Оммавий ахборот воситаларида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ички ишлар бўлимининг майор унвонидаги масъул ходими фуқарони “Чинобод нефть база” масъулияти чекланган жамиятининг филиалларидан бирига раҳбарликка тайинланишида ёрдам беришини айтиб, бунинг учун ундан 50 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ушлангани хабар қилинган маълумот юзасидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ баёнот берди. Бу ҳақда жамият ахборот хизмати хабар бермоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги корхоналар, заводлар, нефт базаларга ишга қабул қилишда таъмагирликка йўл қўймаслик, шаффофлик тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига қатъий амал қилган ҳолда иш юритиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Ушбу ҳолат юзасидан аввало шуни таъкидлаш керакки, “Чинобод нефт база”си МЧЖда ҳеч қандай филиал мавжуд эмас. Қўлга олинган ИИБ ходимининг ҳам нефт базага алоқадор жойи йўқ.

Коррупцияга қарши курашиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тузилмасида ўзгариш қилинди ва муҳим қадам ташланди. Бошқарув раисининг буйруғига асосан режали, мавзули, тезкор ва масофавий ўрганишлар ҳамда хизмат текширувлари ўтказиш учун “Молиявий ва комплаенс назорати” департаменти ташкил этилди.

Ушбу департамент айнан комплаенс соҳасидаги қонун, қоида ва стандартларга мувофиқликни, шу жумладан, коррупцияни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар бажарилишини ҳамда манфаатлар тўқнашувларини меъёрий ҳужжатларга асосан бошқарилишини назорат қилади, масъул мансабдор шахслар фаолияти бўйича мақсадли ўрганишларни ўтказади.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекнефтгаз” АЖ “Коррупциясиз соҳа”га айланди, дейилади хабарда.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг