Сайлов кодексида нималар ўзгарди?

0

Ҳаёт янги мақсадлардан, янгиланишлардан, ўзгаришлардан, ривожланишлардан иборат. Сиёсий ва ижтимоий қарашлар  ҳар қандай мамлакат қарор ва қонунларининг янгиланиши ва такомиллашувини тақозо этади.

Маълумки, 2021 йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа– Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Шу сабабли Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги   Қонун қабул қилинди.  Мазкур Қонун билан нафақат бир қатор қонунларга, балки Бош қомусимиз ҳисобланган Конституциямизга  ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Унга мувофиқ, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови,   Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят, туман, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов   уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи эмас,  балки октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Шунингдек, энг  муҳими —Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришлардир. Хусусан, Кодекс  янги  — яъни чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритишга бағишланган 271-модда   билан тўлдирилиб, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Бундан ташқари, чет давлатларда турган фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади. Шунингдек, сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкинлигининг белгиланиши албатта сайловчиларнинг, хусусан имконияти чекланган фуқароларнинг ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун қулай бўлиши ва уларнинг бевосита манфаатларига хизмат қилиши табиий.

Давлатимизнинг жаҳон ҳамжамияти билан дўстона, яқин муносабатларга киришиши ва ҳалқаро нуфузи ошиб бораётганлиги, қонунларимизнинг халқаро умумэътироф этилган нормаларга мувофиқлаштирилиб борилаётганлигининг тасдиғи сифатида, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида ҳам бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартишлар жумладан, сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланиши; сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланиши; сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилиши ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти учун ажратилган маблағлардан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида улар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартиби жорий этилишида кўришимиз мумкин.

Бундан ташқари, миллий экспертлар тавсиялари асосида ишлаб чиқилган таклифлар асосида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиб, уларнинг ваколатлари туман, шаҳар сайлов комиссиялари зиммасига юклатилди.

Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг; Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг, сайлов комиссиялари аъзоларининг, диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланиши белгилаб қўйилди.

Киритилган ўзгартишлар сайлов қонунчилигини такомиллаштириш билан бирга, жамиятимизда демократия кўзгуси саналган сайловларнинг халқаро андозаларга мос равишда ўтказилишига хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ.

Абдураҳимхўжа БАФАЕВ,

Бухоро шаҳар адлия бўлими бошлиғи