Самарада темир йўл станциялари яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаяпти — ТИВ

0

Ташқи ишлар вазирлиги Оператив штаби Россиядан юртимизга қайта олмай чегараларда тўпланиб қолган аҳоли масаласида расмий ахборот берди.

Ўзбекистоннинг Қозон ва Ростов-Дон шаҳарларидаги бош консулхоналари маълумотларига асосан, 2020 йил 29 сентябрь ҳолатига кўра Самара вилоятининг “Кинел”, Ростов вилоятининг “Первомайская” ва “Лихая” темир йўл станциялари яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаяпти.

ТИВ ахборот хизматининг хабар беришича, тўпланган барча фуқаролар автобус рейслари ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг махсус поездлари орқали ватанга қайтарилган. Шу муносабат билан ушбу станциялар яқинидаги махсус вақтинчалик лагерлар айни пайтда ёпилган.

“Мамлакатимизнинг Россиядаги дипломатик ваколатоналари маълумотига кўра, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси жорий йилнинг 1 октябридан очилиши ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали Ватанимизга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар шахсий автомобиль воситаларида Ўзбекистонга қайтиш тўғрисида турли эълонлар тарқатмоқдалар.

Ҳамюртларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликларини сўраймиз. Россия ва Қозоғистон ўртасидаги автомобиль чегаралари томонлар ушбу масала бўйича махсус қарор қабул қилгунга қадар чет эл фуқаролари учун ёпиқ қолиши ҳақида маълум қиламиз.

Ҳозирда Ватанга қайтиш истагидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун авиа, темир йўл ва автобус чартер қатновлари ташкил этилмоқда. Ушбу рейсларга чипталар онлайн тарзда сотилмоқда.

Коронавирус инфекцияси тарқалаётган бир пайтда фуқалорнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат айниқса қариялар, беморлар, сурункали касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир.

Россия ҳудудида бўлган ватандошларимиздан жойларда тўпланмаслик, барча карантин талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда ўзлари ва яқинлари саломатлигини хавф остига қўйнмасликларини яна бир бор сўраймиз”, дейилади ахборотда.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг