Қайиқ дарёга бормаса… дарё қайиққа келади

0

Ассалому алайкум, азиз ўқувчим!

АВВАЛО, сизга ўзимни таништирсам. Мен аслида салкам чорак асрдан буён дунё юзини кўриб келаётган “Инсон ва қонун” газетасиман. Билмадим, вақт сари эътибордан четда қолаяпманми ёки ёшинг улғайгач кўнгил қурғур нозиклашиб қоладими? Ҳар ҳолда сўнгги вақтларда ўзимни ёлғиз қолгандек ҳис қиладиган бўлиб қолдим. Шу сабаб бугун ўзимнинг ёш, шамолдан-да тез, кўпчилик ихлос қўяётган қиёфадошимни ҳозирги замон тили билан айтганда, электрон вариантимни яратдим.

Эҳ, ўқувчим! “Қайиқ дарёга бормаса… дарё қайиққа келади”, дегани шу эканда. Мана, Сиз менга боришни хоҳламадингиз. Ўзим Сизни йўқлаб келиб турибман. Энди Сиздан бир ўтинчим! Менинг мана шу қиёфадошимни ҳам кузатиб борсангиз. Агар Сиз хоҳласангиз мен мана шу орқали сизни дунё талотўп­ларидан тортиб маҳаллангизда бўлаётган икир-чикирларгача хабардор қилиб тураман…

Ўқувчим, биласизми? Ҳозир ҳам ҳамма севиб томоша қиладиган ўша “Шум бола” киносида Эшон ролини ўйнаган Эргаш Каримов шум бола ролидаги Қорабойга айтган бир гапи бор: “…бўтам, ўқигин! Хўпми? Мени айтди дерсан, ўқисанг кам бўлмайсан…” деган. Бу билан Сизга айтмоқчи бўлганим Сиз ҳам ўқинг! Ўқиганда ҳам билиб ўқинг, танлаб ўқинг!

Азиз ўқувчим! Сизга бир саволим ҳам бор. Ҳаётингиз давомида бирон-бир газета-журналга обуна бўлганмисиз? Уни интиқиб кутган дамларингизчи? Ундаги маънавият, маърифатга етакловчи мақолаларни ўқиб лаззатланганмисиз? Билсангиз, ўқиш ҳам лаззат! Агар сиз шуларни ҳис қилган бўлсангиз демак, сиз маънавиятли, маърифатли, зиёли инсонсиз.

Сиздан буларни нима учун сўраётганимни биласизми? Сизда бугун яна бирон-бир нашрга обуна бўлиш истаги пайдо бўлганда хаёлингизга обуна бўлиб нима қиламан, ҳозир техника ривожланган аср бўлса, интернет орқали ҳамма нарсани билиш мумкин-ку, деган қарама-қарши фикр келса, асло обуна бўлиш фикридан ҳам қайтманг! Чунки интернет тараққиёт чўққисидан ошиб кетган тақдирда ҳам газета-журналнинг ўрнини асло босолмайди. Йўқса, ҳозирда тараққиёт борасида олдинлаб кетган, мана-ман, деган давлатларда ҳам битта газета бир кунда миллионлаб нусхада уч марталаб дунё юзини кўрмас эди.

Кези келганда сизга яна бир гапни айтиб қўяй: Сизни ёки фарзандларингизни идораданми ёки мактабданми газета-журналга обуна бўл, дея ниқташса ўксинманг, фақат ўзингиз хоҳлаган нашрга аъзо бўлишингизни айтинг! Ахир, ёш болани мажбурламасангиз дарс қилмайди-ку… Айтмоқчи бўлганим, эзгуликни мақсад қилган мажбурийликдан қўрқманг.

Узр, анча вақтингизни олдим. Ҳасратингни кимгадир тўкиб-солишинг керак-ку. Майли, нима бўлганда ҳам вақтингизни ножоиз гаплар билан олмадим, деб ўйлайман.
Сизга сўнгги айтар сўзим, мабодо, 2020 йилга менга обуна бўлмаган бўлсангиз ҳеч ўйланманг, мана шу қиёфадошим йил давомида Сиз билан бирга бўлади. У Сизни ўз маълумотларидан ташқари мендаги хабарлардан ҳам воқиф қилиб боради. Агар Сизни қиёфадошим ранжитса ҳеч иккиланмай ўзимга айтаверинг, жазосиз қолдирмайман. Мабодо, бу ҳақда яхши фикрларингиз бўлса ҳам менга айтишни унутманг! Ахир, мақтов кимга ёқмайди дейсиз. Ўқинг, кузатинг!

Ёрбек ИСКАНДАРОВ,

“Инсон ва қонун” мухбири