Пенсия ёшини кутмасдан нафақага чиқиш мумкинми?

0

Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.Т

ехнологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган аёллар – 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.

Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низомнинг 12-бандига асосан ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги тақдимномаси илова қилиниши керак.

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган фуқароларни ишсиз деб эътироф этиш Ўзбекистон Республикаси ижтимоий таъминот вазирлиги ва Меҳнат вазирлигининг 30.11.1998 йилдаги 2274/4 ва 1235/04-1-сонли қарори билан тасдиқланган “Алоҳида асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишдан бўшатилган ходимларга муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартиби тўғрисида Йўриқнома” (рўй. рақами 588, 07.01.1999й.) билан тартибга солинади.

Унга асосан, Бандликка кўмаклашиш маркази ишсиз деб эътироф этилган ва муддатидан олдин ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга тақдимнома тайёрлайди ва 5 кун муддат ичида тегишли Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига топширади.

Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан берилган тақдимнома бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман бўлими томонидан муддатидан олдин ёшга доир пенсия тайинлашга асос бўлиб ҳисобланади.