Самарали ижро назорати: адлия органлари – ҳуқуқий-услубий кўмакчи

0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан Адлия вазирлигига мазкур йўналишда қўшимча вазифа юклатилди.

Фармонга асосан адлия органлари эндиликда давлат органлари ва ташкилотларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси юзасидан ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш фаолияти билан яқиндан шуғулланишади.

Бу жараёнда асосий урғу масъул ижрочиларга янги қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар мазмун-моҳияти, шунингдек, уларга юклатилган вазифалар, ушбу вазифаларни бажариш бўйича кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирларнинг тартибларини тушунтиришга ҳамда уларга методик жиҳатдан кўмаклашишга йўналтирилади.

Тизимли, шу жумладан, муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар инфографика, слайд, таҳлилий материаллар ёки видеодарслар билан биргаликда “пакет” тамойили асосида етказилади.

Бевосита жойларда ҳудудий адлия органлари иштирокида ҳафтанинг бир кунида, давомийлиги бир соатдан ошмаган ҳолда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар мазмун-моҳиятини масъул ижрочиларга тушунтириш бўйича, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали мулоқотлар ташкил этиб борилади.

Таъкидлаш жоизки, Фармон қабул қилинганлигига эндигина бир ярим ойдан ошган бўлишига қарамасдан, адлия органлари томонидан бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди.

Энг биринчи навбатда, Давлат раҳбарининг юқорида қайд этилган Фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини ҳар бир раҳбар ва ходим чуқур ўрганиши ташкиллаштирилди.

Жорий йилнинг март ойида бевосита жойларда адлия вазири ўринбосарлари ҳокимлар, давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари масъул раҳбар ва ходимлари учун қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини “вилоят – туман – маҳалла” тизими асосида ташкил этиш борасида ўқув-амалий семинарларда маъруза ва тақдимот материаллари билан иштирок этишди.

Шунингдек, Фармон мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди.

Ушбу ўқув-амалий тадбирларда ташкилотлар масъул раҳбар ва ходимларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этиш юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари билан ишлашда дастуруламал сифатида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, мазмун-моҳиятини тушунтириш, тўлиқ ва сифатли ижро этилишини ташкил этишга доир тавсияларни ўз ичига олган ҳуқуқий-услубий қўлланма тайёрланди ҳамда барча давлат органлари ва ташкилотларга амалиётда қўллаш ва фойдаланиш учун юборилди.

Бу борадаги ишларнинг давоми сифатида жорий йилнинг 23 март куни адлия вазирининг “Давлат органлари ва ташкилотларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ташкил этиш, ижро назоратини кучайтириш ҳамда уларнинг бу борадаги масъулиятини янада ошириш юзасидан манзилли ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва тўлиқ, сифатли ижро этилишида кўмаклашиш мақсадида адлия вазири ўринбосарлари томонидан қуйидаги тадбирлар амалга оширилмоқда:

биринчидан, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ва уларнинг ижро интизомига масъул бўлган ходимлари иштирокида вазирлик ва идораларда ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида Режа-график асосида амалий учрашувлар ва видеоконференцалоқа орқали мулоқотлар ташкил қилиш;

иккинчидан, ҳар бир ҳудуднинг иккитадан олис туман (шаҳар)ларида ҳамда маҳаллаларида жойига чиққан ҳолда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни рўйхатга олишдан бошлаб, уларнинг ижро механизмларини белгилаш ва ижрога қаратиш, ижросини таъминлаб, ахборот киритишга қадар бўлган жараёнларни изчиллик билан содда ва халқчил тилда тушунтириб бериш;

учинчидан, ижро назоратини кучайтириш ҳамда уларнинг бу борадаги масъулиятини ва шахсий жавобгарлигини янада ошириш бўйича зарур тавсиялар бериш;

тўртинчидан, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросининг “республика – вилоят – туман – маҳалла” тамойили асосида ташкил этилиши ҳамда ижро этилиши механизмларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва мониторинг қилиш;

бешинчидан, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг амалда бажарилишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ва омилларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари олдига аниқ масалаларни қўйиш ҳамда натижаси бўйича асослантирилган таклифлар киритиш.

Қайд этиш жоизки, бундай амалий учрашувларнинг дастлабкиси жорий йилнинг 25 март куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ташкил этилди.

Ишчанлик руҳида ўтган учрашувда, аввало, юқорида келтирилган Фармоннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, хусусан, Президент ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир фаолияти таҳлил қилиниб, эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар ҳақида фикр алмашилди. Мазкур вазирлик томонидан Президент ҳужжатларидаги қарийб 4,5 минг топшириқларнинг ижро этилганлик ҳолати, муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Амалий учрашув якунида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини ташкил этиш ва назоратини олиб боришни янада яхшилашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бундай учрашувлар ҳозирда бошқа вазирлик ва идоралар билан, шунингдек бевосита жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ташкил этилмоқда ҳамда уларда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар бажарилмаслигининг туб сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш асосий мавзу сифатида қаралмоқда.

Ўйлаймизки, адлия органлари томонидан давлат органлари ва бошқа масъул идоралар билан ўрнатилаётган самарали ҳамкорликнинг янги босқичи пировардида халқимиз фаровонлиги ҳамда мамлакат тараққиётини таъминлашдек эзгу ғоялар билан йўғрилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқларида кўзланган мақсадларга эришишга хизмат қилади.

 Хожиакбар Бобожонов

Адлия вазирлиги масъул ходими

Аввалги мақолаОила қонунчилигида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва хориж тажрибаси
Кейинги мақолаНазария ва амалиёт уйғунлиги – етук мутахассислар тайёрлашнинг муҳим омили