Разолатни тарғиб қилманг! Бу борадаги жавобгарлик янада кучайтирилди

0

Бугун ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қила олмаймиз. Иқтосодий ўсиш, ижтимоий ва маданий ҳаёт, илм-фан, таълим ­ – барчаси бугунги кунда бевосита интернет тизимининг имкониятлари асосида ривожланмоқда.

Афсуски, интернет фақат ижобий ўзгаришларгагина эмас, салбий оқибатларга  ҳам сабаб бўлаётганини ҳеч ким инкор этолмайди. Бугун интернет фақат тараққиёт учун хизмат қилаётгани йўқ, у турли уюшган гуруҳлар, террористик ташкилотлар, жиноий тўдалар, хакерлар ва бошқа қора ниятли кимсаларга ҳам қўл келаётир.

Бундан  ташқари, интернет уммонидан зўравонлик, бузғунчилик, фаҳш ва ахлоқсизликни тарғиб этадиган минглаб сайтлар, порталлар мавжуд. Ачинарлиси, бундай мазмундаги материалларга  қизиқиш ҳеч қачон йўқолмайди. Бу “томоша”ларнинг,  айниқса, ўсиб бораётган ёшлар, ўсмирлар орасида ўз “ишқибоз”ларини топиши осон кечади.

Бир пайтлар зўравонлик ва ахлоқсизлик саҳналари акс этган маҳсулотлар видеокассеталар ёки дискларда тарқатилган. Уларни  топиш ва кўриш учун ҳам анча “йўл”ни босиб ўтиш керак бўлган. Бугун эса, бунинг учун битта гаджет ва интернет кифоя қилади. Бир неча сония ичида керакли кадрни  топиб кўриш мумкин.

Бундай мазмундаги материаллар, энг аввало, миллатнинг онгини заҳарлаши, ахлоқини бузиши, инсонларни тубанликка бошлаши барчага аён. Шу боис, инсон ҳис-туйғуларига эрк беришни қўллаб-қувватловчи  давлатларда ҳам бугун порнография ва зўравонлик акс этган лавҳалар тарқалишига маълум чекловлар белгиланган.

Маълумки, ахлоқ-одоб ҳар қандай жамиятда, ҳар доим инсоннинг безаги, зийнати бўлиб келган. Айниқса, Шарқ халқлари, жумладан, бизда ҳам ибо-ҳаё, ор-номус, иффат сингари тушунчалар ҳамиша қадрланган. Орсизлик, номуссизлик, беҳаёлик, меҳрсизлик ва разолат  ҳамиша эл нафратига учраб келган. Бундай қарашлар қонуний ҳужжатларимизда ҳам ўз аксини топган. Жумладан, инсоннинг шаънини, қадр-қимматини ерга урадиган, унинг номуси ва обрўсига путур етказадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Беҳаёлик ва шафқатсизликни  тарғиб этиш, зўравонликни акс эттирган, порнографик маҳсулотларни тарқатиш жамиятнинг маънавий тараққиётига халал берадиган ҳуқуқбузарликлар сирасига киради. Жумладан, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама ва намойиш қилиш бўйича миллий қонунчилигимизда муайян жазолар белгиланган эди.

Бугун бундай хатти-ҳаракатларни бемалол бажариш учун Интернет, ижтимоий тармоқлар энг қулай воситага айланди. Бундай фильмларни энди диск ёки видеокассетада божхона постларидан яширинча, айланма йўллар билан олиб киришга деярли ҳожат қолмади. Шу боис, бу борадаги қонунчилик талабарига ҳам ўзгартириш киритиш, жазо чораларини янада қатъийлаштириш керак эди.

Ана шу мақсадда 2020 йил 25 декабр куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунида ушбу масалалар алоҳида эътиборга олинди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасида илгари порнографик мазмундаги асарлар, босма нашрлар, ашёларнинг тасвирлари, кино-видео фильмлар, телерадио дастурлар, видео ва овоз ёзувли материаллар, кино-фото материаллар ва бошқа маҳсулотларни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун мазкур материалларни, шунингдек уларни тайёрлаш ва тарқатиш воситаларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланган, холос.

Шу сабабли бундай иш билан шуғулланганлар қўлга тушган тақдирда ҳам арзимаган жарима билан қутулиб, яна ўша “эски касб”ни давом эттираверишган.

