Одатда ўғри деганда бировнинг кўзга кўринадиган мол-мулки, буюми ёки пулини ўмарган кимсани тушунамиз. Кундалик ҳаётимизда эса бунга мисоллар жуда кўп.

Аммо акциядорлик тижорат “Агробанк”нинг Сўх туман филиали пластик карталар шўъбаси 1-тоифали мутахассиси Жавоҳир Тўраев (исм-шарифлари ўзгартирилган) ўғирликнинг антиқа – электрон усулини “кашф қилди”.

Гап шундаки, Жавоҳир акциядорлик тижорат “Агробанк” Республика бошқарувининг 2010 йил 24 августдаги “Агробанк” АТБ тизимида NСI-банк ва DUET электрон базасидан фойдаланиш бўйича тартибни тасдиқлаш тўғрисида”ги 57/1-сонли қарорига асосан ишлаб чиқилган тартибга кўра, филиал бошқарувчисининг тегишли буйруғи билан интеграллашган NСI-банк тизимининг идора қилувчиси (администратор) этиб тайинланган. Шу муносабат билан унга мазкур тизимда ишлаши учун U542_PLAСTIK10 логин-пароли берилган. Бу билан эса Ж.Тўраев мижозларнинг пластик карточкалари фаолиятини кузатиш имконига эга бўлган.

Буни қарангки, Жавоҳир пластик карточкалар фаолиятини кузатиш асносида бир ҳолатга дуч келади. Яъни айрим пластик карточкалардан 6 ой, бир йил, ҳатто йиллар мобайнида фойдаланилмаётганини аниқлайди. Натижада ўша мижознинг паспорт маълумотлари асосида янги пластик карточка очган ҳолда бирин-кетин карталардаги маблағларни ўзлаштиришни бошлайди. Негаки янги пластик карточка очилиб, “NCI” электрон дастурининг “Uzcard” модули орқали эски карта фаолияти тўхтатилганда маблағ янги картага ўтказилади. Шу тариқа 2017 йил 6 март куни банк мижози Р.Элназаровнинг 1.079.200 сўм пулларини яширин равишда талон-торож қилиб, пулларни терминалларда ишлатиш йўли билан ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Орадан бир ой ўтгач, фуқаро М.Одиловнинг 1.764.000 сўм пулини ҳам шу тарзда ўғирлайди. Қолаверса, ўғирланаётган пуллар миқдорини ҳам тобора ошириб боради. Жумладан, 2017 йил 7 август куни мижоз М.Тоҳированинг 4.571.400 сўм пулларини ўғирлаган бўлса, 2017 йил 14 август куни фуқаро М.Исоевнинг пластик картасидаги 5.600.000 сўм пул маблағини яширин равишда талон-торож қилади.

Шундай қилиб банкир йигитнинг “иштаҳа”си очилгандан очилиб, электрон ўғирликни 2018 ва 2019 йилларда ҳам давом эттиради. Айтайлик, 2019 йил 5 март куни туманнинг Демурсад қишлоғида яшовчи, “Фарғонагаз” ҳудудий филиали Сўх тумани участкаси муҳандиси вазифасида ишловчи Баҳрон Марифовнинг пластик карта дубликатини фаоллаштиради. Сўнгра унинг 14.599.000 сўм пулларини ўғирлаб, банкомат орқали нақдлаштиради. Пулларни эса ҳар галгидек шахсий эҳтиёжларига сарфлайди. Бироқ…

Бироқ туманнинг Умбара қишлоғида яшовчи, “Сўх гидротранс” МЧЖ ҳайдовчиси Шоҳруҳ Ниматиллоев Ж.Тўраевнинг ўғирлигидан энг кўп жабр чеккан фуқародир. Боиси ўғри банкир 2019 йил 30 март куни бу мижознинг пластик карточкасида 2 йилдан буён йиғилиб келаётган оз эмас, нақ 37.383.877 сўм пулини бир уринишда ўғирлайди. Лекин кейинчалик — 2019 йил июнь ойида Б.Марифов ва Ш.Ниматиллоев бундан хабар топиб, банк филиали бошқарувчисига мурожаат қилишади. Бу гапга ишонмаган бошқарувчи эса уларни Жавоҳир билан юзлаштиради. Натижада Ж.Тўраев айбини тан олади. Бинобарин, филиал раҳбари ходимга 10 кун муҳлат беради. Аммо муаммо муаммолигича қолаверади.

Шундан сўнг филиал бошқарувчисининг хабарига асосан мазкур ҳолат юзасидан “Агробанк”нинг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан текшириш ўтказилди. Текширишда Жавоҳир Тўраевнинг 2017 март ойидан 2019 йил июль ойига қадар жами 60 нафардан ортиқ мижознинг иш ҳақи, пенсия ва нафақаларидан иборат 102.060.937 сўм пулларни талон-торож қилгани аниқланади. Пировардида, Ж.Тўраевнинг яқинлари келтирилган зарарни қоплаб беришади. Аммо на банкнинг вилоят бошқармаси, на туман филиали раҳбарлари бу хусусда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришмайди. Аксинча, Жавоҳир филиалнинг кадрлар бўлимига ишга ўтказилади.

Доно халқимизда “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деган пурҳикмат нақл бор. Бу нақл худди “қаҳрамон”имиз учун айтилгандек. Акс ҳолда у кадрлар бўлимида ишлаш жараёнида ҳам аввалги қинғир ишини давом эттирмаган бўларди. Яъни Ж.Тўраев 2019 йил 5 ноябрга қадар яна 5 нафар мижознинг 31.824.127 сўм пул маблағини талон-торож қилади. Масалан, Жавоҳир 2019 йил 5 сентябрь куни фуқаро Шоҳруҳ Ниматиллоевнинг яна 16.786.200 сўм пулларини ўғирлайди. Оқибатда унинг электрон ўғрилиги “салмоғи” 150 миллион сўмдан ошиб кетади. Шундан кейингина жабрланувчиларнинг мурожаати асосида Жавоҳир Тўраевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Бинобарин, айбдор тергов жараёнида ўзи келтирган зарарларни қоплайди.

Албатта, қонун устуворлиги таъминланган мамлакатимизда ҳеч бир ғайриқонуний қилмиш ёки жиноят жавобсиз қолмайди. Шу маънода айтганда, жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди Ж.Тўраевни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а”-банди билан айбдор деб топиб, қонуний жазога маҳкум этди. Асосий жазога қўшимча равишда унинг молия-банк фаолияти билан шуғулланиши ва тизимга ишга жойлашиши чекланди.

Шу ўринда эътироф этиш лозимки, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан республикамизда барча соҳалар қатори банк тизимида ҳам кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада ҳамюртларимизнинг банкларга бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда. Лекин Ж.Тўраев сингари ўз нафсининг измидан чиқолмай, мижозлар манфаатини оёқ ости қилаётган айрим банк ходимлари ҳали-ҳануз учраб турибди. Бу тоифа ходимлар билан эса асло муроса қилиб бўлмайди. Шундай экан, банк мутасаддилари ҳар бир ходимнинг иш фаолияти ва юриш-туришини жиддий назорат қилишлари лозим. Акс ҳолда биргина ходимнинг ножўя ҳаракати бутун бошли тизимнинг мавқеига раҳна солаверади.

Фаррух АБДУРАИМОВ,
                                         жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг