ЯнгиликларМаҳаллийСамарқандда “Қоидаларга йўл ҳам бўйсунади” шиори остида ўтказилаётган ҳуқуқий саводхонлик ойлиги старт...

Самарқандда “Қоидаларга йўл ҳам бўйсунади” шиори остида ўтказилаётган ҳуқуқий саводхонлик ойлиги старт олди

2021 йилда Ўзбекистонда 2 мингдан ортиқ киши йўл-транспорт ҳодисалари қурбони бўлган. 1 150 ҳолатда ҳайдовчилар пиёдалар ўтиш жойида одамларни уриб юборган. Афсуски, йўл-транспорт ҳодисаларини асосан ҳали 30 ёшга тўлмаганлар содир этган. Статистик маълумотларга кўра, ўтган йилда Самарқандда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари 1 129 тани ташкил қилган.

Бу рақамлар ҳар биримизни хушёрликка, йўлларда огоҳ бўлиб, белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиб, ўзимизни ҳам, ўзгалар ҳаётини ҳам хавф остига қўймаслигимиз учун туртки бўлиши керак. Бунда эса ҳуқуқий саводхонлик, айниқса, фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларидан бохабар бўлишлиги муҳим аҳамиятга эга. Зотан, содир бўлаётган бахтсиз йўл-транспорт ҳодисаларининг туб моҳияти ҳам билимсизлик, уқувсизлик ва ҳуқуқий саводхонликнинг саёзлигидандир.

Адлия вазирлиги томонидан жорий йил 15 майдан 15 июнга қадар “Қоидаларга йўл ҳам бўйсунади” шиори остида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳуқуқий саводхонлик ойлиги эълон қилинди. Мазкур ойлик доирасида Самарқандда йўл ҳаракати иштирокчилари ҳуқуқ ва мажбуриятларини тарғиб қилишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларига старт берилди.

Хусусан, ойлик доирасида вилоятда йўл ҳаракати қоидалари бўйича ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда тарғибот тадбирлари, “Ҳуқуқий ахборот минбари” рукни остида мутахассислар иштирокида суҳбатлар, совринли ҳуқуқий викториналар, “Streеt law” лойиҳаси доирасида мактаб ўқувчиларида амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида кўргазмали учрашувлар, йўловчиларга йўл ҳаракатларини содда тушунтириш мақсадида сайёр қабуллар учун “Huquqiy taxi” хизмати, шунингдек, соҳага доир бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда.

Тадбирларда йўл ҳаракати иштирокчилари ҳисобланган барча аҳоли қатламини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимлари, кўнгилли ёшлар томонидан маҳаллалар, таълим масканлари, аҳоли гавжум бўлган бошқа жойларда йўл ҳаракати қоидалари тарғиб қилиниб, турли сўровномалар ўтказилиши кўзда тутилган.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img