Ректорлар ўқишга киришда абитуриентлар фақат ўз кучи ва билимига ишониши кераклигини эслатди!

0

Ризқнинг ҳалоли – халоватимиз гарови эканини доимо ёдда тутишимиз даркор

Қўнғиротбой ШАРИПОВ, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори:

— Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, коррупциянинг таълим соҳасида учраётгани жуда ачинарли ҳолатдир. Коррупция эндигина катта ҳаётга кириб келаётган ёш авлод онгида ижтимоий адолатга, ҳақиқатга, давлат органлари ва мансабдор шахсларга бўлган ишончни сусайтиради.

Айни кунларда мамлакатимиздаги деярли барча оилаларда фарзандларни таълим муассасаларида ўқитиш мавзуси кенг муҳокама қилиняпти. Бу жараёнда фақат ўз манфаатини ўйлайдиган “уддабурон олғирлар” пайдо бўлиб, қоп-қоп вадалар беришади.

Ҳурматли ота-оналар, Сиз фарзандингизни оқ ювиб, оқ тарадингиз, вояга етказдингиз, агарда Сизда ҳар хил йўллар билан бўлсада, нури дийдангизни олий таълим муассасасига киритиш фикри бўлса, удан ҳозирданоқ воз кечинг. Коррупцияга қарши курашиш, таълим ва тарбия масалаларида ҳамжиҳат бўлсак, ўйлайманки янгиланаётган Ўзбекистоннинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

Шариф ЭРГАШЕВ, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ректори:

— Бугунги кунда институтимизни коррупциядан ҳоли олий таълим муассасасига айлантириш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, ”ҳалолик вакцинаси” имкон қадар барча профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимларга сингдирилди.

Ҳурматли ота-оналар! Айни кунларда фикри-ҳаёлингиз фарзандингизни талабалар қаторида бахтли кўриш. Ана шундай паллада олдингизда пайдо бўлиб, сизга “мана мен нажот” дегувчи муттаҳамларга алданиб қолманг.

Туну-кун китобдан илм излаб, ўз қизиққан соҳаси сари катта-катта орзуларга пешвоз чиқаётган ўғил-қизингизни “мен айтган соҳада ўқийсан, мана мен сенга фалон пул сарфлаяпман”,- дея унинг келажагини фирибгар тарозисида ўлчаманг. Унутманг, қонун олдида барча баробар: пора берган ҳам, пора олган ҳам!

Баҳодир ШОИМҚУЛОВ, Қарши давлат университети ректори:

— Биз ҳар йили Сиз ота-оналар ва абитуриентларга қайта-қайта мурожаатлар билан чиқамиз. Ушбу йилда ҳам яна бир бор Сизларни огоҳлантириб қўйишни ўз бурчимиз деб билдик.

Қабул жараёнларида тест ёки ижодий (касбий) имтиҳони мавжуд йўналишларга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилувчи олий таълим соҳасига алоқадор бўлган ва бўлмаган ана шундай айрим шахсларнинг найрангларига алданиб қолишдан, пешона тери билан топган жамғармангизни ҳавога соврилиб кетишидан огоҳ бўлинг.

Ҳар қандай вазиятда ҳам ҳалол, виждонли одам ҳаётда ғолиб бўлади ва бахтли-саодатли ҳаётга эришади. Зеро, ризқнинг ҳалоли – халоватимиз гарови эканини доимо ёдда тутишимиз даркор.