Президент: Математика ҳамма аниқ фанларга асос. Бу фанни яхши билган бола ақлли, кенг тафаккурли бўлиб ўсади

0

Президентимиз олимлар билан ўтказаётган учрашувида Юртимизда аввалдан шаклланган илмий мактаблар салоҳиятини ҳисобга олиб, ҳозирги босқичдаги миллий манфаатларимиз ва тараққиётимиз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, бу йил математика, кимё, биология, геология фан ва соҳаларини ривожлантириш танлаб олинди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг математика фани бўйича салоҳияти дунё миқёсида тан олинганини, функционал таҳлил ва дифференциал тенгламалар, эҳтимоллар назарияси ва алгебра йўналишлари бўйича нуфузли мактабларимиз шаклланиб фаолият юритаётганини, етти нафар математик олим Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси эканини алоҳида таъкидлади.

Кўплаб хорижий илм-фан марказлари, хусусан, Бонн, Кембриж, Париж, Сеул каби йирик шаҳарлардаги етакчи илм даргоҳлари билан биргаликда қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришга оид қарорининг ижроси доирасида пойтахтимиздаги Талабалар шаҳарчасида Фанлар академиясининг Математика институти учун замонавий талаблар асосида янги бино барпо этилмоқда.

Шавкат Мирзиёев бугунги учрашувда математикада илмий тадқиқотларни амалиёт билан боғлаш, рақамли иқтисодиёт учун мустаҳкам пойдевор яратиш борасидаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди.

Ёшларда математика фанига қизиқишни кучайтириш, иқтидорли болаларни селекция қилиб, ихтисослаштирилган мактаблар ва кейинчалик олий таълим муассасаларига қамраб олиш ишларини тўғри ташкил қилиш кераклиги таъкидланди. Болалар учун мазкур фандан оддий ва тушунарли тилда ёзилган оммабоп дарслик ва ўқув қўлланмалари яратиш, математик онгни, керак бўлса, боғчадан бошлаб шакллантириш вазифаси қўйилди.

– Математика ҳамма аниқ фанларга асос. Бу фанни яхши билган бола ақлли, кенг тафаккурли бўлиб ўсади, исталган соҳада муваффақиятли ишлаб кетади, – деди давлатимиз раҳбари.

Бундан ташқари ҳар бир туман марказида биттадан математика фанига ихтисослашган мактаб ташкил қилиб, уларда ишлайдиган ўқитувчиларга қўшимча устама ҳақлар тўлаш бўйича кўрсатма берилди. Ушбу муассасаларда ўқув жараённи илмий-методик таъминлаш учун Фанлар академиясининг Математика институти ҳамда Халқ таълими вазирлиги масъул этиб белгиланди.

Математика фани бўйича ўқувчи, талаба ва ўқитувчилар ўртасида турли танловлар ўтказиб, ғолибларни муносиб рағбатлантириш, олимпиада тизимини такомиллаштирган ҳолда совриндорларга бериладиган мукофотларни кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Ўқитиш сифатини янги босқичга кўтариш, математика фанидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизимини жорий этиш зарурлиги айтилди. Бундай сертификат эгасига олий ўқув юртига ўқишга киришда математика фанидан максимал балл берилади.

Юқори малакали педагоглар ва илмий даражали кадрлар тайёрлаш тизими самарасини ошириш, Математика институтида илмий даража берувчи кенгашга тўлиқ мустақиллик бериш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатимизда математика фани бўйича нуфузли халқаро анжуманлар ўтказиш, давлат бюджети ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан ҳар йили 100 нафар олимни хориждаги илмий тадбирлар ва стажировкаларга юбориш юзасидан топшириқлар берилди.

Бугун Ўзбекистонда кимё йўналиши бўйича тўртта илмий-тадқиқот муассасаси мавжуд, уларда 250 нафардан зиёд илмий ходим фаолият кўрсатмоқда. Яратилган ишланмалар асосида  янги ўғитлар, дефолиантлар, ўсиш стимуляторларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

Президентимиз кимё соҳаси минерал ўғит ишлаб чиқариш билан чекланиб қолаётгани, бу йўналишдаги таълим ва илмий тадқиқотларни такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Илмий ишланмаларни жорий қилиш самарадорлигини ошириш,  бунинг учун тадқиқотларнинг тармоқ корхоналари эҳтиёжига ҳамоҳанглигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.