Пенсия олишда иш стажи қандай ҳисобланади?

0

Ёшга доир пенсияни олиш учун фуқаронинг иш стажи инобатга олинади. Пенсия олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қуйидагилар қўшиб ҳисобланади:

а) ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун —  Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса.

1965 йилгача бўлган даврда жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқишда, ушбу йилдаги меҳнат билан қатнашиш кунлари сонидан қатъи назар, ҳар бир ишлаб берилган йил иш стажига бир календарь йил сифатида қабул қилинади.

1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқишда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади. Агар жамоа хўжалиги аъзоси жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини жамоа хўжалиги аъзолари таркибига қабул қилиш (чиқиш) йилида бажарган бўлса, у ҳолда унинг иш стажи жамоа хўжалиги аъзолари таркибига қабул қилинган санадан бошлаб (чиқиш санасигача) қабул қилинади.

Жамоа хўжалигида меҳнатда иштирок этишнинг белгиланган минимумини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, меҳнатнинг амалдаги давомийлиги бўйича иш вақти олти кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб ҳисобга олинади.

Ижодий фаолият билан машғул бўлган ижодий уюшмалар аъзоларига 1991 йил 1 январгача иш стажи агар ана шу муаллифнинг асари биринчи марта эълон қилинган ёки жамоат олдида ижро этилган (намойиш этилган) кундан эътиборан, 1991 йил 1 январдан бошлаб эса — улар фақат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлсалар, ижодий уюшмаларнинг бошқарувлари томонидан белгиланади.

Иш стажига, ўтган давр учун бирйўла қўшиб ҳисоблаш (тўлаш)дан қатъи назар, унинг учун:

2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — суғурта бадаллари;

2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — ягона ижтимоий тўлов тўланган ойлар қабул қилинади, деҳқон хўжаликлари аъзолари ҳамда қорамол етиштириш ҳамда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш, шунингдек, шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бошқа турларини (ўсимликшунослик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотларини) етиштириш билан банд бўлган шахслар бундан мустасно;

б) ҳарбий хизмат (шу жумладан сафарбарлик чақириғи резервидаги ҳарбий хизмат) ва партизанлар отрядлари ва қўшилмаларида бўлиш, давлат хавфсизлиги органларидаги ва ички ишлар органларидаги хизмат;

в) ҳарбийлаштирилган соқчиликда, махсус алоқа органларида ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, кон-қутқарув қисмларидаги хизмат;

г) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса, якка тартибдаги меҳнат фаолияти ёки қорамол етиштириш ҳамда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш бўйича фаолият;

д) қараб туриш вақти:

I гуруҳ ногиронига ёки 16 ёшгача ногирон болага қараб туриш;

ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган қарияларга қараб турилган вақт — 80 ёшга тўлган қария ўзганинг парваришига муҳтож бўлган давр.

Бунда I гуруҳ ногиронини ёки 16 ёшгача ногирон болани, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексага қараб туриш вақти пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига фақат қараб турган ва қараб туришга муҳтож бўлган шахс билан бирга яшаган шахслардан бирига қўшиб ҳисобланади;

е) олий таълим муассасаларида (шу жумладан уларда ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий таълим муассасаларида), аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар — изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада таянч докторантурада ва докторантурада (олий таълимдан кейинги таълим институтида) кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш;

ж) бола 3 ёшга тўлгунга қадар, болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, бироқ жами кўпи билан 3 йил.

Мисол: Агар 30 йиллик меҳнат стажига эга бўлган ишлаётган аёл иш стажининг 8 йили мобайнида жами 3 болани парваришлаш таътилларида бўлган бўлса, у ҳолда пенсия тайинлаш учун иш стажини ҳисоблашда унга жами 25 йил иш стажи ҳисобланади (30 йил — 8 йил + 3 йил = 25 йил).

Болани парваришлаш таътилида бўлиш даври (шу жумладан пули тўланадиган таътилда бўлиш) ёшга доир имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берадиган махсус иш стажига қўшилмайди;

з) офицерлар таркибидан бўлган шахсларнинг, прапоршчикларнинг, мичманларнинг ва муддатдан ташқари хизмат ҳарбий хизматчиларининг хотинлари, уларни ишга

жойлаштириш имконияти бўлмаган жойларда эрлари билан яшаган вақт, бироқ кўпи билан 10 йил.

и) Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг хотини (эри) чет элда бўлган, лекин 10 йилдан ошмаган давр.

 

Пенсия жамғармаси