Прописка бўйича муҳим ўзгаришлар

131

Президентимизнинг 2020 йил 22 апрелдаги “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари билан фуқароларимизга Республикамизни барча ҳудудларида эркин ҳаракатланишларига имконият яратилди. Кейинги йилларда вилоятлардан Тошкентга меҳмонга ёки бирор иш билан келган фуқароларимиз қандайдир ҳадик билан Тошкент кўчаларига чиқишар, “қаердансиз?”, нима мақсадда Тошкентга келдингиз?”, “паспортингизни кўрсатинг?” — деган талабларга доим тайёр туришлари керак эди.

Бундан ташқари, Тошкентга келиб бирор бир ташкилот ёки корхонада 10 йиллаб ишлаганингиз (агар ишга киролсангиз албатта) билан шаҳарда доимий прописка қилишга рухсат берилавермасди. Ушбу Фармон буларнинг барчасига чек қўйди.

Мазкур Фармонга кўра сиз доимий яшаш жойини танлаб рўйхатга олиш учун мурожаат қилсангиз, албатта, рўйхатга олинасиз ва бунда бошқа ҳудуддан келганлигингиз рад этишга асос бўлмайди, рўйхатга олиш 1 иш кунида амалга оширилади. Фуқароларнинг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати эса 15 кун қилиб белгиланди.

Шунингдек, биринчи даражали ва иккинчи даражали қариндошларни ҳамда тарбияга олинган шахсларни ҳам  ўзи доимий яшаш жойига рўйхатга қўйишга ҳам имконият яратилди. Энг муҳими олдинги қонунда доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшашлиги шарт эди, агарда шу муддат ичида уларнинг никоҳи бекор қилинадиган бўлса,  рўйхатга олиниш ҳам автоматик равишда бекор қилинарди, энди бу қоидалар ҳам бекор қилинди.

Фармон билан фуқаро яшаш учун ёки ишлашга Тошкент шаҳрига ёки Тошкент вилоятига қайтиб келадиган бўлса ҳеч қандай тўсиқларсиз рўйхатга олиниши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Олдинги қонунда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатга олинган фуқаро яшашга ёки ишга бошқа вилоятга кетганда пропискаси ҳам автоматик равишда бекор қилинар эди ва  қайтиб келгандан кейин прописка қилинмасди. Бунинг оқибатида қанчадан қанча мутахассислар пропискаси йўқлиги сабабли ишга қабул қилинмаганликлари учун вилоятларга қайтиб кетишларига сабаб бўлаётган эди.

Мазкур Фармон имзолангунга қадар Тошкентда пропискаси бўлмаган фуқаролар ўзларини номларига кўчмас мулк сотиб олишга ҳам ҳуқуқлари йўқ эди, жорий йилнинг 1 апрелидан эса Тошкентдан уй-жой, кўчмас мулк сотиб олиш учун доимий прописка талаб қилинмайдиган бўлди.

Шунингдек, Тошкентдаги янги қурилган уйларни сотиб олиш ва уч йил ичида сотган ҳолатларда давлат божининг алоҳида ставкаларини қўллаш тартиби ҳам бекор қилинди.

Яна бир муҳим янгиликлардан бири, Тошкентдаги давлат органлари ва ташкилотларида узлуксиз 5 йил давомида меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) прописка қилинишига рухсат берилди.

Фармоннинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, илгари ўрнатилган тартибга кўра фуқаро яшаш жойи ўзгариб янги доимий яшаш жойига рўйхатга қўйилиш учун олдинги доимий яшаш жойидан прапискадан чиқиши шарт эди, энди эса янги яшаш жойига рўйхатга туриш учун эски доимий яшаш жойидан прапискадан чиқиши ва ортиқча ҳужжат тақдим этиши талаб этилмайди.

Тошкентнинг муайян ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаро рўйхатда турган жойидан бошқа манзилда истиқомат қилса у паспорт тизими қоидаларини бузган ҳисобланиб, маьмурий жавобгарликка тортилишига асос бўлар эди, Фармон билан бу қоида ҳам бекор қилиниб,  фуқаро янги истиқомат қилиб турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмаслиги белгилаб берилди.

Фуқароларнинг оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида Фармонда ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга қўйиш учун мудофаа бўлимларига бориш ҳамда фарзанд туғилганда ота-онасининг доимий яшаш жойига ҳисобга қўйиш ишлари электрон (онлайн) тарзда амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, фуқароларни доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш ишлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, Фармонда фуқароларнинг барча муаммолари бир жойнинг ўзида ҳал этилиши кўзда тутилган  бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” тизими, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат мажмуаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитасининг “Солиқ” ахборот тизими,  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органларининг ягона электрон архиви” ахборот тизими, Ўзбекистон Республикаси Халқ таьлими вазирлигининг вояга етмаганларни туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ҳамда вояга етганларни жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига боғлаган ҳолда васийлик ва ҳомийликни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон базаларини идоралараро электрон ҳамкорлиги йўлга қўйилиши кўрсатилган.

Фармон қабул қилиниши билан неча юз минглаб фуқароларимизнинг орзуси ушаладиган бўлди, уларнинг ҳуқуқлари таъминланди.  Демократия сари яна бир дадил қадам ташланди!

Урал Мухаммадиев,
Тошкент шаҳар, Яшнобод туман
ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси

 

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг