Хорижий тажриба: прописка тизимидан воз кечган давлатлар

0

Ўзбекистон Республикасида совет тизимидан қолиб кетган сарқитдан анча йиллар воз кечилмади ва ушбу тизим фуқароларга катта бюрократик ҳамда иқтисодий тўсқинликлар яратиб келди. Ўзбекистондаги “прописка ” тизими Тошкент шаҳрини “ёпиқ шаҳар”га айлантирди. Тошкент шахарда туғилмаган Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқлари чекланиб келар эди. Қанчадан-қанча малакали мутахассислар прописка даври тугаганида вилоятига қайтиб кетишга мажбур бўларди, пойтахт олийгоҳларида таҳсил олаётган талабалар кўплаб бюрократик ва моддий қийинчиликларга дучор бўлар эдилар, фуқароларимиз пойтахтдан кўчмас мулкга эга бўлиш, тиббий ҳизматдан фойдаланиш ва бошқа соҳаларда кўплаб чекловлар, сунъий бюрократик тўсиқлар мавжудлиги фуқароларимизни қийнаб келар ва энг ачинарлиси, бу фуқаролар ўртасида носоғлом кайфиятлар ва табақаланишга олиб келар эди.

 Яқин  тарих хатоси

  Агар тарихга назар ташлар эканмиз, маълум бўладики, ушбу тизим аҳолини ҳамда чет элликларнинг миграциясини назорат қилиш учун Россия империясида вужудга келган. Россия империясида чет элликлар ва аҳолининг кўчиб юришини бошқариш учун киритилган тизим.

Кейинчалик собиқ СССРда ҳам аҳоли миграциясини назорат қилишнинг давлат тизими сифатида кенг қўлланилган бўлиб, унинг асосий мақсади – фуқароларни доимий яшаш жойлари билан қатъий боғлаб қўйиш ва назорат қилиш бўлган. Собиқ СССР республикаларининг конституцияси ўзи эркин харакатланиш ҳуқуқлари ёки унинг элементлари умуман акс эттирмаган эди, шу қаторда, Ўзбекистонда ҳам.

Собиқ СССР парчаланиб кетгани сабабли, янги прописка бекор қилиниши бўйича қонун қабул қилинмади. Лекин ушбу хулоса, мустақилликка эга бўлган кўплаб давлатларнинг ички қонунчиликларида ўз аксини топди, чунки бу, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларда акс эттирилган норма эди.

Хорижий тажриба: прописка тизимидан воз кечган давлатлар

Россия Федерацияси. СССР вориси ҳисобланган Россия Федерацияси томонидан юқоридаги хулоса яна уч йил муҳокама қилиниб,  1993 йилда “Россия Федерацияси фуқароларининг ҳаракат қилиш эркинлиги, Россия Федерациясида доимий яшаш ва вақтинчалик турар жойини танлаш ҳуқуқи тўғрисида”ги РФ Қонуни кучга киргани натижасида прописка тизимидан бутунлай воз кечилди. Прописка тизими доимий яшаш жойидан ёки вақтинчалик турар жойидан рўйхатга олиш билан алмаштирилди.

Мазкур “прописка тизимидан” ҳозирги кунга келиб, нафақат Россия Федерацияси, кўплаб собиқ СССР аъзо давлатлари воз кечган ва илғор ривожланган давлатлар тажрибаларига асосланиб, асосий яшаш жойини ва вақтинчалик турар жойини рўйхатга олиш, декларация қилиш институтларини ички қонунчиликларига жорий қилишган.

Беларусь. 2008 йил 1 январдаги Беларусь Республикаси Президентининг “Фуқароларни доимий яшаш ва вақтинчалик турар жойида рўйхатга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан прописка бекор қилинди. Фуқароларни эркин ҳаракатланиш ва  яшаш жойини эркин танлаш конституцион ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Беларусь Республикасида фуқароларни, чет эл фуқароларини, шунингдек, Беларусда доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий яшаш жойида ҳамда вақтинчалик турар жойида рўйхатдан ўтказиш бўйича ягона тартиб жорий этилган.

Қозоғистон. Қозоғистондаги ҳам прописка институти рўйхатга олиш институти билан алмаштирилди, унга кўра, рўйхатдан ўтиш турар-жой бинолари ва уй-жой учун мослаштирилган биноларда рухсат берилди.

Хусусан, 2017 йил 7 январда Қозоғистон Республикасининг “Aҳолининг миграцияси тўғрисида”, “Уй-жой муносабатлари тўғрисида” ги қонунларига фуқароларнинг яшаш жойи ва вақтинчалик турар жойида рўйхатдан ўтиш мажбуриятини, шунингдек уй-жой, мулкдорлари ёки ижарага беришга ваколатли шахсларнинг мажбуриятларини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди. Уларда истиқомат қилувчи фуқароларни вақтинча рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий қилинди. Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 2007 йил 17 августдаги “Қозоғистон Республикаси аҳолисини ҳужжатлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорига биноан, Қозоғистон фуқаролари иш берувчидан ёки адлия органларида рўйхатдан ўтиши мумкин. Фуқаролар рўйхатга олинмасдан доимий ёки вақтинчалик турар жойда яшаш ҳуқуқига эга эмаслар, акс ҳолда бу огоҳлантириш ёки беш ойлик индексгача жарима солишга олиб келади.

Латвия. 2003 йилда Латвияда ҳам прописка институтини бекор қилишга йўналтирилган Латвия Республикасининг “Яшаш жойларини декларация қилиш тўғрисида”ги қонунини қабул қилинди. Қонуннинг
мақсади –  ҳуқуқий муносабатлар доирасида давлат ёки ўзини-ўзи бошқариш органи Латвияда яшовчи шахс билан боғланиш имкониятини таъминлаш. Латвия фуқаролари, бу давлат фуқаролиги бўлмаган шахслар, Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқаролари ва Латвияда яшаш рухсатномаси эгалари бир ой ичида қонунда белгиланган тегишли ваколатли давлат муассасасига яшаш жойлари тўғрисида хабар беришлари шарт. Яшаш жойида декларациясиз яшаганлик, нотўғри маълумот берганлик, шунингдек, декларацияни ўз вақтида топширмаганлиги учун қонунда маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган.

Украина. Украинада ҳам Конституциявий суднинг 2001 йил 14 ноябрдаги қарори билан прописка институти конституцияга зид деб топилди. Расмий равишда, “прописка тизими” Украина Республикасининг 2003 йил 11 декабрдаги «Украинада ҳаракат эркинлиги ва яшаш жойини эркин танлаш тўғрисида» ги  Қонуни қабул қилингандан сўнг бекор қилинди. Ушбу қонун прописка ўрнига доимий яшаш жойи ва вақтинчалик турар жойида рўйхатдан ўтиш учун ҳабар бериш тизимини жорий этди.

Литва. Литвада ҳам прописка тизими 1998 йил 2 июндаги Литва Республикасининг “Яшаш жойини декларация қилиш тўғридида”ги  қонуни қабул қилиниши билан бекор бўлди. Унга кўра, ҳар  бир шахс яшаш жойини ўзгартирганда ва янги яшаш жойи тўғрисидаги маълумотдан  маҳаллий ҳокимиятни хабардор қилиши керак.

Бу талаб, биринчи навбатда, аҳолига давлат томонидан ижтимоий хизмат ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатилиши билан боғлиқ (масалан, давлат, қоида тариқасида, ижтимоий нафақаларни фақат ўз ҳудудида яшаш жойини эълон қилган шахсларга тўлайди). Аҳоли ва фуқаролар баъзи ҳуқуқларидан фақат маълум бир ҳудудда яшаш жойини тасдиқлаганидан кейингина фойдаланиши мумкин (масалан, маҳаллий ҳокимият органларига сайловларда овоз бериш, мактаб, болалар боғчасига рўйхатдан ўтиш). Европа Иттифоқининг ҳар бир резидентининг яшаш жойини эълон қилиш мажбурияти Литва ва Европа Иттифоқининг қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Прописка тизимини ислоҳ қилишда  Президент ташаббуси

Ўзбекистонда эски “прописка” тизимидан воз кечиш ва ички миграция сиёсатини тубдан ўзгартириш, фуқароларимизни эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини танлаш конституцион ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича Президентимиз  томонидан илгари сурилган бир қатор ташаббуслар қадамба-қадам амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда, Ўзбекистон Республикасида ҳам “прописка тизимини” халқаро стандартларга мос, илғор ҳорижий тажрибага таянган ҳолда тубдан ислоҳ қилиш бўйича бир қатор ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

  Президентимизнинг “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги 2019 йил 17 январдаги Фармони ва “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги 2019 йил 19 февралдаги   қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга паспорт хизмати кўрсатиш тизимини янада соддалаштириш мақсадида 2019 йил 28 декабрда “Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори   қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, фуқароларни доимий ва вақтинча прописка қилиш, турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини соддалаштириш юзасидан аҳоли учун кўплаб қулайтиклар киритилди, жумладан:

фуқароларни прописка қилиш, пропискадан чиқариш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш яшаш жойига яқин ва уларга қулай бўлган хоҳлаган туман (шаҳар) ИИБлари томонидан амалга оширилади;

фуқароларни прописка қилиш ёки турган жойи бўйича ҳисобга олишда уй-жой мулкдорлари шахсан иштирок этиши талаб қилинмайди, ҳужжатлар уларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади ва ҳоказолар.

  Шунингдек, Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар – чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифаларининг рўйхати тасдиқланди.

Президентимизнинг прописка тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича ташаббусларини яна бир катта натижаси сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан масъул вазирлик ва идоралар томонидан прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳозирги кунда халқимиз томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.

Президентимизни прописка тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича ташаббусларини яна бир катта натижаси сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан масъул вазирлик ва идоралар томонидан прописка тизимини ислоҳ қилишга доир Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳозирги кунда халқимиз томонидан кенг мухокама қилинмоқда.

Лойиҳада халқимизга қуйидаги қулайликлар жорий қилиниши таклиф қилинган:

биринчидан, “прописка” тушунчаси ўрнига халқаро тажрибага асосланган ҳолда “рўйхатдан ўтказиш” тушунчаси киритилмоқда;

иккинчидан,  Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда янги қурилган уйларнинг олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш ҳақидаги талаблар бекор қилинмоқда;

учинчидан, фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда;

тўртинчидан, бошқа ҳудудларда доимий рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва вилоятида уйни умумий мулк ҳуқуқи асосида олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш, гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларига оид битимларни нотариал тасдиқлашда ҳам ижтимоий норма тўғрисидаги қоидалар инобатга олиниши лозимлиги белгиланмоқда;

бешинчидан, доимий прописка учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидаларни қонунчиликдан чиқариб ташлаш кўзда тутилган;

олтинчидан, илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади;

еттинчидан, вакиллик органларига сайланган, тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва республика аҳамиятидаги бошқа давлат ташкилотларига тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чеклов олиб ташланмоқда;

саккизинчидан, туғилган болага Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органида туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштириш вақтида уни отаси ёки онасининг доимий рўйхат манзили бўйича идоралараро автоматлашган тизим орқали доимий рўйхатга олиш тартиби киритилмоқда; оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади;

тўққизинчидан, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 1 йилдан 5 йилгача узайтирилмоқда. Айни вақтда, фуқароларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан, яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилади; доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади ҳамда унинг муддати 3 кундан 1 кунга қисқартирилади;

ўнинчидан, доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиш ва мазкур жараёнларни рақамлаштириш кўзда тутилмоқда. Доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби, ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниб, ушбу жараёнлар идоралараро электрон дастур орқали амалга оширилади.

Фикримизча, ушбу таклиф қилинаётган лойиҳалар қабул қилинса, Ўзбекистон аҳолисини эркин ҳаракатланиш, яшаш жойини танлаш, касб танлаш, мулк ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланиш, оила, таълим олиш ҳуқуқларини самарали амалга оширилаётгани, инсон ҳуқуқлари устуворлиги принципини таъминлаганлигини ёрқин ифодаси бўлади.

                                                                           Нозимахон ГАФУРОВА,
Тошкент давлат юридик университети
Интеллектуал мулк кафедраси
 мудири, ю.ф.д.

 

Аввалги мақолаҲудудлар доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ихтисослаштирилади
Кейинги мақолаУволдан қўрқмай қўйган эдик…