Россияда оммавий эмлаш қачон бошланиши маълум бўлди

0

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кейинги ҳафтадан бошлаб мамлакат миқёсида коронавирусга қарши эмлашни бошлашга кўрсатма берди. Бу ҳақда ТАСС ахборот маҳкамаси маълум қилди.

Президентнинг айтишича, тез кунларда Россияда ишлаб чиқарилган вакциналар ҳажми икки миллион дозага етказилади. Бу оммавий бўлмаса-да, кенг кўламда эмлаш учун етарли миқдор саналади. Дастлабки босқичда фақат ўқитувчилар ва шифокорларни эмлаш назарда тутилган. Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикованинг айтишича,  жараённи бошлаш учун ҳамма нарса етарли.

Хавф гуруҳига кирувчи шахсларни декабрь ойидаёқ элашни бошлаш ҳақида аввалроқ Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко ҳам маълум қилганди. Бу гуруҳга ўқитувчилар ва шифокорлардан ташқари ижтимоий таъминот хизмати ходимлари, қандли диабет, семизлик ва гипертониядан азият чекадиган беморлар, кекса ёшдаги кишилар киритилган.

Айни пайтда Россияда иккита вакцина — “Спутник V” ҳамда  “ЭпиВакКорона”  рўйхатга олинган. Мамлакатдаги Чумаков номли марказда яна бир вакцина устида иш олиб борилмоқда. Мазкур вакцинани оммавий тарзда ишлаб чиқариш 2021 йилнинг февраль ойида бошланади.

Статистик маълумотларга кўра, 3 декабрь ҳолатига кўра, Россияда COVID-19 билан оғриган беморлар сони 2 347 401  нафарни ташкил этмоқда. Касалланганлар сони бўйича Россия дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан кейинги тўртинчи ўринда бормоқда. Ҳозирга қадар Россияда коронаввирусдан вафот этганлар сони 41 058  кишини ташкил этмоқда.