“Рўйхатга қўйиш” тизимини ислоҳ қилиш —  тарихий қадам

0

Давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳалари худди туташ идишлар каби бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, муайян соҳада кечаётган жараёнлар бошқа соҳалардаги ўзгаришлар таъсир кўрсатиши аниқ. Мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳатларни давлат бошқаруви ва жамият ҳаётида демократик тамойилларни кучайтирмай, фуқароларнниг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминламай туриб амалга ошириш мумкин эмас.

Шу маънода, Президентимиз ташаббуси ва бевосита иштирокида ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” мамлакатимизда кўп йиллар давомида йиғилиб қолган долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган изчил ва тизимли дастур сифатида хизмат қилмоқда.

Ўтган вақт давомида мазкур ҳужжатда белгиланган устивор йўналишларда кенг кўламли ишлар бажарилиб, маълум соҳалардаги алоҳида муаммоларни ҳал қилишга ҳам тизимли ёндашилмоқда. Масалан, пул-валюта муомаласи ёки фуқароларнинг ички кўчиш жараёнларини эркинлаштириш сингари алоҳида масалаларга ислоҳатларнинг муҳим таркибий қисми сифатида қаралгани бу муаммоларни ижобий ҳал қилинишига олиб келди.

Биргина фуқароларни “рўйхатга қўйиш” (прописка) тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам юқоридаги фикрларга мисол бўла олади. “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида қабул қилинган давлат дастурларида “прописка” қоидаларини эркинлаштириш, бу борада шахснинг эркин ҳаракатланишига халақит бераётган бюрократик тўсиқ ҳамда коррупцияга олиб келувчи ҳолатларни олдини олиш вазифалари белгиланди ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этиш механизмлари кўрсатиб берилди.

Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги қарорига мувофиқ, вақтинча ёки доимий пропискасиз яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилганлик ва вояга етмаган шахснинг белгиланган муддатда паспорт олмагани учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди, шунингдек, амалдаги қонунчиликдан пойтахтда доимий ёки вақтинчалик пропискасиз бўлган шахсни ишга қабул қилишни рад этиш мумкинлигини назарда тутувчи норма ҳам чиқариб ташланди. Жумладан, вақтинча ёки доимий рўйхатда турмаган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги бекор қилинди. Эндиликда прописка фактидан қатъи назар республиканинг барча минтақасида меҳнат қилиш имкони юзага келди.

Мавсумий иш билан шуғулланиш учун келган фуқароларни ҳисобга қўйишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланди. Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган жисмоний шахслар янги қурилган кўчмас мулкни банк ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоб қилиш йўли билан сотиб олиши ва давлат рўйхатидан ўтказиши мумкинлиги белгиланди.

Албатта, мазкур қарор қоидаларини ҳаётга татбиқ қилиниши фуқароларнинг бу соҳадаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги дастлабки қадам эди.

2019 йилга мўжалланган “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастурига асосан, аҳолининг турган жойи бўйича ҳисобдан ўтиши онлайн шаклда Давлат хизматлари агентлиги томонидан амалга оширилиши йўлга қўйилди. Фуқароларнинг вақтинча рўйхатдан ўтмай мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш муддати узайтирилди. Паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари енгиллаштирилди.

2020 йил 24 январь куни Олий Мажлис палаталарига қилган мурожаатномасида Президентимиз мазкур йил давомида бажарилиши керак бўлган бир қатор долзарб вазифалар қаторида “рўйхатга олиш” тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, парлемент ва ҳукумат томонидан ички миграцияни эркинлаштириш мақсадида халқаро тажрибани ўрганиш асосида бу тизимни ислоҳ қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Жорий йилнинг 22 апрелида “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони имзоланди.

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳар қандай кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий рўйхатда бўлиш шартига боғлиқ қоидалар чиқариб ташланди. Олдинги тартибга кўра, бошқа вилоятларда доимий пропискада бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тошкент шаҳри ва вилоятида фақат янги қурилган уй-жойни сотиб олиш ҳуқуқига эга эди.

Шу билан бир қаторда, мамлакат фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турар жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар келгусида идоралараро электрон ҳамкорлик орқали “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширилиши назарда тутилагани аҳолининг ортиқча оворагарчилиги ва сарф ҳаражатларига чек қўйди.

Шунингдек, фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилди.

Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича “прописка” йўқотилиши ҳақидаги қоидалар ҳам бекор қилинди. Оилага тарбияга олинган шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имконияти берилди.

Шу пайтгача мутахассисларнинг “прописка”ни йўқотиб қўйиш қўрқуви сабабли Тошкент шаҳридан бошқа вилоятларга доимий меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун боришни рад этиш ҳолатлари мавжуд эди. Фармонга мувофиқ, илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳдудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиш тартиби ўрнатилди.

Маълумотларга қараганда, Президент Фармони қабул қилингандан сўнг ўтган дастлабки 70 кун давомидаёқ Тошкент шаҳридан 13 мингга яқин, Тошкент вилоятидан эса 2 мингдан ошиқ уй-жой олди-сотди битимлари нотариал идораларда расмийлаштирилган. Уларнинг деярли 70 фоизи рўйхати бошқа ҳудудларда бўлган фуқаролар иштирокидаги битимларга тўғри келган.

Тегишли мутахассисларнинг таъкидлашича, Президентнинг мазкур фармони қабул қилингач, олдин Тошкентдан уй сотиб олган, бироқ рўйхати бўлмагани учун уни бошқа шахслар номига расмийлаштирган ва “ўз уйида ижарачи” бўлиб яшашга мажбур бўлган фуқаролар биринчилар қаторида уйларини ўз номига расмийлаштиришган. Фармонда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиниши 20 йилдан ортиқ амалда бўлган мамлакат пойтахтидан уй сотиб олишдаги тўсиқларнинг олиб ташланиши фуқароларнинг уй-жойга эга бўлишида юзага келган турли муаммоларни барҳам топишига хизмат қилди.

Мана шу маълумотлар ҳам кўрсатиб турибдики, “рўйхатга олиш” масаласи жуда кўп юртдошларимизни қийнаб келган, “пропискангиз йўқ” деган биргина сўз орқали қанча мутахассислар “ташқарида” қолиб кетганларининг гувоҳи бўлганмиз. Тан олиш керак, фуқаролар “прописка” масаласини ҳал қилиш мақсадида коррупция муносабатларига киришишга мажбур бўлган ҳолатлари ҳам яқин ўтмишимизда кўп учраган.

Таъкидлаш керакки, узоқ давр мобайнида долзарб муаммо бўлиб келган фуқароларни “рўйхатга қўйиш” (прописка) масаласини ижобий ҳал қилингани аҳолининг турли қатламлари томонидан ижобий кутиб олинди, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга алоҳида этибор қаратилаётганинг яққол намунаси сифатида намоён бўлди.

Анвар Эминов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқикот институти масъул ходими