Пандемия шароитида пластик карта билан бажариладиган амалиётлар ортиб бориши билан пластик карталардан маблағларни ўзлаштириш (ўғирлаш) билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари ҳам ортмоқда. Айниқса, интернет тармоғи, хусусан, ижтимоий тармоқларда янгидан янги фирибгарлик турлари пайдо бўлмоқда.
Хусусан, сўнгги пайтларда телеграм мессенжеридаги турли каналларда “гуруҳга шунча одам қўшсангиз, ҳисобингизга бунча маблағ ўтказиб берамиз” мазмунидаги эълонлар кўпайиб бормоқда. Уларнинг шартларини бажарганингиздан сўнг фирибгарлар ўзини банк ходими ёки турли акциялар ташкилотчиси сифатида таништириб, картага маълум миқдорда пул ўтказиб беришини, бунинг учун эса карта рақамини ва карта эгасининг мобиль телефонига келган “тасдиқловчи код”ни сўрашади.
Ушбу кодни уларга зинҳор ошкор қилмаслик керак ҳамда бундай шахслар ҳақида ички ишлар органларига хабар бериш мақсадга мувофиқ.
Маълумки, халқаро тўлов карталарида икки турдаги хавфсизлик коди мавжуд бўлиб, терминал ва банкоматлар учун 4 хонали пинкод ҳамда интернет орқали тўловларни амалга оширишда қўлланиладиган CVV (CVC) кодлардан иборат. Банк картасининг 4 хонали пин-коди картани мижозга тақдим этиш жараёнида махсус конвертда яширилган бўлади. Интернет орқали тўловларни амалга оширишда қўлланиладиган CVV (CVC) код эса банк картасининг орқа қисмига ёзилган бўлади. Интернет орқали тўловларни амалга ошириш учун электрон тижорат ташкилотининг интернет веб-сайтида банк картасининг олд томонидаги реквизитлар ва орқа томонидаги CVV (CVC) кодларини киритиш кифоя қилади ва дунёнинг исталган жойидан интернет орқали тўловни амалга ошириш мумкин.
Интернет орқали амалга ошириладиган харидларда зарур суммани асосий картадан қўшимча виртуал “Visa” картасига ўтказиб, тўловни виртуал карта реквизитлари орқали амалга ошириш тавсия этилади.
Бундан ташқари, халқаро банк карталари эгаларидан банк картаси реквизитлари ва CVV (CVC) кодларини бегона шахсларга ошкор қилмаслик ва интернет-сайт «3D secure» хавфсизлик хизматини ишлатган тақдирда тўловларни амалга ошириш жараёнида ундан фойдаланиш лозим.
Муҳим эслатмалар!
• Агар сизга кимдир пул ўтказишни хоҳласа унга пластик картангизни рақамини бериш етарли. Бошқа маълумотларни ошкор қилманг.
• Агар сизга банк номидан шубҳали қўнғироқ ёки SMS хабарнома келса, ўзингиз банкка қўнғироқ қилиб аниқлик киритинг.
• Интернет тармоғида ва ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил мобил иловаларни телефонингизга юклаб олманг ҳамда уларга кодларни киритманг.
• Транзакциялар тўғрисида хабарнома хизматини ёқтиринг, иложи бўлса карта орқали қилинадиган сарф-харажатларга чеклов (лимит) ўрнатинг.
• Агарда пластик карта ҳисоб рақамингиздан пул ўғирланганини билсангиз зудлик билан банкка ҳамда ички ишлар органларига мурожаат қилинг.
• Кибержиноятчилар ижтимоий тармоқлар орқали ҳар хил важлар билан карта эгаларига СМС-хабарномалар жўнатмоқда. Бундай хабарларга асло жавоб берманг.
• Савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида тўловни амалга ошириш чоғида эса бегона шахсларга шахсий ПИН-код рақамини ошкор қилманг.

Банк Ахборот хизмати

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг