ЯнгиликларМаҳаллийЎзбек адибининг китоби Сербияда чоп этилди

Ўзбек адибининг китоби Сербияда чоп этилди

Таниқли ўзбек адиби, истеъдодли драматург Қўчқор Норқобилнинг “Кўзларингни кўргани келдим” (“Хочу увидеть твои глаза”) ҳамда “Қордаги лола” (“Тюльпан на снегу”) номли китоблари Россия Федерациясида кўп минг нусхада чоп этилгани ва улар китобхонлар томонидан илиқ кутуб олингани ҳақида хабар берган эдик.

Рус тилида нашр этилган “Хочу увидеть твои глаза” деб номланган китобни таниқли серб адибаси ва таржимон, профессор Валентина Новкович серб тилига таржима қилди. Мазкур китоб эндиликда серб ўқувчилари қўлига етиб борди. Асар таржимони китобга ёзган сўзбошисида адиб ижодини шундай баҳолайди:

“Ўзбек адибининг инсон қисмати, қалб изтиробларини умумбашарий ғояларга уйғунлаштириб теран ва фалсафий тасвирлаши мени ҳайратга солди. Унинг асарлари лирик туйғуларга бойлиги, характерларнинг мукаммал ифодаси билан ажралиб туради. Адиб айниқса, уруш фожиаси ва муҳаббат мавзусини шу даражада дард ва маҳорат билан бадиий ифода этадики, бу оғриқлар дунёнинг қайси бурчагида яшашингдан, кимлигингдан қатъий назар сени безовта қилади.Фақат инсонлар қалбига йўл топа оладиган сара асарларгина чегара билмайди ва ёзувчига жаҳоншумул шон-шуҳрат олиб келади. Қўчқор Норқобилнинг асарлари ана шундай умрбоқийликка мансубдир, десам хато қилмайман. Имоним комил, бу китоб ҳали Европанинг жуда кўплаб бошқа тилларига ҳам таржима қилиниб дунёга тез тарқалиб кетади. Ҳа, бу китоб шундай бўлишга, худди Эрнест Хемингуэй, Эрих Мария Ремарк асарлари каби дунё кезишга ҳақлидир…”

Албатта бундай эътироф барчамизни қувонтиради. Янги 2022 йилимизда ўзбек адибининг асарлар дунё бўйлаб ёйилишига тилакдошмиз.

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img