Биз билмаган ҳақиқат: қўрғошинга қорилган кек

      • Ю.Андропов нега Ш.Рашидовни 20 йил давомида таъқиб қилиб келди?
      • Компартия “кардинали” М.Суслов нега Ўзбекистон раҳбарини Сиёсий бюро аъзолигига тавсия этмади?
      • Элликқалъага О.Примовнинг “айб”ини излаб “Водовоз”да ким келган эди?
      • Г.Каракозовнинг кўзларига тик боқиб, ёқасига ёпишган мард
      • К.Ражабов Т.Гдлянни учинчи қаватдан ирғитмоқчи бўлганмиди?

Инсон зоти Архимед замонидан буён турли илмий ғоялар устида бош қотириб келади. 1932 йили америкалик физик олим Г.Юри “оғир сув”ни кашф этди. Айнан шу йили рус олими Д. Иваненко атом ядроси протон ва нейтронга бўлинишини асослади. Пировардида, атом бомбаси Хиросима ва Нагасаки шаҳарлари бошига минг йиллик мусибат солди. АҚШ президенти Г.Трумэн “Бу қирғин қуролини қўллаш мумкинми, деб У.Черчиллдан сўраганимда у “Иккинчи жаҳон урушини тугатишнинг бошқа йўли йўқ!”, деб жавоб берди!”, деб ёзган эди. Тақдирнинг қалтис ҳазилини қаранг-ки, бироз вақт ўтгач, академик А.Сахаров водород бомбасини кашф қилишга негиз бўлган назарияни яратди. Кейин бутун умрини шу қуролга қарши курашишга бахш этди. Лекин қуролланиш пойгаси жазава билан бошланиб кетган эди.

1962 йилнинг 27 октябри (янги тарихга “қора шанба” атамаси билан кирган)да сайёрамизнинг тақдири қил устида, Собиқ Иттифоқнинг катта қисми “ядро каллак”ларининг тўғридан-тўғри нишонида қолган эди. АҚШ Қуролли Кучлари томонидан Туркиянинг Измир шаҳри яқинида ўрнатилган 15 та “PGM – 19 Юпитер” русумли баллистик ракеталари нафақат, Иттифоқ пойтахти Москва, балки Қрим, Кавказ, Каспий ҳудудлари устидан Турон заминининг бир қисмига қаратилган эди. Нишон дурбини билан қаралганида боболаримиз Кўҳна Урганчда олти аср олдин тиклаган Қутлуғ Темур минораси кўзга тушиши эҳтимолдан ҳоли эмас эди. 1985 йили президент Шарль Де Голль уларни Францияга жойлаштиришдан воз кечди. 1960 йили АҚШда 6000 дона, СССРда атиги 300 дона ядро каллаги бор эди.

“Кариб инқирози” бўйича сиёсий мулоқотга СССРдан Н.Хрушчев, А.Микоян, Ш.Рашидов ва Кубадан Ф.Кастро, Р.Кастро, Э.Че Гевара, қарама-қарши томон АҚШдан Ж.Кеннеди, Р.Макнамара, М.Тейлор киришган эдилар. Мақоламиз мавзуи бу ҳақда эмас. Гап шундаки, “қора шанба”дан олдин ва кейин Н.Хрушчев Ново-Огареводаги қароргоҳида КПСС МҚ Президиуми (Сиёсий бюроси)нинг бир неча мажлисини чақиради. Бир мажлисда Л.Брежнев, Ф.Козлов, Ш.Рашидов, Б.Пономарев компартия лидерининг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлаганида МҚ бўлим мудири Юрий Андропов (23 ноябрь куни МҚ котиби бўлиб сайланади) “империалист душман”лар тарафини ёқлайди. Бир умр вазмин, босиқ бўлиб келган Шароф ака ўша дақиқада тутақиб кетади. Мажлис иштирокчиларидан А.Микоян, П.Шелест, В.Гришин  ва бошқаларнинг ёзишича, Ўзбекистон раҳбари ўрнидан туриб МҚ бўлим мудири, яъни Андроповнинг тепасига дарғазаб бўлиб келади. Бу бошқаларни билмадигу компартия “Олимп”ида ўз нуфузини мустаҳкамлаб келаётган М.Сусловга ҳам ёқмайди.

