Путин: “Бу қаср менга ҳам, яқин қариндошларимга ҳам тегишли эмас!”

0

25 январь куни Россия Президенти Владимир Путин мамлакат талабалари иштирокида ўтган видеоконференцияда берилган саволларга жавобан, интернет тармоқлари орқали тарқалган видеолавҳага ўз муносабатини билдирди.
Гап шундаки, Президентнинг асосий мухолифларидан бири, блогер ва тадбиркор Алексей Навальний томонидан тайёрланган видеофильмда Қораденгиз бўйида, Геленжик шаҳри яқинидаги йирик тураржой мажмуасининг Владимир Путинга тегишли эканлиги иддао қилинган эди. Қисқа вақт ичида салкам икки соат давом этадиган ушбу видеолавҳани 80 миллиондан ортиқ киши томоша қилган.
Владимир Путин видеоконференция пайтида бу масалага очиқлик киритаркан, “ушбу видеода менга тегишли мулк сифатида кўрсатилган нарсаларнинг ҳеч бири менга ҳам, яқин қариндошларимга ҳам тегишли эмас, ҳеч қайсиси!” деди.
Президентнинг айтишича, ушбу тураржой ҳақидаги гап-сўзлар тарқалганига ўн йилдан ошган. Бу эски гапларнинг яна кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиниши шунчаки фурсатдан фойдаланиб, одамларни ўзига оғдиришга интилишдан бошқа нарса эмаслигини қайд этган этган давлат раҳбари Илья Ильф ва Евгений Петров қаламига мансуб “Ўн икки стул” китобидаги бош қаҳрамон Остап Бендернинг гапини эсга олди: “Қизлар, зерикиб кетдик, бирор қизиқроқ нарса ўйлаб топинглар!”.
Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний 17 январь куни Германиядан, беш ойлик муолажаан сўнг даволаниб қайтгач, суд қарорини бузганликда айбланиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган эди.