ТаҳлилСайлов тўғрисидаги халқаро стандартлар ва Ўзбекистон қонунчилиги

Сайлов тўғрисидаги халқаро стандартлар ва Ўзбекистон қонунчилиги

Ўзбекистоннинг замонавий сайлов ҳуқуқи халқ ҳокимиятчилигининг муҳим конституциявий институти сифатида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига тўла мувофиқ келади. Демократик давлатларда сайловлар давлат ҳокимияти органларини шакллантиришнинг ёки давлатни бошқаришнинг асосий механизми сифатида намоён бўлади.

Сайловларнинг ўтказилиши, уларнинг қонуний ва адолатли бўлиши, шунингдек, барча учун сайлаш ва сайланиш ҳуқуқининг кафолатганлиги демократик давлатнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади ҳамда халқ ҳокимиятчилигини ифодалайди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги белгиланган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда демократик сайлов тизимини янада такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Бугунги кунда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида ўз аксини топган. Бош қомусимизнинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этишга доир конституциявий ҳуқуқи мустаҳкамланган.

Маълумки, демократик, эркин, адолатли сайловларни ўтказиш мезонлари ва стандартлари БМТ, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳужжатларида акс эттирилган. Сайлов ҳуқуқи БМТнинг бир қатор универсал халқаро ҳужжатларида ўз ифодасини топган.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида шундай дейилади: “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга. Халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши лозим; бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозим”.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 25-моддасидан қуйидагича норма ўрин олган: “Ҳар бир фуқаро 2-моддада эслатиб ўтилган ҳеч бир камситишларсиз ва асосланмаган чеклашларсиз қуйидаги ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эга бўлиши керак: a) ҳам бевосита, ҳам эркин сайланган вакиллар орқали давлат ишларини бошқаришда қатнашиш; b) ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш орқали ўтказиладиган ва сайловларнинг эркин ҳолдаги хоҳиш-иродасини таъминловчи чинакам даврий сайловда овоз бериш ва сайланиш”.

Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида халқаро конвенциянинг 5-моддасида сиёсий ҳуқуқлар, шу жумладан, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида сайловда қатнашиш — овоз бериш ва ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқи, мамлакат бошқарувида қатнашиш ҳуқуқи, ҳар қандай даражадаги давлат ишларига раҳбарликда бўлганидек, худди шунингдек, давлат хизматига теппа-тенг кириш ҳуқуқига нисбатан барчанинг қонун олдида тенг ҳуқуқлигини таъминлаш назарда тутилган.

Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенциянинг 7-моддасида шундай дейилган: “Иштирокчи давлатлар мамлакатнинг сиёсий ва жамоат ҳаётида хотин-қизлар камситилишига барҳам бериш юзасидан барча тегишли чораларни кўрадилар, жумладан, аёлларга эркаклар билан тенг шарт-шароитлар асосида қуйидаги ҳуқуқларни таъминлайдилар: а) барча сайловлар ва оммавий референдумларда овоз бериш ва оммавий сайланадиган органларга сайланиш”.

Юридик жиҳатдан мажбурий кучга эга шартномалардан ташқари, халқаро ташкилотлар сайлов масалалари бўйича тавсиявий характерга эга қоидаларни ҳам ишлаб чиққанлар, улар одатда “юмшоқ халқаро ҳуқуқ” деб номланади. Гарчи, ушбу ҳужжатлар юридик кучга эга бўлмаса-да, улар ташкилотлар аъзолари орасида маълум нормаларни қўллаб-қувватлашнинг юқори даражасини кўрсатади.

Масалан, дунё мамлакатлари парламентларини бирлаштирувчи Парламентлараро иттифоқ 1994 йилда Адолатли ва ҳалол сайлов мезонлари тўғрисидаги декларацияни қабул қилди. Европа Кенгаши шафелигида ташкил этилган Ҳуқуқ орқали демократия бўйича Европа комиссияси (Венеция комиссияси) сайловга оид бир қатор раҳбарий кўрсатма ва ҳужжатларни, жумладан, 2002 йилда Сайловларни ўтказиш учун тавсиявий нормалар тўпламини ишлаб чиқди.

