Қўлни кўксига қўйиб саломлашиш инсон зийнатидир

0

Куни кеча бўлиб ўтган видеоселекторда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига қилган мурожаатидаги ҳар бир сўз юрагимга муҳрланиб қолди. Айниқса, юқоридаги, “Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз”деган сўзларини мен ўйлайманки, видеоселекторда иштирок этган, телевизор орқали томоша қилган, интернет-сайтлар орқали мурожаатни ўқиган ҳар бир ўзбекистонлик фуқаро қулоғига қуйиб олди.

Кўз олдимизда ҳаммамиз учун сабоқ бўлувчи воқеалар рўй бермоқда. Аввало Хитой, сўнгра Европанинг юраги – Испания ҳамда Италияда, сўнгра, Америка Қўшма Штатларида шу кунларда коронавирусни юқтирганларнинг сони кунига минглаб кўпаяётгани ҳамда инфекция туфайли вафот этаётганлар сони бўйича биринчи ўринга чиқиб олгани ҳақида хабарлар ҳаммамизни огоҳликка чорлайди.

Президентимиз бежизга “япон феномени”ни ҳақида сўзлар экан, аслида, мавжуд бўлган, ота-боболаримиздан қолган урф-анъаналарга қайтишимизни, қўлимиз кўксимизда саломлашишни яна урфга киритишимиз, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзини оиламизда жорий қилишимизни тавсия қилди.

Тан олиб айтайлик, кўчада кўрган танишимиз қўлини кўксига қўйиб саломлашса кўпроқ хурсанд бўламизми ёки ёшимиздаги тафовутга қарамасдан қўл узатиши, ундан ҳам баттари, қучоқлашиб, европадагидек ўпишиб кўришишга интилишидан хурсанд бўламизми? Менимча, албатта, биринчиси мақбул йўл, чунки, унинг бизга бўлган ҳурмати ёки биз қўлимизни кўксимизга қўйиб саломлашсак, бизнинг унга бўлган ҳурматимиз яққол намоён бўлади. Албатта, қалбларга илиқлик олиб киради.

Шу билан бирга бир ёмоннинг бир яхши томони бўлади, деганларидек, “Уйда қолинг!” тавсиясига амал қилиб уйда ўтирганлар, иш жойидан таътилга чиқиб, уйда ўтирган юртдошларимиз, коронавирус туфайли Сизга йил давомида бирга бўлолмаган оиласи даврасида, ўғил-қизлар билан сирлашиб, уларнинг орзу-умидларини, ҳаётга бўлган қарашларини тинглаб, ўрганиб, аҳил ва иноқ, бир мақсадни кўзлаган оила бўлиш учун яна бир имконият берилди.

Яратганнинг инояти туфайли, шу кунларда оилалар, қўни-қўшни, маҳалла, бир кўчада яшайдиган хонадонлар жипслашди. Болалар ниҳоят ишловчи ота-оналари билан мулоқот қилиш, дарсларига ёрдам сўраш, қизиқишларини бўлишиш имкониятига эга бўлдилар. Ота-оналар ушбу синов кунларида ўзларининг сабр-бардоши, бир-бирларига бўлган муносабатлари билан фарзандларига ибрат бўлиш пайти келди.

Яна бир гап. Бугун бутун-бутун ташкилотлар, тадбиркорлик корхоналари тўхтаб турибди. Албатта, Президентимиз томонидан кечагина имзоланган иқтисодиётни, тадбиркорларни фаол қўллаб-қувватлаш буйича Фармонда уларга кредитлар бўйича қатор имтиёзлар, солиқ ва божлардан енгилликлар берилди.

Аммо деҳқончилик ишлари давом этяпти, чунки, “қиш ғамини кузда е” деганларидек, деҳқонларимиз куз ғамида бугунги таҳликали кунларда ҳам экин-тикин ишларини тўхтатганлари йўқ.

Азиз юртдошлар, ҳовлиларда яшасангиз, бир парча ерга сепилган уруғ нафақат ёз-куз давомида қозонингизни қайнатади, яхши ҳосил бўлса қишда ҳам кунингизга ярайди. Болаларни ёнга олиб, редискаю кўк пиёз, помидор-у булғор қалампири, картошка экиш, умид билан қадалган кўчатларни парваришлашга не етсин? Бу кунлар ҳам ўтар-кетар, аммо болаларнинг ёдида Сиз берган ибрат сабоғи мангуга сақланиб қолади.

Фақат давлатимиз раҳбари ва шифокорлар тавсияларига қулоқ тутиб, ўзимизни, оиламизни омон сақласак, бас.

Фақат оиламизга, уйимизга, маҳалламизга касалликни етаклаб келмайлик. Бепарволигимиз эндигина болаларини уйлаб-жойлаб, қизларини узатиб, невара эркалатиш пайтига келган ота-оналаримизни, бобо-бувижонларнинг ҳаётига нуқта қўймасин.

Ўзим ҳар куни ишга қатнайман. Ҳар куни тиббиёт ниқобим ва қўлқопларни кийиб “Бисмиллоҳ” деб уйдан чиқмасдан олдин ўғил-қизларимга, турмуш ўртоғимга қайта-қайта кўчага чиқмасликларини тайинлайман. Ишдан қайтганимда мени кўриб, югуриб келган фарзандларим билан кўришишдан  аввал усти-бошимни алмаштириб, қўлларимни совунлаб ювиб, сўнгра кўришамиз. Ҳаётимнинг мазмуни бўлган болаларимга зиён олиб келишим мумкинлигини ўйласам, титраб кетаман.

Азиз ватандошлар, келинг аҳил бўлиб, уйда қолайлик! Ишга чиққанларимиз ҳам карантин тартиб-қоидаларига риоя этайлик, чунки бизни уйда оиламиз, фарзандларимиз кутмоқда. Уларнинг ҳаётини хавфга қўйишга маънан ҳаққимиз йўқ.

Жамшидхон Нуритдинов,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи

Аввалги мақолаКоронавирус касаллигига қарши курашиш республика махсус комиссиясининг ахбороти
Кейинги мақолаҲудудларда қатнов ҳолати қандай? (+фотожамланма)