Пойтахт канализациясига тонналаб чиқиндилар ташланмоқда — “Ўзсувтаъминот”

0

Пойтахт канализациясига тонналаб маиший ва саноат чиқиндилари ташланмоқда. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрининг Бўзсув аэрация станциясига Қорақамиш ва Жануби-ғарбий коллекторлардан суткасига 630 минг куб метр оқова сув келиб тушмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида оқова сувдан махсус мосламалар орқали ушлаб қолинган маиший (аҳоли томонидан канализацияга ташлаб юборилаётган озиқ-овқат қолдиқлари, елим идишлар, кийим-кечаклар, болалар тагликлари ва ҳоказо) ва саноат чиқиндилари (ишлаб чиқариш корхоналари томонидан канализацияга ташланаётган тўқимачилик қолдиқлари, кушхона чиқиндилари кабилар)нинг ҳажми 292 тоннага етган.

Ваҳоланки бу кўрсаткич 2017 йилда 110 тоннани, 2018 йилда 182 тоннани, 2019 йилда 164 тоннани ташкил қилган. Кўриш мумкинки, канализацияга ташланаётган маиший ва саноат чиқиндиларининг ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Канализация тизимидаги бузилишларнинг аксарияти эса юқоридаги келтирилган ҳолат каби унитаз ёки канализация қудуғига маиший ва саноат чиқиндилари ташланиши оқибатида содир бўлади.