Польшада Гитлернинг китоби босмадан чиқди

0

Польшада Нацистлар Германияси рейхсканцлери Адольф Гитлернинг “Mein Kampf” (Менинг курашим) китоби нашрдан чиқди. Мазкур китоб 1942 йилда поляк тилига қилинган таржима асосида бир гуруҳ олимларнинг сўзбошиси ва махсус изоҳлари билан чоп этилган.
Китобда Иккинчи жаҳон урушининг келиб чиқиши ва 50 миллиондан ортиқ инсоннинг қурбон бўлиши сабабчи бўлган фашистлар раҳбарининг ҳаёт йўли, сиёсий қарашлари, мақсад ва ғоялари ўз аксини топган.
“Бу нашр фашистик ғояларни тарғиб этиш мақсадида эмас, аксинча, унинг қандай юзага келишини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш мақсадида амалга оширилди, – дейди “Беллона” нашриёти раҳбари Збигнев Червинский. ¬– Албатта, бу китобнинг электрон нусхасини интернетдан топиш қийин эмас. Уни китоб ҳолида чоп этишдан мақсад фашистик ғояларнинг ўша пайтдаги манзарасини ва оқибатларини кўрсатиш, шу ғоялар туфайли нобуд бўлган инсонлар хотирасини ёд этиш, қандай қилиб демократик тизимдан тоталитаризмга ўтиб қолиш мумкинлигини кенг жамоатчиликка тушунтиришдан иборат”.
Гитлернинг ўлимидан сўнг ушбу китоб илк бор 2016 йилда Германияда танқидий нуқтаи назардан, мамлакатдаги яҳудийлар жамоаси раҳбариятининг розилиги билан нашр қилинган. Польшада ҳам яҳудийлар бу китобни нашр қилишга қаршилик кўрсатишмади.
“Бу китоб Иккинчи жаҳон уруши, умуман ёвузлик, разолат, инсониятга қарши жиноятлар тарихини ўрганишда тадқиқотчилар учун муҳим манба саналади, — дейди Польша бош раввини Михаэль Шудрих. — Тарихчилар Гитлер қандай фикр юритгани, нималар деганини билшлари шарт. Сўз ҳар доим аҳамиятга эга. Биз бунга қайта-қайта ишонч ҳосил қиляпмиз”.
Иккинчи жаҳони уруши даврида Польшада олти миллион киши қурбон бўлган. Бу рақам ўша пайтда мамлакат аҳолисининг бешдан бир қисмига тенг эди. Китобнинг нашр қилинишига бир қатор антифашист ташкилотлари норозилик билдиришган. Аммо, ноширлар илмий асарларни чоп этишга тўсқинлик қилиш учун қонуний асослар йўқлиги, китоб кенг жамоатчиликка мўлжалланмагани, унинг нархи анча қиммат бўлгани боис, ҳамма ҳам сотиб ололмаслигини айтишмоқда.