Қолаверса, илгари ана шундай “томошалар” дисклар, кассеталар, хорижий нашрлар ёрдамида тарқатилган бўлса, бугун бундай шаҳвоний ва ҳайвоний тасвирлар турли мессенжерлар, сайтлар, ижтимоий тармоқлар, “Телеграм”, “ВатСапп”, “Ютуб”, “Фейсбук” ва “Тик-Ток”даги каналлар, гуруҳлар воситасида ёйилмоқда. Бир пайтлар бундай беҳаё ва шафқатсиз томошаларнинг “қаҳрамонлари” фақат хорижликлардан иборат бўлса, бугунги кунда интернетдан, ижтимоий тармоқлардан ўзбек тилидаги шаҳвоний ҳикоялар, матнлар, суҳбатлар, видеолавҳалар, фильмларни ҳам истаганча топиш мумкин.

Бу эса, ёшлар онги ва шуурига қаратилган таҳдид янада реаллашганини кўрсатади. Бир пайтлар ўсмир бола ўз қизиқишларини қондириш мақсадида ота-онасидан бекитиб тўплаган пулларига хорижда чиққан ялтироқ муқовали нашрларни сотиб олган ёки ертўладаги “видеобар”ларда тақиқланган “кино”ларни кўрган бўлса, бугунгилар учун бундай қийинчиликларга ҳожат қолмади ҳисоб.

Шу сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси матни янги таҳрирда баён этилди. Унга кўра, эндиликда порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, порнографик маҳсулотни реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш шу мақсадда ишлатилган воситаларни мусодара қилган ҳолда,  базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Орадаги фарқни кўряпсизми? Салкам юз баравар.

Илгари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга зўравонлик, шафқатсизликни тарғиб қилувчиларга нисбатан бирор бир қонуний чора белгиланмаган. Ҳолбуки, бундай материаллар инсон онгига, айниқса, ўсиб келаётган ёшлар тарбиясига салбий таъсир этиши аллақачон ҳаётда ўз исботини топган. Қотиллик, зўравонлик, босқинчилик ва бошқа жиноятларга қўл урган ёш жиноятчиларнинг руҳий ҳолати, қизиқишлари таҳлил қилинганда, улар худди шу мазмундаги фильмлар, лавҳаларни жуда кўп томоша қилишгани аниқланган.

Демак, бундай тарғиботнинг олдини олиш, тарғиботчиларни жазолаш орқали қанчадан-қанча оғир жиноятларнинг олдини олиш мумкин.

Шу боис ҳам,  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга яна битта қўшимча киритилди.  1891-моддага кўра,  зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки  олиб кириш, реклама
қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, хоҳ у одатий кўринишда, хоҳ интернет маконида бўлсин,  порнография тарғиботи билан бир хил тарзда жазоланади.

Бу ҳали маъмурий жавобгарлик холос. Агар бундай ҳаракатлар маъмурий жавобгарликдан кейин такроран юз берса-чи? Унда энди бундай қилмиш жиноятга айланади.

Шу боис, бундай қилмишлар учун белгиланган жиноий жавобгарлик шартлари ҳам бир мунча ўзгарди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  тегишли моддаларида Порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, порнографик, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи  маҳсулотларни реклама қилиш, намойиш этиш, тарқатиш, худди шундай хатти-ҳаракатлар оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот
тармоғи ёрдамида амалга оширилган тақдирда ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб ўтилди.

Яъни  порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун даражасига қараб, бериладиган жазолар базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараварига қадар жаримадан тортиб, то беш йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бориши мумкин.

Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилганлар учун эса, қилмишига яраша, БҲМ миқдорининг 400 бараварига тенг жаримадан тортиб,  уч йил муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Яъни бу борада қонунчиликка, аввало, интернет ва ахборот технологияларининг замонавий кўринишлари билан боғлиқ жиҳатлар киритилган, қолаверса, бу борадаги жазолар янада кескинлашган.

Тўғри, бугун интернет ҳаётимизга шу қадар чуқур кириб бордики, 5 яшар бола ҳам интернетнинг замонавий имкониятларидан бемалол фойдалана олади. Бугун боланинг қўлидан телефон ёки планшетни тортиб олиш, уйдаги вай-фай тизимини ўчириш билан уни турли виртуал таҳдидлардан қўриқлашнинг имкони йўқ.

Шу боис, аввало фарзандларда бу каби ахлоқсизлик намуналарига нисбатан иммунитетни шаклантириш, уларга тўғри тарбия бериб, оқ-қорани фарқлашни ўргатиш лозим. Қолаверса, ўз манфаатлари йўлида разолат тарғиботига қўл ураётганлар муносиб, кескин жазога тортилиши шарт. Шунда озми-кўпми жамиятнинг маънавий тараққиётига ҳисса қўшилиши мумкин.

                            Рустам Жабборов,
                            “Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими