“Рисоладагидек” она

0

 Ҳаётда ҳар қандай инсон учун энг қадрдон ва идеал шахс бу – унинг онасидир. Негаки онажонларимиз бизни бу ёруғ жаҳонга келтиргач, бор ҳаловатидан кечиб, тарбия қилади. Емай едиради, киймай кийдиради. Керак бўлса, фарзанди учун жонини беришга ҳам тайёр туради. Аммо….

Аммо  гуруч курмаксиз бўлмаганидек, орамизда фарзандидан, унинг тарбиясидан ўзининг ҳузур-ҳаловатини устун қўядиган аёллар ҳам йўқ эмас. Гарчи бу тоифадагилар озчиликни ташкил қилса-да, жамият уларнинг хатти-ҳаракати ёки қилмишларидан жиддий зарар кўради, боласи эса азият чекади.

Албатта, мен айни фикрларни бежиз келтираётганим йўқ. Яқинда оддийгина, бироқ оқибати аянчли бўлган воқеага гувоҳ бўлдим. Пойтахтимизнинг “Муқимий” ва “Халқлар дўстлиги” кўчалари кесишмасидаги ер усти йўлагидан ўтаётиб, тахминан 30-35 ёшлар чамасидаги аёлнинг ўғли ёнида сигарет чекиб турганини кўрдим. Тўғри, бугунги кун учун бу арзимас ҳолат саналади ёки янгилик эмас. Бунақа вазиятларга кўзимиз ўрганиб, пишиб кетган. Балки бу гапларимни эшитиб, устимдан кулувчилар ҳам топилар. Лекин юқоридаги воқеанинг моҳияти теранроқ таҳлил қилинса, оқибати анчагина жиддий ва хавотирланарли эканлиги аён бўлади.

Аввало ўша ўғил чекишни онасидан ўрганади (балки онаси ичар ҳам). Шундай экан, эртага унинг нафақат тамаки, балки гиёҳванд моддалар ҳам истеъмол қилмаслигига кафолат йўқ. Қолаверса, бугун онасининг чекишига кўниккан ўғил келгусида улғайиб, оила қургач, рафиқасининг ҳам ичиш ёхуд чекишига эътиборсиз бўлади. Хотинига қўшилиб ичишар, чекишар ҳам. Оқибатда уларнинг фарзандлари носоғлом, ҳатто майиб-мажруҳ ҳам туғилиши ҳақиқатдан йироқ эмас. Энг ачинарлиси ота-онанинг умри касалванд, ногирон фарзандига термулиб    ўтади.

Масаланинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, шифокорлар тамаки чеккан одамдан кўра, унинг ёнида турган инсон кўпроқ заҳарланишини таъкидлашади. Шундай экан, сигарет чекаётган аёл ўзи қолиб ўғлининг ҳам соғлиғига путур етказадику. Ҳаммамизга маълумки, тамаки биринчи ўринда инсоннинг ўпкасини заҳарлаб, нафас олиш тизимини ишдан чиқаради. Бинобарин, биз чекаётганига гувоҳ бўлган “идеал” онанинг фарзанди нафақат ўпка ёхуд нафас йўллари касаллигига чалиниши, балки  бошқа хасталикларга учраши ҳам мумкинку.

Бироз қўполроқ бўлса ҳам айтай, ёшлигимда қишлоғимиздаги кексалардан “Нос чеккан кишини уриб синдир тишини, сигарет чеккан кишини Худо билар ишини” деган шеърий ўгитни ҳам эшитганман. Гарчи бу гап қулоққа ёқимсиз эшитилса-да, тамакининг нақадар хавфли эканлигига ишорадир, деб ўйлайман. Ахир жойлардаги наркология диспансерларида чекиш ортидан соғлиғи аянчли аҳволга келиб қолган беморлар йўқ эмаску.

Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бир эзгу ташаббусларини алоҳида эътироф этмоқчиман. Яъни Юртбошимиз сўнгги йилларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳақида кўп қайғуриб, ҳатто буни тарғиб қилишда турли моддий рағбатлантиришларни ҳам белгилаб берди. Бунда асосий эътибор аёлларнинг, хусусан, бўлажак оналар бўлган қизларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилмоқда. Негаки кўча-куйда нафақат фарзандли аёллар, балки ёш қизлар ҳам сигарет тутатаётганига дуч келамиз. Ана энди уларнинг келажакда турмушга чиқиб, оғир оёқлигида ҳам чекса, қандай салбий оқибатларга олиб келишини тасаввур қилиб кўраверинг. Инчунин, оддийгина, арзимасдек кўринган бу иллатга барчамиз бирдек курашишимиз, аёлларнинг, хадемай келажагимиз эгаларини дунёга келтирувчи қизларнинг соғлиғи ҳақида қайғуришимиз, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенгроқ жалб этсак, нур устига аъло нур бўларди. Ортиқча хавотирга ҳам ўрин қолмасди.

 

Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири

Аввалги мақола   ДХА Наманган вилоят бошқармаси “Бунёдкор” маҳалласида аҳоли муаммоларини ўрганди
Кейинги мақолаҒафур Ғулом Навоий қабри устида нималарни ҳис қилган?