Россияда мигрантлар ҳужжатларининг амал қилиш муддати узайтирилиши мумкин

0

Россия президенти Путиннинг хориж фуқаролари ҳужжатларининг амал қилиш муддатини чўзиш тўғрисидаги фармони узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда 27 ноябрь куни Россия Ички ишлар вазирлиги миграция бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Кирилл Адзиновга таяниб TezNews интернет нашри маълум қилди.

Владимир Путиннинг фармонига биноан, хориж фуқаролари мамлакатда бўлиб туриш муддати якунига етган тақдирда ҳам Россияда қолиши мумкин. Уларнинг регистрация, патент, яшаш учун гувоҳномалари муддати ўтган деб ҳисобланмайди, ва мамлакатдан чиқариб юборилмайди.

Ушбу фармон коронавирус пандемияси ва чегара ёпилиши сабабли чиқарилган. Владимир Путин фармонни 18 апрелда имзолаган ва унинг амал қилиш муддати икки марта янгиланган: 15 сентябргача кейин 15 декабргача.

Кирилл Aдзиновнинг айтишича, фармоннинг амал қилиш муддати 2021 йилнинг ёз фаслигача узайтирилиши мумкин:

“Биз президент маъмурияти билан фармоннинг узайтирилиши устида ишламоқдамиз. У келаси йил ёзига қадар узайтирилиши мумкин”, дейди Кирилл Адзинов.