Михаил Андреевич Суслов 1939-1944 йилларда ВКП(б) Оржоникидзе (ҳозирги Ставрополь) ўлка қўмитаси биринчи котиби эди. Йиллар ўтгач унинг нигоҳи Ставрополда туғилган Юрий Андроповга тушади. 1954 йили айнан Сусловнинг тавсияси билан Ю.Андропов СССРнинг Венгриядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси бўлиб тайинланади. Энди биз муҳтарам муштарийга у қадар маълум бўлмаган бир воқеани таъкидламоқчимиз. Шўро элчиси венгер исёнчиларини шафқатсиз бостиришга бош қўшгани учун улар унинг ўғли Игорни гаровга оладилар. Шунда бўлғуси атоқли давлат арбоби Гейдар Алиев бошлиқ махсус гуруҳ элчининг ўғлини муқаррар ўлимдан сақлаб қолади.

1967 йилнинг 10 май куни компартия “кардинали” ўз шогирдини СССР ДХҚ раиси қилиб тайинлашга эришади. Ўша кун, ўша соат, ўша дақиқадан бошлаб, Ю.Андропов беш йил аввал бошлаган таъқибини давом эттиради. У 1969 йили 25 октябрда Алексей Бесчастновни, 1974 йилнинг 25 октябрида ўз шогирди Эдуард Нордманни, 1978 йилнинг 2 мартида Левон Мелкумовни Ўзбекистонга юборади.

Ю.Андропов асосий “устозлари”дан жудо бўлганди, яъни 1982 йилнинг 25 январида М.Суслов, 10 ноябрида Л.И.Брежнев вафот этган эди. Л.Брежнев, М.Суслов, Ю.Андропов, Д.Устинов, А.Громико, К.Черненко, В.Шербицкийдан иборат “еттилик”ка якка ўзи қарши турган ҳукумат раиси А.Н.Косигин эса 1980 йилнинг 18 декабрида оламдан ўтади. Хулласи калом устози М.Суслов билан бирга Ю.Андропов 12 йил давомида Ш.Рашидовни сиёсий бюро аъзолигига йўлатишмади. Украинанинг кўп йиллик раҳбари П.Шелестнинг таъкидлашича, ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари ниҳоясида бу гап тор доирада муҳокама қилинганида М.Суслов ва Ю.Андропов Рашидовга қарши чиқадилар.

Ю.Андропов шўро тахтига чиқиши билан Ш.Рашидовдан ўч олишга киришди. У ўз кекини қўрғошин билан қорган эди. “Ўзбек иши” ёинки “Пахта иши”, деб номланган бўҳтондан иборат жазо жараёнида 800 та жиноят иши қўзғатилиб, 4000 нафар бегуноҳ одам қамоққа олинди. Бу суд орқали жазо олганлар, холос. Аслида, “Ўзбек иши” бир неча ўн минг юртдошимизнинг аччиқ қисматини қамраб олгани ҳақида атоқли юрист А.Полвонзоданинг чиқишларида батафсил ёритилди. Биз ўша тафсилотларни такрорлаш фикридан йироқмиз. Дастлаб бу жиноят иши Бухоро вилоят ОБХСС бошлиғи А.Музаффаров ва савдо ходими Ш.Қудратовга нисбатан очилган эди. Хўкизнинг шохига урилганида туёғи зирқирайди. Айб А.Музаффаров ё Ш.Қудратовда эмас эди. Бу ҳужжатлар 1983 йилнинг январида Ю.Андропов Шароф Рашидовни ўз кабинетига чақириб, истеъфо талаб қилганида қўл келган эди.

Ш.Рашидов сукут сақлаганидан кейин Бош котиб ҳузурига генерал Г.Каракозовни чақириб, “мурватни қаттиқ бураш”ни топширади. Натижада элнинг асл азаматлари А.Музаффаров ва В.Усмонов отиб ташланди. К.Эргашев, Г.Давидов, Р.Ғойибов ўз жонига қасд қилдилар.

