Россияда конституцияга киритиладиган ўзгаришлар учун кўп овоз тўпланди: Мишустин энди мулозимларнинг шахсий масъулияти ошишини айтмоқда

0

Россия Федерацияси Конституциясига ўзгартириш киритиш учун берилган овозлар 77,92 фоизни ташкил қилди. Мамлакат Марказий сайлов комисияси 21,27 фоиз овозлар конституцияга ўзгартириш киритилишига қарши берилганини маълум қилди.

 

Охирги маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисининг 65 фоизи овоз бериш жараёнларида иштирок этган.

Бутун Россия бўйлаб овоз бериш жараёнлари кеча Чоршанба куни 21:00 да якунланди. 25 июндан 30 июнгача режалаштирилган овоз бериш жараёнининг асосий куни 1 июль санаси бўлди. Коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида шундай чора кўрилди. Овозларни умумлаштиришда эса 1 июлдан ташқари, 25 июндан 30 июнгача тўпланган ҳар бир овоз ҳисобга олинади.

ТАСС ахборот агентлигининг маълум қилишича, биргина Иркутск вилоятида 64 фоиз сайловчилар конституцияга киритилаётган ўзгаришларни маъқуллаб овоз беришган.

Россия Федерацияси Бош вазири Михаил Мишустин Конституцияга киритиладиган ўзгаришларнинг кўп овоз билан маъқулланиши мулозимларнинг шахсий маъсулиятини ошириб, Ҳукумат олдига янги вазифаларни қўйишини таъкидлади.

Бугун Ҳукумат йиғилишини очар экан, Бош вазир: “Кечаги овоз бериш жараёнлари, президентлик муддатларини ноллаштириш таклифининг маъқулланиши, албатта, мамлакат ривожи учун хизмат қилади. Бу ўз навбатида Ҳукумат олдига мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш борасида янги вазифаларни қўяди ва шу жараёнда бажарилаётган ишларга ишонч мустаҳкамланиши учун ҳар биримизнинг шахсий масъулиятимиз янада ошади”, деб таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Россия конституциясига киритилиши режалаштирилаётган ўзгаришлар қаторида кўплаб бўлимлар мавжуд. Масалан, меҳнат муҳофазаси, иш берувчи ва ишчи ўртасидаги муносабатлар, Россия суверенитети каби бобларга ўзгаришлар киритилган. Аммо янги ўзгаришларнинг энг шов-шувлиси президентлик муддатларини ноллаштириш борасидаги таклиф бўлди.

Ўзгаришларга кўра, Путин 2024 йилдан кейин ҳам 2036 йилача яна икки муддат президентликка ўз номзодини қўйиши мумкин бўлади.