Парфюмерия қироличасининг армони қандай эди?

0

                                               Габриэл Коко Шанел

Габриэл Коко Шанел қўшиқчи бўлишни орзу қиларди, лекин буюк  модельер бўлиб танилди. У ўз оиласи бўлишни истарди, хушторлари кўп эди, аммо умрининг охиригача ёлғиз яшади.

Онасининг вафотидан  сўнг отаси уни ибодатхонага топширади. Озодликни севувчи Габриэл 18 ёшга  тўлган куниёқ у ерни тарк этади. У роҳиба бўлишни хаёлига ҳам келтира олмасди.

Мустақил ҳаёти осон кечмади. Шу боис у барларда қўшиқ айтиб кун ўтказишга  мажбур бўлди. У ҳар  кеч саҳнага чиқиб, машҳур “Кокони кўрганлар борми?” қўшиғини айтар, ўтирганлар “Коко!” Коко!” деб қичқиришарди. Шундай қилиб  Коко Габриэлнинг  иккинчи исмига айланди.

Унинг хушторлари кўп эди, аммо у аскар Этьен Бальсанага кўнгил қўйди. Йигит чиройли, қувноқ, гапга чечан эди. Лекин турмушнинг олахуржунини бўйнига осишга шошилмасди. Габриэл эса машҳурлик, омад ва бойликни орзу қиларди.

Коконинг яхшигина овози бор эди, аммо шляпа тикишни қўшиқ айтишдан-да яхши кўрарди. Шу икки касб қизнинг келажагини белгилаб берди. Ўтган асрда Францияда мода ҳақидаги ҳар қандай суҳбат шляпадан бошланарди. Эркаклар эътиборини жалб қилиш учун бу бош кийимни қандай кийган маъқул қабилидаги гап-сўзлар аёлларнинг асосий суҳбат мавзуи эди. Габриэл янги моделлар ўйлаб топрар, унинг ҳар бир шляпаси санъат асари даражасига айланарди.   Коко Шанел оддийгина тикувчи эмас, чинакам рассом эди.

Коко жазмани Этьен билан муносабатларининг келажаги йўқлигини  яхши  тушунар, шу боис у билан алоқаларни узишга аҳд қилди. Бунинг устига йигит  қизнинг ҳунарини бўлмағур иш деб ҳисобларди.

Қиз очган модель уйига Этьеннинг дўсти капитан Артур Кейпел маблағ берди. У Этьендан фарқли ўларок, Коконинг иқтидорига ишонарди. Бундан ташқари, капитан қизга ошиқ ҳам эди. Артур оддий тикувчи қизни юқори табақа вакиллари дунёсига олиб кирди. Унинг ёрдамида қиз Довиледа ўз дўконини, Биариццеда шахсий модель уйини очди. Габриэл бошқа модельерлар услубини қайтармас ва ҳеч  ким ботина олмаган ишларга қўл урарди. Масалан, у биринчи бўлиб калта юбкани ўйлаб топди, шунингдек, ҳаммадан олдин жинсидан костюмлар тика бошлади. Шундан сўнг унинг номи бутун Францияда машҳур бўлиб кетди.

Энди унинг бирдан бир орзуси турмушга чикиш эди. Артур бир муддат йўқ бўлиб кетар, кейин яна пайдо буларди. Қиз эса доим уни ҳеч нарса бўлмагандек қарши оларди. Артур унга хиёнат қилганини билганда ҳам бунга кўз юмиб қаради. Артур  ҳам буни билар, у ҳам Кокони йўқотишни истамасди. Аммо у кутилмаганда Лорд  Листернинг қизига уйланди.  Шундан  сўнг унинг умри Париж ва Лондон орасида ўтди. 1919 йили эса Кани йўлида автоҳалокатга учраб вафогт этди.

Артурнинг вафотидан сўнг Коко ўзидаги руҳий тушкунликни  енгиш учун ишга шўнғиди. Шу  билан ўзини овутди гўё. У аллақачон мода парфюмериясиз ҳеч нарса эмаслигини, улар иккиси бир-бирини тўлдиришини тушуниб етган эди. Шу  боис Артурнинг ўлимидан сўнг парфюмерия  билан ҳам жиддий шуғуллана бошлади. Ўтган асрнинг 20-йилларида атирлар сони  у қадар кўп эмас эди.  Габриэл нафақат мода оламида, балки парфюмерия  оламида ҳам тўнтариш ясади. У барча тақиқларни рад этиб, парфюмерия олшамига  сирли ва одамларни ҳаяжонга солувчи атирларни олиб кирди. Бунинг сири фақатгина Коко ва унинг дўсти, кимёгар Эрнест Богага аён эди. Янги атирга Коко “Шанель № 5” деб ном беради.

«Шанель  №5» унга машҳурлик  ва бойлик келтиргани  ҳақиқат. Коко бахтли , аммо у ҳамон ёлғиз эди.

Кунлардан  бир кун Монте Карлода Коко англиялик герцог Вендор  Гросвенор билан танишиб колади. Шундан сўнг  герцог  аёлни ишқий мактублар, гуллар  ва сархил мевалар билан кўмиб ташлайди. Аммо Габриэл тезда таслим  бўлмади.  Улар бироз бахтли яшашди.  Аммо герцог фарзанд кўришни истарди. Коко бу  пайтда 46 ёшда эди.  Шифокорларнинг барча кўрсатмаларига амал қилди аммо мўъжиза рўй бермади.  Шу боис герцог 1930 йилда Лоэли Мэрига уйланди.

Шундан сўнг Коко Парижга қайтиб кетди.  Ҳаёт ўзгарган, кўплаб дўстлари яқинлари вафот этишганди.   Муваффакият у кутмаган  жойдан келди. Унинг моделлари Америкада катта муваффақият қозона бошлади.

Мода оламидаги янги Диор, Баленсиаг, Живаншилар Шанелга  яна ўз ўринларини бўшатиб беришга мажбур бўлишди.  Унинг кўйлаклари яна Париж аёллари гардеробини эгаллади. «Шанель» атири бошка атирларни бозордан сикиб чикара  бошлади. Коко   88 йил  умр кўрди. Дунёдаги энг бой аёллардан бирига айланди. Лекин армон билан дунёни тарк этди.

 

 

 

Аввалги мақолаАфсонага айланган аёл
Кейинги мақолаБухоро ва Навоий вилоятларида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабуллар ўтказилади