Сергелида 40 ёшли эркакнинг “самосуд” қилингани юзасидан маълумот берилди

0
Кадр: Telegram

Ижтимоий тармоқларда 17 январдан 18 январга ўтар кечаси тахминан соат 23.55 ларда 40 ёшли фуқаро калтакланаётгани акс этган видео тарқалди. Шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Хабар қилинишича, воқеа Сергели тумани 6-мавзеда содир бўлган. Ушбу жанжал иштирокчиларининг шахсига аниқлик киритилган. 18 январь куни тахминан соат 23:50 атрофида 26 ёшли А.К. ўзининг бошқарувидаги “Cоbalt”да танишлари 32 ёшли З.Х. ва 40 ёшли Б.Х. билан Сергели тумани 6-мавзедаги автотураргоҳга келган.

Шу пайт 2 нафар фуқаро — 30 ёшли муқаддам судланган А.А. ва 30 ёшли Х.Х. маст ҳолатда автомобилнинг йўлини тўсган. Фуқаролар ўртасида бошланган жанжал оқибатида А.А. ва Х.Х. автомобилнинг ойналарини синдириб, автомобилга шикаст етказган. Шундан сўнг А.А. ва Х.Х. фуқаролар З.Х. ва Б.Х.ларни уриб, уларга тан жароҳати етказишган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар А.А. ва Х.Х.лар ушланган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.