“Пули тўланса хавфсиз, тўланмаса хавфли”: Дрон учириш жиноятми?

83

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ўзининг телеграм каналида рухсатномасиз дрондан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши масаласига танқидий муносабат билдирди:

Қонунчилигимизда арзимаган ҳаракатлар учун ҳам шартта жиноий жавобгарликка тортвориш ҳолатлари афсуски ҳалиям бор.

Тўғриси, Андижон шаҳридаги “Регистон” сайлгоҳида дрондан рухсатномасиз фойдаланиб, клип олмоқчи бўлган операторнинг салкам “йил жиноятчиси”га айланиб қолгани ҳақида ўқиб на кулишни на йиғлашни билмайсан.

Сабаби, ҳар қандай ҳаракатнинг ҳуқуқий оқибатига қараб жавобгарлик белгиланиши керак. Ва мен шу кунга қадар дрондан фойдаланишнинг жамият ва давлат учун қандай оғир оқибат олиб келиши мумкинлигини тушунмаганман. Рухсат олса хавфсиз, рухсат олмаса хавфли. Худдики автомобиллар “тонировка”си каби: пулини тўласанг хавфсиз ҳайдовчисан, тўламасанг хавфли ҳайдовчи.

Бунда тенгсизлик тугаб, тенглик бўлишининг моҳияти шундаки, янги йил кечасида Тошкентда одамлар устида учган “дронлар шоуси” давлат ва жамият учун ҳеч қандай хавф туғдирмади, деб қаралгани каби клип олиш учун дрондан фойдаланишнинг оқибати ҳам ўша “дронлар шоуси” каби бахоланиши керак. Чунки моҳиятан битта ҳолатга иккита кўз билан қўшстандарт услубида қараш адолатсизлик, деб тушунилади.

Оддий айтганда, хатто жарима солишга ҳам тормайдиган бу каби жазоларни жиноят қонунчилигидан бутунлай чиқариш ва нари борса маъмурий тартибдаги жавобгарликка ўтказиш вақти аллақачон етиб келган, дейди депутат.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг