Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “16 сентябрь — Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни” ва Вена конвенциясининг 35 йиллиги муносабати билан “Озон — ҳаёт учун: озон қатламини глобал ҳимоя қилишнинг 35 йили” шиори остида муносиб нишонлаш ташаббусини эълон қилган эди. Мазкур сана муносабати билан юртимизда ҳам бир қатор тадбирлар, давра суҳбатлари, танловлар ўтказилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль протоколининг самарали амалга оширилиши натижасида совуткичлар, кондиционерлар ва истеъмол буюмлари таркибида мавжуд бўлган озон қатламига салбий таъсир қилувчи кимёвий моддалардан босқичма-босқич дунё бўйича 99 фоизидан, Ўзбекистонда эса 99,5 фоизидан воз кечилди.

Ҳозирда, Ўзбекистонда озон қатламини бузувчи моддаларнинг импортига квоталар белгиланган. Бундан мақсад 2030 йилга келиб, озон қатламини бузувчи моддаларнинг импортига мутлақо тақиқ қўйиш, шу орқали озон қатламини муҳофаза қилиш йўлидаги глобал ҳаракатларга ҳисса қўшишдан иборатдир.

Эътиборлиси шундаки, барча қабул қилинган халқаро ҳужжатлар ичида Озон қатламини муҳофаза қилиш бўйича Вена Конвенциясининг дунёдаги ўрни ўзгача, яъни мазкур Конвенция, Озонни бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи ва унга киритилган бешта тузатишлардан тўртасининг БМТга аъзо бўлган барча давлатлар томонидан ратификация қилинган ва қўйилган талаблар асосида ишлар самарали ташкил қилинмоқда.

Давлат экология қўмитаси, БМТ Тараққиёт Дастури ва Глобал Экологик Жамғармасининг қўшма лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Ихтирочи аёллар маркази ҳамкорлигида “16 сентябрь — Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни” муносабати билан “ОЗОН — ҲАЁТ УЧУН!” мавзусидаги “Энг яхши видеоролик”, “Энг яхши мақола” ва “Энг яхши шеър” номинациялари бўйича ижодий ишларнинг онлайн танлови эълон қилиндган эди. Бугун Давлат экология қўмитасида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Эътиборлиси, сайтимизнинг доимий муаллифи Рустам Жабборовнинг яқинда эълон қилинган “Озон қатлами тикланадими?” сарлавҳали мақоласи мазкур танловда “энг яхши мақола” йўналишида 1-ўринга лойиқ топилди.

Шунингдек, тадбир давомида, озон қатлами ҳақида анимацион видеороликлар намойиш этилди.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг