“Прописка яқинда яна ёпилади”: Адлия вазирлиги муносабат билдирди

263

Аҳоли орасида прописка масаласидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинмоқда. Буни ижтимоий тармоқлардаги фикрлар, одамлар орасида тарқалаётган “Прописка яқинда яна ёпиларкан” мазмунидаги миш-мишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Адлия вазирлиги ушбу  масалага ойдинлик киритди.

“Прописка яқинда яна ёпилади, ҳозир прописканинг очиқлиги маълум муддат амал қилинадиган акция экан”, дея тарқалган хабарларга ва шу мазмундаги савол билан Адлия вазирлигига мурожаат этган ОАВларга қуйидагилар маълум қилинди:

Биринчидан, Президент Фармони билан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслиги белгиланди.

Шунга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан кўчмас мулк сотиб олиш учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги шарти бутунлай бекор бўлган.

Иккинчидан, 2020 йил 21 майдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бирламчи бозордан янги қурилган уй-жой сотиб олишда шартнома суммасининг 5 фоизи миқдорида давлат божи тўлаш тартиби бекор бўлди.

Учинчидан, “Тошкент шаҳрида прописка ёпилиши ёки очилиши” масаласига кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Тўртинчидан, бугунги кунда Республикамиз ҳудудида 818 нафар нотариуслар фаолият кўрсатаётган бўлиб, Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириш учун фуқаролар исталган нотариусга мурожаат қилиши мумкинлиги, фақатгина Тошкент шаҳридаги нотариуслар Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштириши мумкин, деган фикрдан йироқ бўлиш лозим.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг