Рамазон ҳайитини нишонлаш ва ҳайит намозини адо этиш тўғрисида Уламолар кенгашининг баёноти эълон қилинди

67

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёноти эълон қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш вақт намоз ва Рамазон ойидаги таровиҳ намозини уйда ўқиш ҳақидаги тавсиялар айни Рамазон ҳайити намозига ҳам тегишлидир.

Қайд этилдики, Рамазон ҳайити кунлари эпидемик ҳолат мавжудлиги ва одамларнинг ҳаётига хавф сақланиб қолиши сабабли жума ва бошқа намозлар каби Ийд намозини ҳам жамоат бўлиб ўқишнинг иложи бўлмайди.

Бундай вазиятда қуйидаги оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хитоб қилади:

“Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг” (Бақара сураси, 195-оят).

Абу Саъид Худурий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:“Зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар. Мўътабар фиқҳий китобларимизда: “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, деган қоида бор.

Юқоридаги баён этилганлардан келиб чиқиб, шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намози адо этиш соқит бўлади.

Маълум қилинишича, 2020 йилги Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Шундан келиб чиқиб, юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилди.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг