МуҳимРоссиядаги ўзбеклар энди қандай йўл тутади? Ташқи меҳнат миграцияси вакили изоҳ берди

Россиядаги ўзбеклар энди қандай йўл тутади? Ташқи меҳнат миграцияси вакили изоҳ берди

Энг кўп ўзбек мигрантлари ташриф буюрадиган Россия давлатидаги бугунги вазиятни барчамиз кузатиб турибмиз. 21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик ҳолати эълон қилинганлиги ҳавотиримизни янада оширди. Бу фармоннинг ортидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси  ҳамда Россиядаги ўзбек элчихонаси вакиллари  Ўзбекистон фуқароларидан оммавий намойишларда иштирок этмасликни сўради. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати раҳбари Норов Ортиқхўжа  бугунги вазият ва мигрантларимиз ҳақида бизга қуйидагиларни маълум қилди.

— Россиядаги муҳожирларимиз бир неча миллион кишини ташкил қилади. Улар орасида давлат билан шартнома қилиб кетгани ҳам мустақил ўзи  иш қидириб кетганлари ҳам бор. Россия Президентининг сафарбарлик борасидаги фармонидан сўнг кўпчиликда битта савол туғилди. Энди ўзбек мигрантлари қандай йўл тутади? Авваламбор, бу сафарбарлик фақат Россия фуқароларининг айрим тоифалари учун. Ўзбек ҳамюртларимиз ва бошқа давлатларнинг мигрантлари доимгидек ўз ишлари билан машғул бўлади. Уларга ҳеч қандай хавф кутилмаётган бўлсада, бироқ ёлланма аскар сифатида урушга қўшилмасликларини сўраб қоламиз. Бу ўзлари учун ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

—  Сафарбарлик фармонидан сўнг, юртдошларимиз  таҳликага тушдими? Балки мурожаатлар ошгандир…

—  Айни пайтгача бирорта мурожаат келиб тушмади. Россия федерациясининг ўзида 16 та консуллик бўлимимиз бор. Тез-тез у ердаги  ҳамюртларимиз аҳволи  ҳақида сўраб турибмиз.  Юртдошларимиз ва уларнинг хавфсизлиги эътиборимиз марказида бўлиб турибди. Шу ўринда яна эслатмоқчиман, юртдошларимиз ўзларини қийнаган қандай масала бўлса, Россиядаги консуллик бўлимларимизга ёки элчихонамизга мурожаат қилишларини сўраймиз. Юртдошларимиз, ҳар хил ваҳималарга учмасликни, катта маблағ таклиф қилишса рад этишни маслаҳат берамиз. Урушда ким қатнашса, пул маблағлари билан Россия фуқаролигини таклиф қилишмоқда. Шу ўринда эслатиб ўтмоқчиман,  Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шунингдек, Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

Феруза РАҲИМОВА,

Hudud24.uz мухбири

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img