчага хезланди:

— Тўлайсан. Ҳозир устага борамиз.

Мен чидаб туролмадим:

— Оғайни, ўзингизни босинг. Ҳеч нарса қилмаган-ку…

Гўрсўхта менга илкис қаради:

— Сиз аралашманг…

Мен томирида одамийлик қони қотиб қолган бу бадкирдорнинг қиёфасидан ўзимга, халқимга қардошу қондошлик тафтини туймадим. Йўқ, бу ўзбекмас, қони бузуқ бир хунаса деган хаёлга келдим; билмадим, ким-кимларнинг қони аралаш-қуралаш бу одам ёввойидан айни тобда яхшилик кутиб бўлмасди.

— ГАИ чақираман. Ҳеч қаерга кетмайсанлар, — деди барзанги.

Можарога отахон бош суқди:

— Болам, шифохонага касал олиб кетаяпмиз. Эмизикли бола. Шунча йўлдан роса бўларимизча бўлиб келаяпмиз, болам.

Одамча чўнтагидан дастрўмолча чиқариб “Спарк”нинг орқа эшигини шоша-пиша артган эди, нўхотдек оқ доғ ҳам йўқолди. Ноиложи-нотовонлик нуқси урган шўрликка ачиниб кетдим. Машина ичидан чақалоқнинг чинқириб йиғлагани эшитилди. Орқа ўриндиқ эшиги очилиб куйиб-пишиб кетган, юзида тер кўпчиган кўйи кўксидаги гўдагини ирғалаб навниҳол бир жувон ҳам тушди. Бола ҳамон чинқирарди.

— Буларни йўлдан қолдирманг. Ҳеч бўлмаса манави норасидага раҳмингиз келсин оғайни…

Барзанги менга қош учирди:

— Айтдим-ку, сиз аралашманг деб. Ана, такси тўхтатиб беринг.

— Болам, рўза кунлари, бизни қийнамагин…

Отахон зорланди.

— Бўпти, пулини тўлаларинг. Эллик минг.

Отахон сўлиш олди. Одамча чўнтагини ковлайди.

— Яхши иш қилмаяпсиз, оғайни, — дедим ўзимни зўрға тутиб…

Негадир ота жилмайгандай бўлди.

— Қўяверинг ўғлим, биз розимиз. (Сўнг барзангига хотиржам тикилди.) — Энди бизга рухсатми, болам?

Мен нима қиларимни билмай оташ ураётган осмон остида сўппайиб турдим. Барзанги одамча берган пулни сиқимлаб “Спарк” эшигини очиб, тортмачага ташлаб қўйди. Оқ “Нексия” жойидан жилди. Нимадир қасирлагандай бўлди. “Спарк”ка соя ташлаб турган ўриси дарахтнинг бир шохи қарс этиб синиб тушди-да, барзангининг уловини қоқ белидан қапиштириб қўйди. Бу ҳолат шунчалик тез содир бўлди-ки, мен жойимда тахта бўлиб қотиб қолдим. Баданим жимирлаб, тепа сочим бошимга сан-саноқсиз игна бўлиб санчилди. Эндигина машинадан тушиб улгурган барзанги қўллари билан бошини чангаллаб ўкириб юборди.

Аввалги мақолаИбн Синога савол беришди: «қора ўлим (вабо)» билан курашса бўладими?
Кейинги мақолаАдлия вазирлиги ва Адвокатлар палатасининг қўшма ахбороти