Суд очеркиСаёқлик касри қимматга тушди

Саёқлик касри қимматга тушди

Тойлоқ туманининг Ястепа қишлоғида яшовчи Баҳодир Муродқулов ва Санобар Турсунова (исм-шарифлар ўзгартирилган) бундан 20 йил муқаддам турмуш қуришди-ю, аммо кўп ўтмай ўзаро келишмовчилик туфайли ажрашиб кетишди. Оқибатда уларнинг 2004 йилда туғилган фарзанди Мафтуна Муродқулова етим бўлиб қолди…

Ўшанда ажрашишгач, Санобар бошқа кишига турмушга чиқиб кетди.

Мафтуна эса, тоғаси Баҳромжоннинг қўлида қолди. Бироқ Б. Муродқулов кўнгли ўксик дея жиянини эркалатиб юбордими ёки унинг тарбиясига эътиборсизлик қилдими, ҳар ҳолда М. Муродқулова тез орада тўғри йўлдан адашди.

Гап шундаки, ўтган йил ноябрь ойи охирларида Мафтуна тоғасининг уйидан қочиб чиқиб, Тошкент шаҳрига келади. Бундан унинг тайин мақсади йўқ эди. Шу боис у пойтахтимизнинг турли ҳудудларида бемақсад дайдиб юради. 2021 йил 9 декабрь куни жиноий қилмишга қўл уради. Ўша куни у Шайхонтоҳур тумани, «Белтепа» маҳалласидаги кўп қаватли 4-уйга келади. Йўлакка кириб, юқорига кўтарилаётганда Дилором Убайдуллаеванинг хонадони эшиги очиқ турганига кўзи тушади. Натижада уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, нархи 150 000 сўмлик аёллар сумкаси, унинг ичидаги бир дона банк пластик картаси, нархи 2 000 000 сўмлик «Samsung J7» уяли алоқа воситаси ва 3 400 000 сўм миқдоридаги пулни ўғирлайди. Кейин эса, уяли алоқа воситасини номаълум шахсга 300 000 сўмга сотиб, пулини шахсий эҳтиёжларига сарфлайди.

Шундан сўнг М. Муродқулова Сурхондарё вилоятига йўл олади ва яна ўғирликка қўл уради. Аниқроқ айтганда, вилоят марказидаги гўзаллик салонига кириб, мижозлардан бирининг уяли телефонини ўғирлайди.

Натижада жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2022 йил 25 январдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 1-қисми билан айбдор деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима жазосига тортилади. Бироқ у бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмайди. Аксинча, шу йилнинг март ойи бошида яна Тошкентга келиб, учинчи маротаба ўғирлик кўчасига қадам қўяди.

Аниқланишича, 2022 йил 6 март куни у Миробод тумани Абдулла Авлоний номли маҳалладаги кўп қаватли 3-уйнинг 17-хонадони эшиги очиқ қолганидан фойдаланиб, Саодат Маматовага тегишли 200 000 сўмлик аёллар сумкаси, унинг ичидаги 2 000 АҚШ доллари, 2 000 000 сўм нақд пул, нархи 5 000 000 сўмлик «Iphone 6» русумли уяли телефон аппарати, С. Маматованинг фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, «Капиталбанк» Тошкент шаҳар филиали томонидан берилган гувоҳнома, 5 дона банк пластик карталарини ўғирлаб кетади. Кейин у фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва банк томонидан берилган гувоҳномани каналга ташлаб юбориб, ҳужжатларни қасддан нобуд қилади.

Бу ҳаракатлари билан М. Муродқулова жабрланувчига 28 994 540 сўм миқдорда моддий зарар етказади.

Буни қарангки, айни ўғирликдан сўнг Мафтуна Самарқанд ва Фарғонага бориб, айланиб юради. «Саёҳат»ни якунлаб, Тошкентга қайтиб келганда эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинади. Албатта, тергов жараёнида унинг муқаддам — 2021 йил 9 декабрь куни содир этган дастлабки ўғирлиги ҳам фош қилинди.

Пировардида ҳар икки ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди М. Муродқуловани Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми ва 3-қисми «а» банди ҳамда 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жазо тайинлашда унга муқаддам жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2022 йил 25 январдаги ҳукмига биноан тайинланган жарима жазоси ҳам инобатга олинди. Шунингдек, суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни ундириш ҳам белгиланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, тарбия инсон тақдиридаги энг муҳим омилдир. Лекин буни ҳамма ота-оналар ҳам бирдек ҳис қилавермайди. Оқибатда Мафтуна Муродқулова сингари бебош, ноқобил фарзандлар вояга етади. Шундай экан, Бош қомусимизнинг 64-моддасида белгиланган конституциявий бурч — ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлигини ҳеч бир ота-она унутмаслиги керак.

Сурайёхон ХОЖАМҚУЛОВА,

жиноят ишлари бўйича

Миробод тумани суди судьяси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img