Ю.Андропов томонидан йиллар давомида режалаштирилган интиқом, кек оловланган эди. Ушбу кекнинг қўрғошинга қорилган ўқи бегуноҳ Ваҳобжон Усмоновнинг юрагини тешиб ўтди. Лекин бу ўқ нафақат унинг жигарлари, балки миллионлаб ватандошларимиз, шу жумладан, ушбу сатрлар муаллифининг қалбини ҳам тирнади. Дарвоқе, “Ўзбек иши” — “Пахта иши” билан боғлиқ тафсилотларнинг бир қисмини мен ўз кўзим билан кўрганман. Сабаби, 1979 йилдан эътиборан Элликқалъа ва Беруний туман газеталари, 25 йил минтақада марказий газеталар мухбири бўлдим. Шу боис, ўша йиллари бу ҳудудда юз берган воқеаларни, хусусан, “Кремль десанти” ва “Пахта иши” билан боғлиқ фожиаларнинг баланд-паст жиҳатларидан хабардорман. Қолаверса, “Пахта иши” жабрдийдалари Элликқалъа туман партия қўмитасининг биринчи котиби, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган муҳандис, иқтисод фанлар номзоди Олимбой Примовнинг энг яқин ва ҳамфикр иниси сифатида Қорақалпоғистонда “десант”нинг асосий нигоҳи қаратилган атоқли инсонлар — Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитаси биринчи котиби Қаллибек Камолов, Ўзбекистон КП Марказий Қўмитаси котиби Ережеп Айитмуратов, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Абдулла Худойберганов, Ўзбекис­тон Мелиорация ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Камолов, Тўрткўл туман партия қўмитаси биринчи котиби Қосим Нурумбетов, Беруний туман партия қўмитаси биринчи котиби Олимбой Ражабов, Қораўзак (кейинчалик Тахтакўпир) туман партия қўмитаси Султонмурат Қониёзовлар билан шахсан таниш бўлганман. Кўпларининг ўша давр ҳақидаги ҳикояларини ўз қулоғим билан тинглаганман.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист А.Полвонзода билан ҳамкасбимиз Ш.Акбаровнинг суҳбатида таъкидланганидек, республика раҳбариятида Анишчев-Огарок-Романовский-Сатин-Бутурлин-Гайданов-Дидоренкодан иборат “десант” гуруҳи фаолият юритган бўлса, Қорақалпоғистонда бу “тандем” Саликов-Малолетов-Максимов-Донцов  ва бошқа “устомон”лардан иборат эди.

1984 йил август ойи ўртасида Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитасига ўн биринчи котиб бўлиб, Жезқазган шаҳар партия қўмитаси биринчи, Жезқазган вилоят партия қўмитаси иккинчи котиби, КПСС Марказий Қўмитаси нозири бўлган Какимбек Саликов (1932-2013) сайланди.  У Ўзбекистонга келганида рўёбга чиқарган илк муддаоси – 3 марта Сиёсий бюрога хат ёзиб, Гдлян гуруҳининг қўли билан Қ.Камоловни қаматди. У келиши билан ўзбек тилида “Жезкийик” номли китобини чиқарган эди. Шеърларидаги эзгу гаплар билан амалда бажарган риёкорлиги осмон билан ерча фарқ қилади.