ЕХҲТнинг демократик сайловлар ўтказиш бўйича асосий стандартлари ЕХҲКнинг Инсон мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген йиғилиши ҳужжатида мустаҳкамланган.

Иштирокчи давлатлар инсон шахсига хос бўлган қадр-қимматни тўлиқ ифодалаш учун мутлақо зарур бўлган ва барча инсонлардан тенг ва ажралмас бўлган адолат элементлари қаторига сайловчиларнинг ўз вакилларини танлашда эркин фикр билдиришларини таъминлайдиган шароитларда яширин овоз бериш ёки эркин овоз беришнинг тенг тартиб-таомиллари орқали оқилона вақт оралиғида ўтказиладиган эркин сайловлар кириши белгилаган.

Иштирокчи давлатлар даврий ва ҳаққоний сайловлар жараёнида эркин ва ҳалол ифода этилган халқ иродаси ҳар қандай ҳукуматнинг куч ва қонунийлиги асосидир, деб таъкидлайдилар. Иштирокчи-давлатлар ўз фуқароларининг мамлакатни бошқаришда бевосита ёки адолатли сайлов жараёнида эркин сайланган вакиллар орқали иштирок этиш ҳуқуқини ҳурмат қиладилар.

Халқнинг хоҳиш-иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиб хизмат қилиши учун иштирокчи давлатлар:

қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда эркин сайловлар ўтказиш;

миллий қонун чиқарувчи органнинг ҳеч бўлмаганда битта палатасидаги барча мандатларга умумий сайловларда номзодлар ўртасида эркин рақобат бўлишига йўл қўйиш;

вояга этган фуқароларга умумий ва тенг сайлов ҳуқуқини кафолатлаш;

овоз бериш яширин тарзда ўтказилишини ёки унга тенг келадиган эркин овоз бериш тартиби қўлланишини, овозларни санаш ва ҳисобот беришнинг адолатли бўлишини ва расмий натижалар эълон қилинишини таъминлаш;

фуқароларнинг шахсий ёки сиёсий партиялар ёки ташкилотларнинг вакиллари сифатида сиёсий ёки давлат лавозимларини эгаллаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва бошқа бир қатор мажбуриятларни оладилар.

Юқоридаги ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда, ЕХҲТнинг сайлов принциплари қуйидагилардан иборат этиб белгиланган: умумийлик, тенглик, эркинлик, ҳалоллик, яширинлик, очиқлик ва ҳисобдорлик. Шунингдек, БМТнинг фундаментал инсон ҳуқуқ ва эркинликлари асосида сайлов ҳуқуқининг қуйидаги тамойиллари шакллантирилган: умумий, тенг, тўғридан-тўғри, яширин овоз бериш йўли билан сайлаш. Ўзбекистон сайлов қонунчилиги мазкур тамойилларнинг барчасини ўз ичига олган.

Ўзбекистон Республикасида барча фуқароларга сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи кафолатланган. Фақатгина, қонунда белгиланган айрим тоифадаги фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари чекланган.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи сиёсий ҳуқуқлар сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32 ва 117-моддаларида мустаҳкамланган. Ушбу конституциявий ҳуқуқларнинг чекланиши ҳам, албатта, Бош қомусимизда ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасидан қуйидагича норма ўрин олган: “Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди”.

Ушбу норма фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларининг аниқ чегарасини белгилайди. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини чеклашнинг бошқа ҳар қандай шаклларини истисно этади.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда сайлов қонунчилигини демократлаштириш, уни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини чеклашни либераллаштириш соҳасини ҳам четлаб ўтмади.

Хусусан, 2019 йилгача Конституцияга биноан, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланишлари мумкин эмас ва сайловда қатнашолмас эди. Бу борада “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳим аҳамят касб этди. Мазкур Қонунга биноан фақатгина оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларгина сайловда иштирок этолмаслиги белгиланди.

Шу билан бирга, Сайлов кодексига биноан, бир қатор шахсларнинг пассив сайлов ҳуқуқлари ҳам чекланган. Жумладан, қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.

Рустам Атовуллоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бош юрисконсульти

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img