@keshnews телеграм каналида эълон қилинган “Шаҳрисабз шаҳар юқумли шифохонасида аҳвол қандай?” сарлавҳали танқидий хабар эълон қилинди. Шундан сўнг Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.

Хабарда Шаҳрисабз шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус билан оғриган беморларга дори-дармон берилмаётганлиги қайд этилиб, мазкур шифохонанинг мутахассислар билан таъминланганлиги қай даражада эканлиги ҳақида маълумот сўралган.

Аввало шуни қайд этиш зарурки, Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган юқумли касалликлар шифохонаси шаҳар эмас, туман юқумли касалликлар шифохонаси деб юритилади. Бу ерда  пандемия даврида “COVID-19” аломатлари бўлган беморларни даволаш учун Шаҳрисабз туман тиббиёт бирлашмасининг 2020 йил 11 июлдаги буйруғига асосан махсус шифохона ташкил этилди.

Шифохонага 6 августга қадар жами 133 бемор қабул қилинган. Айни пайтда 71 нафар бемор мавжуд,  Беморларнинг 57 нафари даволаниб, соғайиб чиққан. 3 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ўтказилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли тавсиявий қўлланмасига асосан  мазкур муассасада 11 июлдан 25 июлгача беморларни даволаш учун 6 кишидан иборат гуруҳ (икки нафар врач, икки нафар ҳамшира, бир нафар орастабон, бир нафар ошпаз) хизмат қилди. 25 июлдан  8 августгача   12 кишидан иборат гуруҳ (шундан уч нафари врач, тўрт нафари ҳамшира, бир нафари лаборант, бир нафари хўжалик бекаси, икки нафари орастабон, бир нафари ошпаз)  хизмат қилмоқда.

Молиялаштиришда кечикиш бўлганлиги сабабли шифохонада дори-дармон таъминотида узилишлар юзага келган. Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази билан тузилган тегишли шартномага асосан 2020 йил 5 август куни тегишли маблағлар ажратилиб, Шаҳрисабз туман юқумли касалликлар шифохонаси дори-дармон билан тўлиқ таъминланган.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг