ЯнгиликларЖаҳонРоссияда IT-мутахассислари етишмаяпти: Мамлакат чора изламоқда

Россияда IT-мутахассислари етишмаяпти: Мамлакат чора изламоқда

Россия Ички ишлар вазири ўринбосари Игор Зубов Федерация кенгашида сўзлаган нутқида мамлакатда айни пайтда ахборот технологиялари соҳасида мутахассислар етишмаётганини маълум қилди.

«Бизда санкциялар туфайли IT-мутахассисларининг катта оқими четга чиқиб кетди, эҳтиёж эса қарийб 170 минг кишини ташкил этади», — деди Зубов йиғилишда.

Аввалроқ, Россия электрон алоқа ассоциацияси раҳбари Сергей Плуготаренко ушбу соҳада банд бўлганларнинг оммавий равишда чиқиб кетиши ҳақида огоҳлантирган эди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Украинада уруш бошланганидан кейин 50 дан 70 минггача IТ-мутахассислари Россия Федерациясини тарк этган, яна 70 дан 100 минггача одам “иккинчи тўлқин”да кетиши мумкин.

Ҳозирда оммавий эмиграция фонида Россия ҳукумати IТ соҳасини қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқишни бошлади. Мавжуд чора-тадбирлар қаторида бу соҳа вакилларини ҳарбий хизматга жўнатиш тартибини бекор қилиш ва улар учун имтиёзли ипотека кредитлари бериш режалаштирилган.

Зубовнинг сўзларига кўра, Россия ҳозирда IТ-компанияларга сезиларли солиқ имтиёзлари беради, шунингдек, соддалаштирилган тартибда хорижлик мутахассислар яшаш учун рухсатнома олади. Бир ҳафта олдин Давлат Думаси учинчи якуний ўқишда юқори малакали ишчиларга вақтинчалик прописка эмас, дарҳол яшаш учун рухсат олиш имконини берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Б орқали соҳа вакилларининг турмуш ўртоғи, фарзандлари ва бошқа яқин қариндошлари прописка олишлари мумкин бўлади.

Зубовнинг таъкидлашича, мутахассисларнинг ўртача иш ҳақи тахминан 140 минг рубл бўлади.

“Интернетни ҳимоя қилиш жамияти” директори Михаил Климарев эса, Россия расмийлари бундай чоралар билан кўплаб мутахассисларни жалб қила олмайди, деган фикрда.

“Келинг, IТ-саноатда ишлайдиган мутахассисларга нимани таклиф қилаётганимизни муҳокама қилайлик. Паст солиқлар жорий қилинаяпти, аммо соҳа вакиллари учун бу унчалик ҳам муҳим эмас. Балки Марказий Осиёлик мутахассислар учун прописка олишнинг осонлиги ва қулайлиги жозибадор бўлар. Бироқ ҳақиқий IТ усталарини қизиқарли лойиҳалар ва юқори маошлар қизиқтиради. Бу вариантлар-чи таклифда борми? Бу унчалик аниқ эмас”, дейди Климарев.

Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда Россияда муҳим IТ-лойиҳаларни ривожлантириш истиқболлари йўқ.

“Яхши мутахассис учун 140 минг рубллик маош бироз кулгили кўринади. Глобал IТ-корпорацияларда маошлар йилига бир миллион долларга етади. Ғарбий Европада ойига 10-15 минг евро – бу улар учун оддий иш ҳақи. Россия компаниялари бунай шароит ва имкониятларни таклиф қила олмайди, деб қўрқаман” деди у.

Михаил Климаревнинг фикрича, ахборот технологиялари соҳасида ишлайдиганлар учун Россияда ишлашнинг фойдадан кўра салбий жиҳатлари кўпроқ.

У Россия ҳукумати томонидан кўрилган чораларга қарамай, IТ-мутахассисларининг мамлакатдан чиқиб кетиши давом этишини тахмин қилмоқда.

“Ўйлайманки, яқин икки йил ичида Россияни икки миллионга яқин одам тарк этади, улар орасида IТ-мутахассислари ва уларнинг оилалари ҳам кўп бўлади”, деди мутахассис.

Май ойида Россия Бош вазири Михаил Мишустин хорижга кетган IТ-мутахассисларининг 80 фоизи мамлакатга қайтганини, бироқ Россияда бу соҳада малакали кадрларга эҳтиёж сақланиб қолаётганини айтган эди.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img