К.Саликов биринчи навбатда Қ.Камоловнинг энг яқин сафдош­ларига, шогирдларига ҳужум қилди. 1984 йилнинг 29 декабрида Элликқалъа туман партия қўмитаси биринчи котиби Олимбой Примовни ишдан бўшатди. 1985 йилнинг бошларида К.Саликовни қаерда, қандай ҳолатда кўрганимни ёзсам, буни ўқиган бирорта одам ишонмаса керак. Лекин бу бўлган воқеа. Элликқалъа туман партия қўмитаси биноси олдидан ўтиб бораётганимда унинг олдига оддий сув ташийдиган “водовоз” машина келиб тўхтади. Ундан фуфайка кийган ўрта яшар буғдойранг киши тушди. Қоровулимиз Мадраҳим ака, барзанги одам меҳмонга “Райқўмга шундай хароб машинада келасанми?” деб беписанд гап қилди. Тикилиб қарасам, бир ҳафта олдин Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида биз зиёлилар билан мажлис ўтказган К.Саликов. Югуриб бориб, Мадраҳим аканинг қўлини ушлаб қолдим, “Бу обқўмнинг биринчи секретари”, деб шивирладим. Университетда К.Саликов “Зачем нам столько мрамара? Ладно это храм науки. Но в райкомах зачем такая роскошь?”, деган эди. Демак, бинони кўриш учун ишчи кийимида яширинча келган экан. У чоғлари Олимбой Примович Беруний туманидаги Беруний номидаги совхоз директори эди. У кишини даладан топдим. Бўлим бошқарувчиси Ҳожибой Каримов тилло одам эди. Икковимизни ҳоли қолдириб трактор ёнига кетди. Саликовнинг “ташрифи”ни айтсам, Олимбой ака “Отлиғу пиёда изимга тушиб олган. Қаллибек Камоловни ёмонлаб ёзиб берсанг, ё обқўмнинг тармоқ котиби ё Нукус шаҳар қўмитаси биринчи котиби қиламан, деган эди. Йўриғига юрмаганимдан кейин Элликқалъадан бўшатди. Бу ерда ҳам тинч қўймайди, шекилли!” деди. 12 октябрь куни К.Саликов Олимбой Примовни ҳайъат йиғилишида ишдан бўшатди. Ўша йиғилишдан бўлганлардан уч киши К.Саликов “Партия билетини беринг!”, деганида Олимбой акамнинг “Ўртоқ  Саликов партия билетини Сиздан олганим йўқ, Сизга бермайман!”, деб залдан мағрур чиқиб кетганини айтиб беришди. Марказий Қўмитадан Осетров қўнғироқ қилиб койигач, 25 октябрь куни К.Саликов ўз ҳужжатларида ишкал борлигини билиб қолиб, масалани қайта ҳайъатга қўйди. Ўша кунлари Олимбой аканинг рангида ранг қолмаган эди. 25 йил ҳукумат хизматида бўлиб, уй ҳам қурмаган экан. Акаси Сафарбой Примов уйини бўшатиб берди. Касалхонага тушиб қолди. Тез-тез хабар олиб турдик. Давлетгелди Собиров, деган дўсти доимо ёнида бўлди. Барибир К.Саликов айтганидан қолмади. И.Усмонхўжаевга босим ўтказиб, 1986 йилнинг 9 январида Марказий Қўмитада партиядан ўчиртирди. Адолат учун айтиб ўтишим керакки, ўшанда Ўзбекистон КП Марказий қўмитаси котиби Раъно Абдуллаева Олимбой Примовнинг тарафини олганини яхши биламан. 1986 йилнинг 25 ноябрь куни Донцов, Волосенко, Иевлев, Глушченко Олимбой Примовни ҳибсга олишди. Олимбой ака судда ўзини ўта мағрур тутди. Ёлғон айбловларни рад қилди. Уни суд залидан озод қилишди. Бироқ икки кун ўтгач, манфур Гдляннинг қўли билан шўро салтанатининг даҳшатли қамоқхоналаридан бири “Матросская тишина”га элтиб қў­йишди. 1990 йилнинг 10 августигача ҳибсда сақладилар. Тўқиб-бичилган жиноят ишида маҳбус 89 марта пора олди, деган иддаолар бор эди. Терговчилар Олимбой аканинг рафиқаси Хадича Камоловага, фарзандлари Юлдуз, Бердимурод, Шавкат, Гулойим, Улуғбек (12 яшар эди)ка, акаси Сафарбойга, қайнилари Худойберган, Жумабойга, қариндошларидан Жабборберган Ўрозимбетов, Абдулла Полвонов, Ромон Бекимбетовларга қаттиқ азоб бердилар. У пайтлари бутун Элликқалъа жамоатчилиги оёққа турди. Юқори ташкилотларга уруш қаҳрамонлари И.Наврўзбоев, Ў.Абдуллаев ва бошқалар номидан хат тайёрланди. Ўшанда яна бир уруш қатнашчиси “Хатга имзо чекмайман. Эртага нима бўлишини ким билади!”, деб қўрққан эди. Яқинда шахсий архивимдан ўша хатнинг нусхасини топиб олдим.

