Сенат раҳбари газ ва электрдаги муаммолар ўрганилиб, навбатдаги йиғилишда халққа ахборот берилишини ваъда қилди

0

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида Танзила Норбоева газ ва электрдаги муаммолар тезда ўрганиб чиқилиши ва навбатдаги йиғилишда халққа, албатта, ахборот берилишини таъкидлади.

— Сенат ялпи мажлиси онлайн тарзда бўлаётгани учун минглаб интернет фойдаланувчилари газ ва электр муаммосини қачон ҳал қиласизлар, деган савол билан бизга мурожаат қилишяпти.

Сизлар ўзи газ-чироқ йўқлигини эшитасизларми? Журналист, блогерларни, аҳолининг гапларини кузатасизларми ўзи, деган саволларни беришмоқда.

Албатта кузатамиз. Мана, шу ерда ўтириб ҳам, юзлаб-минглаб изоҳларни ўқиб ўтирибмиз.

Ҳурматли ҳамюртлар, мен сизларга оммавий ахборот воситалари орқали ваъда бераман — бу муаммо албатта ўрганилади. Бизда бюджет масалалари ва тадбиркорликни ривожлантириш билан шуғулланадиган қўмитамиз бор, газ-свет бўйича шуғулланадиган алоҳида қўмита йўқ. Ана шу қўмитадан илтимос қиламиз — мана, ҳозир минглаб аҳолининг мурожаатини эътиборга олиб, энергия таъминоти масаласини махсус ўрганиб чиқишингизни сўраймиз.

Нима учун жойларга газ-электр етиб бормаяпти? Тегишли мутасаддилардан ушбу саволга жавоб олишимиз керак. Чунки ҳозир маблағдан муаммо йўқ. Нега унда ҳудудларга етиб бормаяпти ва халқимизнинг эътирозларига сабаб бўляпти? Бу масалани тез кунларда ўрганиб чиқамиз ва албатта навбатдаги йиғилишимизда халққа ахборот берилади, Сенат раҳбари.