ЯнгиликларҲуқуқРеферендум ўтказишда қандай муҳим ўзгаришлар бўлди?

Референдум ўтказишда қандай муҳим ўзгаришлар бўлди?

«Ўзбекистон Республикасининг Референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ўзида референдум ва унинг ўтказиш шакллари, тартиб-таомилларини мужассам этган муҳим ҳужжатдир.

Референдум – бу Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.

Ана шундай умумхалқ овоз бериш жараёнлари халқимизнинг хеч бир қатламини бефарқ қолдармаслиги лозим. Чунки, эркин ва демократик давлатда яшаётган ҳар бир фуқаро референдумда иштирок этиши ўзининг конституциявий ҳуқуқидир.

2022 йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида Конституциявий ислоҳотларни умумхалқ референдуми орқали амалга оширилиши билан боғлиқ катта сиёсий воқеа бўлиб ўтади. Хўш, ана шу ўринда фақароларимизда референдум билимлари қай даражада, Унда кимлар иштирок этади, Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун уларга нима муҳим каби саволлар туғилади.

Референдумда кимлар иштирок этади?

Референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилаётган ёки турган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси референдумда иштирок этишга тўла ҳақлидир.

Референдумда кимлар овоз беради?

Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур референдум участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилади.

Рўйхатга овоз берувчи ҳар бир фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва турар жой манзили киритилади.

Ҳар бир фуқаро овоз берувчиларнинг фақат битта рўйхатига киритилиши мумкин.

Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхати асосида тузилади.

Қандай муҳим ўзгаришлар бўлди?

Жорий йилнинг 16 июнь куни «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонунига киритилган ўзгартишларга кўра, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди. Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан 10 кун қолганида маълум қилади, авваллари 15 кун қолганда эди.

Шунингдек, кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида 3 кун олдин хабардор қилиши керак.

Сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланиши белгиланди.

Референдум жараёнида Адлия идораларинг ўрни қандай?

Мазкур сиёсий тадбирни юксак савияда ўтказиш фуқароларимизнинг фаоллиги ва фуқаролик бурчини чуқур англаши ҳамда сиёсий етуклигини намоён этишига боғлиқдир.

Референдум жараёнларида ҳар бир фуқаронинг шахсан ўзи иштирок этиши орқали ўз сиёсий иродасини намоён қилишини тарғиб қилиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш адлия органларининг олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Шунга кўра, «Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир» шиори остида аҳолининг референдум қонунчилигига оид ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўлида муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Айни вақтда ҳудудий тарғибот гуруҳлари тузилиб, манзиллар, давлат органлари, маҳаллалар, ташкилотлар кесимида тарғибот ишлари бошлаб юборилди. Мақсадимиз, фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини ошириш баробарида, референдумни қонуний ўтишига хисса қўшишдир!

Наима Ядигарова,
Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img