ТаҳлилПорахўрликни камайтиришнинг тавсия этилган 5 йўли

Порахўрликни камайтиришнинг тавсия этилган 5 йўли

Коррупцияни тамомила йўқ қилиш имконсиздир. Аммо унинг сони ва кўламини камайтиришга эришиш мумкин. Кўпгина мамлакатлар коррупцияга қарши курашда сезиларли ютуқларга эришдилар, бироқ амалиётчилар ва изланувчилар доимо ечимлар излашда давом этишяпти. Мазкур мақолда фуқаролар ва ҳукуматлар учун коррупцияга қарши курашда муваффақиятга эришишнинг бешта йўли ҳақида таҳлил қилади.

Биринчи йўли бу — жазосизликка барҳам бериш

Коррупция содир этган шахслар етарли даражада жазоланмасдан қолиши ёки умуман жазосиз қолиши билан боғлиқ амалиёт доирасини бузиш учун самарали ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари муҳим аҳамиятга эга.

Буни муваффақиятли тарзда амалга ошириш учун мустаҳкам қонунчилик базаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва мустақил бўлган самарали суд тизими керак. Буларнинг ичида суд алоҳида аҳамият касб этади. Норвегиянинг Берген шаҳридаги Мишелсен институтининг У4 маркази берган маълумотларга кўра, баъзи бир давлатлар, хусусан Болгария, Бурунди, Камерун, Хорватия, Индонезия, Кения, Мадагаскар, Малайзия, Мексика, Непал, Покистон, Фаластин, Филиппин, Сенегал, Сербия, Словакия, Шри-Ланка каби давлатлар ўзларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида судларини ташкил қилган.

Иккинчи йўли — давлат ва молия бошқарувини ислоҳ қилиш

Молиявий бошқарувни такомиллаштириш ва аудиторлик агентликларининг ролини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар кўплаб мамлакатларда коррупцияга қарши курашда давлат секторидаги ислоҳотлардан кўра кўпроқ таъсир кўрсатиб келмоқда.

Шундай ислоҳотлардан бири бюджет маълумотларини ошкор қилиш бўлиб, бу маблағларни исроф қилиш ва ўзлаштиришнинг олдини олади. Масалан, Ўзбекистонда «Очиқ Бюджет» портали (www.openbudget.uz)ни ташкил қилишдан кўзланган мақсад ҳар бир фуқарони ўз маҳаллий ҳукуматининг таклиф этилаётган бюджетлари бўйича фикр билдиришга ўргатиш орқали шаффоф ва иштирокчи бюджет тузишни тарғиб қилишдан иборатдир. Бундай бошқариш кейинчалик шаффоф бўлган бюджет тақсимланишига олиб боради.

Учинчи йўл — шаффофлик ва матбуот эркинлиги

Коррупцияга чек қўйишда муваффақият қозонган мамлакатларда ҳукумат очиқлиги, матбуот эркинлиги, ошкоралик ва ахборотдан фойдаланишнинг узоқ анъаналари мавжуд. Ахборотдан фойдаланиш давлат органларининг фаоллигини оширади, шу билан бирга мамлакатдаги жамоатчилик иштироки даражасига ижобий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистонда яқинда бошланган конституцияга киритиладиган ўзгартишлар масалалари бўйича СМС матнли хабарлар орқали фуқароларни хабардор қилиш ва шунингдек Қонунчилик палатаси ва Сенат мажлисларини онлайн эфирга узатиш ишлари шаффофликка ҳамда ахборот олишга бўлган уринишлардан бири ҳисобланади.

Тўртинчи йўли — фуқароларга ваколат бериш

Фуқароларнинг коррупцияга қарши курашга бўлган талабини кучайтириш ва уларга ҳукумат масъулиятини ошириш ҳуқуқини бериш фуқаролар ва ҳукумат ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ёрдам берадиган барқарор ёндашувдир. Масалан, жамоатчилик мониторинги ташаббуслари айрим ҳолларда коррупцияни аниқлашга, маблағларнинг чиқиб кетишини камайтиришга, давлат хизматларининг миқдори ва сифатини яхшилашга ёрдам берди.

Маҳаллий сайловларни кузатиш учун Transparency International Sloveniya интерактив харитани ишлаб чиқди, платформа жамоатчилик расмлари ва сайловда бўлиши мумкин бўлган қонунбузарликлар ҳақида хабарлар билан тўлдирилди. Бу орқали айрим номзодларни қўллаб-қувватлаш учун давлат маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

Ўзбекистон мисолида сайловларни фуқаролар томонидан кенгроқ кузатилиши ҳамда уларга сайлов жараёнлари билан тез, осон ва етарлича танишиш, шунингдек сайлов участкаларининг интерактив харитаси билан таъминлаш учун www.saylov.uz расмий веб-сайти ишга туширилган. Ушбу сайтда сайловчиларга, номзодларга, кузатувчиларга тегишли барча интерактив хизматлар йўлга қўйилган.

Бешинчи йўл — халқаро бўшлиқларни ёпиш

Халқаро молия тизимларига кириш мумкин бўлганида, бутун дунё бўйлаб давлат амалдорлари талон-тарож қилинган давлат мулкларидан тушган даромадларни ювиш ва яшириш имконига эга бўлмаган бўларди. Йирик молия марказлари зудлик билан ўз банклари ва ҳамкорлик қилувчи оффшор молия марказларининг ноқонуний пул оқимини ўзлаштиришини тўхтатиш имкониятларига эга ҳисобланади.

Халқаро молия тизимлари жуда ката таркибдаги ва кучли аудит ва молия соҳасидаги мутахассислар ишлайдиган, ҳамда сунъий онг технологияларига эга ташкилотлар ҳисобланади. Бундай ташкилотлар жуда кўплаб банк ва молия институтлари билан ҳамкорликда ишлайди ҳамда уларнинг маълумотлар базаларига кириш имконига эга. Бу эса йирик коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда ёки уларни топишда жуда қўл келади.

Йўлчибой Бўриев,
«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img