Одамларнинг юрагига буйруқ бериб бўлмас экан. К.Саликов биринчи котиб қилиб сайланишидан олдин “десант” йўриғидагилар анжуман иштирокчиларидан Александр Балакин, Ўринбой Матнапесов, Ниятулла Сейитназаров, Райгул Жумамуратоваларга “Қаллибек Камоловни ёмонлайсизлар!” деб йўл-йўриқ беришибди. Аммо уларнинг бирортаси сотқинларнинг раъйига юрмадилар. Ишлаб чиқариш илғори Райгул опа Жумамуратова ўша мақсадни тарғиб қилган “сотқин азаматлар”га қарата “Сизларга биттагина гапим бор. Бошимдаги рўмолимни ечиб берай. Ўрасангизлар сизларга зап ярашарди-да!” деган эди. Ўша “Пахта иши” боис Тўрткўл туман партия қўмитаси биринчи котиби Қосим Нурумбетов, “Кўкдарё” давлат хўжалиги директори, Меҳнат Қаҳрамони Ўнғорбой Қурбониёзов, “Кўкчиэл” давлат хўжалиги директори Ережеп Алланиёзов ва бошқа бир қатор ажойиб инсонларнинг ҳаёти фожиали якун топди. Ўнлаб юртдошларимиз тоталитар тузумнинг темир панжаралари ортида азият чекдилар. Ҳолбуки, Ўнғорбой Қурбониёзовнинг шоличиликдаги тажрибаси бутун Иттифоқ бўйлаб эътироф этилган эди.

“Пахта иши” билан боғлиқ ноҳақликларнинг бир қисмини кўрдик. Эсимда: 1985 йилнинг 6 февраль куни Элликқалъа туманидаги “Москва” давлат хўжалиги ва “Дўстлик” жамоа хўжалиги раҳбарлари ва мутахассисларидан 9 киши Гдлян гуруҳи томонидан ҳибсга олинди. Айниқса, Элликқалъа қўриғини ўзлаштиришнинг ташаббускорларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, 5 та орден соҳиби (Гдлян ўзбекистонлик 10 нафар Социалистик Меҳнат Қаҳрамонини ҳибсга олган эди), “Москва” давлат хўжалиги директори Саъдулла Раҳмоновнинг ҳибсга олингани минтақада яшин тезлигидек тарқалди. Устоз Абдулла Ориф сатридагидек, гадонинг душмани гадо бўлади: марказий нашриётда ушбу мақола муаллифининг С.Раҳмонов ҳақидаги китоби корректураси ўқилиётган эди. Шошилинчнома юборилгач, қўрғошинга туширилган матн эритиб юборилди. 19 йиллик раис 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиб, мол-мулки мусодара қилинди. “Дўстлик жамоа хўжалиги раиси Муҳаммаджон Шеримбетов чекига ҳам шу қисмат тушди. Истиқлол туфайлигина Саъдулла ака 1991 йилнинг 4 январида қамоқдан чиқди.

Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, юридик фанлар номзоди Олимбой Ражабов аввал Хўжайли туманини бошқарган, 12 йилдан буён Беруний туман партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаётган эди. 1985 йилнинг 9 январида К.Саликов уни лавозимидан пасайтириб, маршал Будённий номидаги қўриқ давлат хўжалигига директор қилиб юборди. Мақсад унга қарши материаллар йиғиш учун вақтни чўзишдан иборат эди. Тез орада уни, 54 нафар яқин ва танишларини қамоққа олди. Рафиқаси, педагогика фанлари номзоди Марям Ражабова, ўғил-қизлари, укалари, қариндошларини ойлаб қийноққа солишди. Укаси Комилжон Ражабов (спортнинг бир неча тури бўйича тоифа эгаси, бокс ва самбо бўйича чемпион эди) Урганчдаги вақтинча сақлаш биносининг учинчи қаватида тергаганларида мушт учун қўл кўтарган Т.Гдляннинг қўлини қайириб, “Тельман Хоренович! Менинг олдимда икки йўл бор: биринчиси сени деразадан улоқтириш, иккинчиси ўзимни! Хотиним вафот этган, норасида болаларимга ачинмайсанми?” дейди. Т.Гдлянни даст кўтариб, деразадан ирғитмоқчи бўлганида югуриб келган Карташьян миллатдошининг оёғидан тортиб қолади. Қанча кўрсатма бераётганлар Гдляндан ҳайиқиб турарди. Гдлянни титроқ босади. У худди шоҳ Жалолни тан олган “Уйига обориб қўйинглар, бу хулиганни!” дейди. Олимбой Ражабовнинг ишини пахта масаласига боғлаш учун туманнинг энг илғор раиси, аввал туман ёшлар қўмитаси биринчи котиби, туман қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи бўлган Маҳмуд Хўжамуратовни қамоққа тиқдилар. М.Хўжамуратов ва у билан ишлаган 4 одам анча йил панжара ортида азият чекдилар. Махмуджон ака мана шу мақола ёзилишидан 2 кун олдин ўз таваллудининг 80 йиллигини нишонлади. Ҳаёт давом этмоқда. Аммо халқимиз қалбига аёвсиз жаллод Телман Гдлян, пихини ёрган Николай Иванов, қаҳри қаттиқ Герман Каракозов, салла ол деса калла оладиган Альберт Карташьян, муғомбирликда тенги йўқ Константин Пирцхалава ва бошқалар, яъни, Титов, Сорока, Чижук, Рац, Московцева, Власов, Непомняший, Анисимов, Исмоилов, Писаревский, Ревеко, Регеда,  Волосенко, Боров, Ибрагимов, Кравченко, Мамедов, Абдураҳимов, Туктаров (албатта, биз уларнинг ҳаммасига бир хил баҳо бериш фикридан йироқмиз)лар солган жароҳат ҳали-ҳамон битмаган. Ҳамон Махмуд Хўжамуратов кечалари ухлай олмайди. Ҳали ҳам Гдлянни кўз олдига келтирса беихтиёр Комилжон Ражабовнинг мушти тугилади. Марямжон опа Биринчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Фақат шу кунларга турмуш ўртоғи Олимбой Ражабов етиб келолмаганидан қаттиқ ўксийди. Юлдуз Примова Тошкентда, нуфузли поликлиникада ишлаяпти. Минг афсуски, бу кунларни дадаси Олимбой Примович билан волидаси Хадича ая кўролмай кетдилар.

2017 йилнинг май ойи охирида Ўзбекистон шифокорлар уюшмаси раиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдулла Худойберганов оламдан ўтди. У аввал Қорақалпоғистон, 1981-1986 йилларда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ишлаган эди. Гдлян гуруҳи унинг зиммасига қандай уйдирмаларни ёпиштирмади, дейсиз. Аллақандай олтин бюст ҳақидаги куракда турмайдиган афсоналар, бриллиантли портфеллар тўғрисидаги эртаклар тўқилди. Укалари — ўша чоғлари Қорақалпоғистон пахта саноатини бошқарган Отаулло Худойберганов, вилоят партия қўмитаси бўлим мудири Ҳабилулло Худойберганов, Элликқалъа туман партия қўмитаси иккинчи котиби Неъматулло Худойбергановларни бир зумда турмага тиқишди. Худди Ягода-Ежов-Берияга кўрсатма берган бобоси Муҳаммад ҳожи Аминаддинов каби ойлаб қийноққа солишди. Хайриятки ойнинг ўн беши ёруғ бўлиб чиқди. Мустақиллик қуёши порлади.

Дарҳақиқат, бу “иш” Ўзбекис­тоннинг энг асл фарзандлари бошига оғир кунларни солди. Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби Инъом­жон Усмонхўжаев, Олий Кенгаш Раёсати Раиси Оқилхон Салимов, Вазирлар Кенгаши Раиси Нормахонмади Худойбердиев билан бирга юзлаб фирқа котиблари, вазирлар, раислар, бригадирлар, пахта заводи директорлари, қабул пунктлари мутасаддилари ноҳақ қамалди. Уларга ота, она, рафиқа, фарзанд, қариндош бўлган минглаб одамлар азоб чекдилар. Тоталитар тузум таназзулини кўплар жаноб Горбачевнинг найранглари, кўплар ГКЧП машмашаси билан боғлайдилар. Балки бу диктатура нафақат Абдулла Қодирийнинг бегуноҳ қони, балки кейинги юз минглаб жабрдийда инсонларнинг кўз ёшлари уволига қолгандир. Ким билади?

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг